28 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,2 °C

Мамлакатимизда
13 Фев  2020 836

Ватандошларимиз қабрига Ватан тупроғи қўилди

«101 ватандош изидан» лойиҳаси ишчи гуруҳининг Ўзбекистон — Германия — Нидерландия — Польша — Беларусь — Россия —Ўзбекистон йўналиши бўйича экспедиция давом этмоқда.

 

Экспедиция аъзолари Германиянинг Берлин, Штукенброк, Нидерланидиянинг Амстердам, Амерсфорт шаҳарларида бўлишиб, Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган ўзбек ўғлонлари шахсини аниқлаш бўйича иш олиб боряпти.

Ўзбекистоннинг Германиядаги Элчихонаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида фашистларнинг «Stalag 326 VI K Senne» ҳарбий лагерига тегишли Биродарлик қабристонида ўзбек жангчилари дафн этилган жойи аниқланган эди. Экспедиция доирасида  қабрлари аниқланган 3 нафар ватандошимиз қабрига Ўзбекистондан олиб келинган тупроқни қўйишга эришилди.

Шунингдек Элчихона вакиллари экспедицияси аъзоларига Германиядаги «Stalag 326 VI K Senne» ҳарбий лагерида тутқинликда сақланган 360 нафар ўзбекистонликлар рўйхати ҳамда 35 нафар ўзбек аскарининг айнан Штукенброк қабристонида дафн этилганини тасдиқловчи  архив ҳужжатларини топширди.

Қуйида экспедиция аъзолари томонидан аниқланган 3 нафар ватандошимиз қабрлари ҳақида маълумот баён қилинган:

  1. (Saodarov Nurali) Сафаров Нурали Сафарович, 1912 йилда Бухоро вилоятида туғилган. 1943 йил 5 март куни вафот этган. Отаси — Бекмаров Сафар, онаси — Сафарова Қундус.  (Оммавий дафн этилган қабр тошининг 48-тоши)
  2. (Avizub Bagron) Авезов Баҳрон, 1921 йилда туғилган. 1944 йил 8 март куни вафот этган. Турмуш ўртоғи — Хурсанова Норжон. (Биродарлик қабристони учун ўрнатилган 36 та қабр тошнинг 29-тоши)
  3. (Ruzmet Atrachman) Рузметов Абдураҳмон, 1918 йил 3 мартда Тошкент вилоятида туғилган. Онасининг исми (Згоида) эҳтимол Саида бўлиши мумкин. 1944 йил 9 июлида вафот этган. (Биродарлик қабристони учун ўрнатилган 36 та қабр тошининг 32-тоши)

2020 йилнинг 11 февраль куни экспедиция аъзолари Амерсфорт шаҳри яқинида дафн этилган 101 номаълум аскар қабрларини зиёрат қилдилар. У шахси аниқланган уруш қурбони — навоийлик аскар Саидқул Қаҳҳоров қабрига унинг Нурота туманидаги ҳовлисидан келтирилган тупроқ қўйилди. Ишчи гуруҳ томонидан, шунингдек, ташриф якунида Тошкент шаҳрида жойлашган Хотира боғига қўйиш мақсадида ўзбеклар дафн этилган ушбу қабристон тупроғи ҳам олинди.

Шунингдек, катта ҳажмдаги ўрганишлар олиб борган нидерландиялик журналист Ремко Рейдинг билан учрашув ўтказилди. Мазкур тадбирларни ташкиллаштиришда Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги элчихонаси вакиллари яқиндан кўмаклашдилар. Экспедиция давом этмоқда, дея хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати. 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech