17 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,4 °C

Вазир Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси вице-президенти этиб сайланди

Женевада жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг (ЖССА) 72-сессияси ўз ишини бошлади.

Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, унинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақасидаги вице-президенти этиб, мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сайланди.

Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аҳоли саломатлигини асраш ва янада яхшилаш, соғлом авлодни тарбиялаш учун шарт-шароитларни шакллантириш ва профилактик тиббиётни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилаётгани далолатидир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси - ЖССТнинг олий органи бўлиб, унда барча аъзо-давлатлар делегациялари иштирок этади. Унинг асосий вазифалари ЖССТ фаолиятининг йўналишларини аниқлаш, ташкилот бош директорини танлаш, бюджетни тасдиқлаш ва назорат қилишдир. Ассамблея раиси ва унинг беш нафар ўринбосарлари ЖССТнинг ҳар бир минтақасидан бирига сайланади ва навбат билан ЖССА ялпи сессияларига раислик қилади.

ЖССАнинг ҳозирги сессиясида 190 дан ортиқ мамлакат, жумладан, 150 га яқин соғлиқни сақлаш вазирлари, шунингдек, етакчи халқаро ташкилотлар, йирик корпорациялар, халқаро фондлар ва илмий доиралар вакилларидан иборат 3 мингга яқин делегат иштирок этмоқда.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқлари ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг ЖССА очилишидаги нутқида ҳам ўз ифодасини топди. Хусусан, у Ўзбекистон ўз ҳудудида безгакни бутунлай йўқ қилишга муваффақ бўлган кам сонли давлатлар қаторида эканини таъкидлади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг ялпи сессиясидаги нутқи, шунингдек, ЖССТ раҳбарияти ва хорижий давлатлар делегациялари раҳбарлари билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг устувор масалаларини муҳокама қилиш учун икки томонлама учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси мажлиси 28 майга қадар давом этади, дея хабар беради ТИВ матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech