17 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,6 °C

Ҳукумат
14 Мая  2019 675
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Қурилиш материалларини арзонлаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Кейинги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами янада кенгайиб, юзлаб уй-жойлар, йирик саноат корхоналари, маданият ва спорт масканлари, йўлу кўприклар барпо этилди. 

Рақамлар билан айтганда, кейинги икки йилда қурилиш ишлари ҳажми 1,7 баробар ошган. Уларда асосан юртимизда ишлаб чиқарилган материаллардан фойдаланилган. Шу билан бирга, керамик ва ёғоч-қипиқ плиталар, ойна, гулқоғоз ва бошқа материаллар импорт қилиб келинмоқда. Аслида, Ўзбекистонда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, импорт ўрнини қоплаш учун катта имкониятлар мавжуд. 

– Мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари тобора ортиб бораётган бугунги кунда қурилиш материаллари иқтисодиётнинг етакчи тармоғига, ўсиш нуқталаридан бирига айланиши керак. Корхоналарда энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали табиий бойликларимизни тежаш, материаллар нархини тушириш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.  

Давлатимиз раҳбари қурилиш материаллари соҳасида ишлаб чиқаришни келгуси беш йилда камида икки баробар ошириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди. 

Норуда конлар захираларини ошириш, саноат усулида қайта ишлашни кенгайтириб, қурилиш материаллари соҳасини диверсификация қилиш зарурлиги таъкидланди. 

Президентимиз соҳа корхоналарини барқарор ва камхарж энергия билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Кўмир ишлатиладиган биргина ғишт заводи мисолида маҳсулот нархини 50 фоизгача тушириш мумкинлигини кўрсатиб ўтди. Шу каби замонавий технологияларни қўллаш катта миқдорда табиий газни тежаш, маҳсулотларни арзонлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Бу ҳам тадбиркорга, ҳам халққа, ҳам давлатга фойда келтиради. 

Шу боис қурилиш материаллари тармоғида энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш орқали таннархни камайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Мамлакатимиз қурилиш материаллари саноатининг экспорт салоҳияти ҳам юқори. Лекин автотранспорт харажатларининг кўплиги уларнинг нархига таъсир кўрсатмоқда. Шу боис экспорт товарларини ташиш харажатларини субсидиялаш таклифи билдирилди. 

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон ва Навоий вилоятларида ҳар бири 2 миллион тонна қувватга эга 4 та цемент корхонаси ишга туширилди.

Йил якунигача 3,5 миллион тонна қувватли янги заводлар фойдаланишга топширилиб, йиллик салоҳият 15 миллион тоннага етказилади. Бу цементга бўлган ички талабни таъминлаб, нархини арзонлаштириш имконини бериши қайд этилди. 

2019-2020 йилларда соҳада 17 триллион сўмлик мингдан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар учун тижорат банклари кредитини ажратиш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, паст рентабелли корхоналарни салоҳиятли инвесторларга сотиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш учун тажрибали мутахассислар керак. Лекин олий ўқув юртларидаги мавжуд ўринлар ишлаб чиқаришда ўсиб бораётган талабга мос эмас. Таълим жараёни амалиёт билан боғланмаган.

Шу боис йиғилишда соҳа ихтисосликларига бюджет квотасини ошириш, корхоналарда ўқув амалиётини ташкил этишни такомиллаштириш, хорижий компаниялар билан ҳамкорликда янги технологиялар бўйича малака ошириш марказларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддилар ҳисобот берди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech