21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21 °C

Ҳукумат
18 Дек  2018 2343

Ўзбекистонга жадал ислоҳотлар суръатига мос илғор кадрлар керак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни мамлакатимизда замонавий кадрларга эҳтиёжни таъминлаш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Кейинги йилларда таълим тизимини такомиллаштириш, замонавий кадрлар тайёрлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Президент қарори билан 2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди. Жорий йилда мамлакатимизда 13 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилди. Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишлари бошланди.

Албатта, бундай эътибор яқин келажакда ўз самарасини беради. Лекин барча соҳаларда жадал ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда мамлакатимизга шу суръатга мос илғор кадрлар бугун ҳам керак.

Ҳозирги тизимли ўзгаришлар жараёнида аксарият мутахассисларнинг бунга тайёр эмаслиги, уларнинг билими, малакаси ва кўникмаси замон талабига жавоб бермаслиги аён бўлиб қолди.

Масалан, хорижда магистратура ва докторантурада ўқитиш, малака ошириш ва стажировка ташкил қилиш бўйича дастлабки эҳтиёж 3,5 мингдан ортади. Юртимизда халқаро илмий ва амалий тажрибага эга 600 нафардан зиёд ватандошимизга эҳтиёж мавжуд. 1000 га яқин хорижий олим ва экспертларни жалб этишга талаб бор.

Яъни, бугун кечиктириб бўлмайдиган, оддий илмий ва илмий-педагогик кадрларга эҳтиёж 5 мингдан зиёдни ташкил этади. Агар ишлаб чиқаришдаги талаб ҳам инобатга олинса, бу рақам камида 50-100 баробар ошади.

– Бу ҳали бугунги эҳтиёж. Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан бизга қайси соҳа учун қандай мутахассис керак бўлади? Шуни ҳозирдан чуқур ўйлашимиз, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрлар тарбиялашимиз керак. Келажагимиз, эртанги кунимиз бу масалани бугун қандай ҳал қилишимизга боғлиқ, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилган эди.

Жамғарма зиммасига ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни магистратура ва докторантура дастурлари бўйича ўқитиш, турли соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил этиш, хориждаги ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни мамлакатимизда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга жалб қилиш, чет элдаги университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликда юқори малакали кадрлар тайёрлашга қўмак бериш вазифалари юклатилган.

Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун 2019 йилда давлат бюджетидан 45 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, бу маблағ янада ошириладиган бўлди.

Йиғилишда шу йўналишдаги ишларни тўғри ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Вазирлар Маҳкамасига “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан биргаликда барча вазирлик ва идоралар кесимида хорижда кадрлар тайёрлаш, стажировкасини ташкил қилиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармасига кадрларни хорижга юбориш бўйича устувор йўналишларни аниқлаш ва танлов эълон қилиш бўйича топшириқ берилди.

Жамғарма Ташқи ишлар вазирлиги, Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда хорижда катта тажрибага эга бўлган ватандошларимиз тўғрисидаги маълумотларни шакллантириб бориши, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мамлакатлар ва мутахассисликлар кесимида ватандошлар тўғрисида маълумотлар реестрини тезроқ ишга тушириши зарурлиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга жалб этилаётган ҳар қандай хорижий инвестициянинг маълум бир қисмини малакали мутахассислар тайёрлашга йўналтириш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш, уларнинг касб малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида вазирлик, идора ва ташкилотларда раҳбар кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида танлов ўтказиш белгиланган эди.

Танловнинг дастлабки босқичидан сўнг 8 минг 334 талабгордан 3 минг 825 нафари кейинги босқичларга тавсия этилди. Якунда 50 нафар юқори малакали кадр танлаб олинади.

Давлатимиз раҳбари танловнинг финал босқичи иштирокчилари малакасини қисқа муддатли курсларда ошириш зарурлигини таъкидлади. Танлов ғолибларининг стажировкаси қайси ривожланган мамлакатда, қайси ташкилот ва қандай мезонлар асосида ўтказилишини аниқ белгилаш бўйича топшириқлар берди.

Йиғилишда қайд этилган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech