26 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,1 °C

Хавфсизлик
25 Янв  2020 1673

Хитой ҳудудида бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига

Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси тақдим этган маълумотга кўра 2020 йил 25 январь ҳолатига кўра коронавирусли пневмониядан вафот этганлар сони 41 нафарга, касалланганлар эса 1287 нафарга етди, яна 1965 киши касалланган деган гумон билан шифокорлар назоратида. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Ушбу вируснинг янада тарқалишини олдини олиш мақсадида Хубей провинциясининг Ухан шаҳри ва бошқа 12 та шаҳарлари карантин учун ёпилди. Маҳаллий ҳокимият гавжум жойларда вирус юқиши хавфининг юқорилигини инобатга олиб санитария тадбирлари давомида ташқарига чиқмасликни маслаҳат бермоқда.

Карантин эълон қилиниши муносабати билан тегишли ҳокимият органлари Хитойда аккредитация қилинган хорижий мамлакатларнинг барча дипломатик ваколатхоналарига чет эл фуқароларини карантин эълон қилинган шаҳарлардан эвакуация қилиш бўйича рад жавобини бермоқда. Карантин киритилганидан сўнг бошқа давлатнинг элчихоналари ўз фуқароларини эвакуация қилгани тўғрисидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари вазиятни назоратга олган ҳамда барча масалаларни, жумладан зарурат туғилганда Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш масаларини ҳал қилиш учун тегишли ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Элчихона ва Бош консулхона вакиллари Ўзбекистон фуқаролари билан доимий мулоқот ўрнатган, жумладан «WеChat» ижтимоий тармоғида «Ухан 2020 Ўзбекистон» ва «Uzbeks in Wuhan» гуруҳлари ишлаб турибди.

Айни пайтда мазкур вазиятни мониторинг қилиш ва вируснинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осийишталик агентлиги қошида штаб ташкил этилди. Хавфли ҳудудлардан келадиган барча фуқаролар кузатувга олинади.

Юқоридагиларни инобатга олиб ТИВ Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига +86 135-1102-4242 телефон рақами орқали  Бобур Яхяевга ва  +86 139 1175-4476 телефон рақами орқали Шухрат Умировга, ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131-2255-5772 телефон рақами орқали  Азиз Улуғбековга мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech