20 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,4 °C

Маданият
30 Мая  2019 612

Миллий киносаноатимизнинг Канндаги ютуқлари

Қаторасига мана, икки йил давомида Каннда Ўзбекистон павильони расман ташкил этилган ва 1959 йилдан буён халқаро кинофестивалга параллель равишда ўтказиладиган «Marchе du Film» кинобозорида жойлашган. Хўш, сафар якунлари бўйича мутахассисларимиз ушбу саноат мутахассислари билан алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, келажакдаги истиқболлар қандай бўлиши каби асосий мақсадларга эриша олдими?

Санъат, урф-одатлар, ҳаётни қабул қилишнинг ўзи - бу халқнинг ўзига хослигини, бошқалардан ажралиб туришини кўрсатади. Миллий маданият дунёси шунчалик кенгки, у мамлакатга сайёҳлар ва бизнес-шерикларни жалб қилиши, бутун дунёнинг ўзи ҳақида сўзлашига мажбур этиши мумкин. Ўзбекистон ҳам ана шундай ажойиб меросга бой давлатлардан бири ҳисобланади. Бу ёғига энди ўзини намоён қилиши лозим. Юртимиз табиатининг хилма-хиллиги ва минтақанинг ўзига хослигини намойиш қилишда кино буни қандай амалга ошириш лозимлиги борасидаги саволга аниқ-таниқ жавоблардан бирига айланади.

Шу мақсадда Президентимизнинг 2018 йил 24 июлдаги «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида «...ҳар йили энг яхши маҳаллий кино маҳсулотларини Канн, Берлин, Венеция, Роттердам, Пусан, Москва ва бошқа машҳур халқаро кинофестивалларда намойиш этиш таъминлансин» топшириғи берилди. Негаки, уларнинг ҳар бири атрофида таниқли санъат намояндаларини тўплайди ва бу майдонларда юз бераётган воқеалар деярли барча давлатларнинг оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади. Унда қатнашиш - салоҳиятимизни энг юқори минбарлардан туриб намойиш этиш демакдир.

Блокбастерлар учун колорит ва жой

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Кинематографияни ривожлантириш маркази, Миллий кинокомиссия ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган делегациямизга бошиданоқ кенг кўламли вазифалар юклатилди. Шундай қилиб, аввало, фильмни суратга олиш учун қулай маҳаллий жойларни топиш лозим бўлади. Кенг колоритли манзараларга эга мамлакатимизга машҳур кино ижодкорларини таклиф қилиш, фильмларни биргаликда ишлаб чиқариш учун хорижий компанияларни жалб қилиш ғоясини амалга оширса бўладигандай кўринди. Ушбу ташаббус қўллаб-қувватланди ҳам.

– Кинобозор географияси йилдан-йилга кенгаймоқда ва унда Ўзбекистоннинг қаторасига иккинчи йили иштирок этаётгани қувонарли, – дейди тадбирни шахсан ўзи очган ва кейин республикамиз павильонини бориб кўрган «Marchе du Film»нинг бош ташкилотчиси Арнауд Мениндес. – Тасвирга олиш учун қулай диққатга сазавор жойлар бошқаларни юртингизга жалб қилади. Умид қиламизки, яқин келажакда мамлакатингизда суратга олинган фильмларни ҳам томоша қиламиз. Ёрқин ранглар, Шарқнинг ўзига хос сирлилиги, жонли, ҳар қандай сунъийликдан ҳоли гўзаллиги - бу ҳозирда жуда қадрланмоқда ва унга фавқулодда талаб мавжуд. Сизларда ана шулар ва яна бошқа кўплаб хазиналар бор.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам катта майдон мавжуд - жорий йилнинг 26-30 ноябрь кунлари юртимизда ўтказиладиган «PROlogue» халқаро кинофестивали ҳисоб бўйича бешинчиси бўлади. Шундай қилиб, делегация зиммасига яна бир муҳим вазифа топширилди: тадбирда иштирок этиш учун жаҳон даражасидаги ҳакамлар ҳайъатини жалб қилиш. Масалан, павильонимизга ташриф буюрган Канн кинофестивали совриндорлари - режиссёр ва «Айка» драмаси сценарийси муаллифи Сергей Дворцевой ва унинг фильмида бош ролни ижро этган қозоғистонлик актриса Самал Еслямовалар таклифнома олдилар. Самал Еслямова 2018 йилда энг яхши аёл роли учун мукофотга лойиқ топилган.

– Мамлакатингизга ташриф буюриш, кинофильмларни томоша қилишдан хурсанд бўламан, ва албатта, фестивалда иштирок этишга ҳаракат қиламан, – дейди С. Дворцевой. – Биламан, Ўзбекистонда киносаноат янада ривожлана бошлаган, томошабинни яна жалб этиш ва довруғ қозониш имкониятига эга. Энди соҳа билан шуғулланишнинг ажойиб вақти келди: ҳозирги замонавий техникалар биз илгари тасаввур ҳам қила олмаган орзуларимизни рўёбга чиқариш имконини беради, ижод учун барча шароитлар мавжуд. Томошабин эса шу чоққача мисли кўрилмаган, асл, ҳаққоний, бетакрор ва этни жимирлатадиган асарларни кутмоқда.

– Афсуски, сизга қўшни давлатда яшасам-да, ҳозирча Ўзбекистонда бўлиш насиб этмаган, – дея қўшимча қилади С. Еслямова. – Лекин Самарқанд, Бухоро, Тошкент ҳақида кўп эшитганман. Ўзим асрлардан ҳам кўпроқ тарихга эга шаҳарларни яхши кўраман. Ва ҳозир каталогдаги суратларни кўраётиб, ушбу мамлакатнинг қанчалик қизиқарли эканини, у ерда диққатга сазавор жойларнинг нақадар кўплигини тасаввур қиляпман. Рости, энди юртингизда бўлишни аввалгидан ҳам кўпроқ истаб қолдим. «PROlogue»да иштирок этишимдан мамнунман. Бундан ташқари, бу ўзбекистонлик кино арбоблари ҳақида яхшироқ билиб олиш имкониятидир, боз устига, у ердаги жараёнлар ўзингиз банд бўладиганга ўхшашми ёки фарқ қиладими, ҳамиша билгингиз келади.

Шу билан бирга «PROlogue-2019» ретроспектив намойиши доирасида француз киноижодкорларининг ўндан ортиқ асарлари намойиш этилиши маълум бўлди.

Сермаҳсул учрашувлар

«Marchе du Film»да Ўзбекистон павильони шунингдек, бошқа мамлакатлардан келган кўплаб йўналишлар вакилларни ҳам ўзига жалб қилди. Мутахассисларимиз улар билан соҳанинг асосий йўналишлари ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишди.

Масалан, Токио кинокомиссияси қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиб қолди ва Ўзбекистон салоҳиятидан ҳайратга тушди. Буюк Британия ва Россия қўшма кинолойиҳаларни кўриб чиқмоқда. Киноасарни яратишда, агар ҳаммаси режага мувофиқ кетса, республикамиз нафақат жойларни тақдим этиши, балки уни яратишда ҳам ҳамкор бўлиши мумкин. Лойиҳа якунида асар Канн фестивалида намойиш этиш учун таклиф этилади, кейин жаҳон бўйлаб катта экранларда қўйилади.

Продюсерлардан германиялик Виет Хелмер ва украиналик Владимир Филиппиновлар ҳам қўшма кино ишлаб чиқаришни таклиф этишди. Суҳбат чоғида томонлар мамлакатимизнинг маданияти ва тилини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган фильм яратиш ғоясини муҳокама қилдилар.

Нуфузли «American Film Market» кинобозори ташкилотчилари билан у ерда давлатимизнинг иштирок этиши имконияти муҳокама қилинди. Ҳозирча бу борада фақат режаларгина мавжуд, аммо бу ҳам чакки бошлаш эмас. «European Film Market» кинобозори (у уч йирик халқаро киномайдонлар сирасига киради) директори билан «Берлинале-2020»нинг етмиш йиллик юбилей кинобозорига мамлакатимизни жалб этиш муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг Кинокомиссиялар халқаро ассоциацияси (Association of Film Commissioners International - AFCI)га аъзо бўлган Марказий Осиёда биринчи давлатга айлангани ҳақидаги хушхабар Канн сафари якунларининг яна бир муҳим натижаси бўлди. Миллий кинокомиссиясининг тегишли сертификатини эса ташкилот президенти Жесс Коноплиа тақдим этди. Аъзолик машҳур ишлаб чиқарувчилар ва кинокомпанияларнинг Ўзбекистонни кашф этиши учун маълумотлар базасига кириш имконини беради. Шунингдек, эндиликда соҳа вакиллари хорижий конференция ва семинарларга янада фаол жалб этила бошлайди. Хуллас, олдинда ҳали иш кўп.

Сабина Алимова.

«Правда Востока».

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech