28 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,5 °C

Транспорт
11 Фев  2020 901

Уч поғонали транспорт тизими пойтахтимизнинг «ташриф қоғози» дир

Айни пайтда пойтахтимизнинг ўзига хос «ташриф қоғози»га айланиши кутилаётган транспорт ечимининг битиши кўпчиликнинг катта қизиқишига сазовор бўлган.

Тошкент шаҳрининг энг катта чорраҳаларидан бири бўлган Оҳангарон ва Паркент, ҳамда Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи янги транспорт ечими қурилиши жадал давом эттирилмоқда.

Мамлакатимиздаги дастлабки уч поғоналик транспорт ечимини ўз ичига олган  мазкур лойиҳа «Кўприкқурилишлойиҳа» УК ҳамда «Боштранслойиҳа» АЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у 2018 йилнинг май ойида амалга оширила бошланган.  Эътиборлиси, унинг атрофида бирорта ҳам светофорлар бўлмайди. Автомобиллар барча йўналишда тўхтовсиз ҳаракатни давом эттириши туфайли тирбандликларнинг олди олиниши лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳатидир. Унга кўра Оҳангарон ва Паркент кўчалари умумий узунлиги 502 метр бўлган туннел услубидаги йўл ўтказгич билан боғланади. Туннелнинг кенглиги 26,7 метр, кўприк ости баландлиги эса 5,5 метрни ташкил этади. Лойиҳанинг иккинчи поғонасида 2 та йўл ўтказгич барпо этилиши билан умумий диаметри 329,2 метрли халқасимон йўл ҳаракати ташкил этилмоқда. Учинчи поғонаси эса Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи умумий узунлиги 593 метр, кенглиги 26 метр бўлган йўл ўтказгичдир. Унинг 411 метри эстакада, 182 метри эса таянч деворли қисмдан иборат.

Мазкур бунёдкорлик ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибидаги «Кўприкқурилиш трести» УК томонидан олиб борилмоқда. Бугунги кунгача бунёдкорлик юмушларининг 90 фоизидан ортиғи бажарилди. Яъни, уччала поғонада ҳам бетон ётқизиш ишлари тугатилган, ер ости ва эстакада йўналишининг икки томонига пиёдалар йўлаклари қурилиб ва бордюрлар ўрнатилиб чиқилган. Айни пайтда лойиҳанинг учинчи поғонасидаги пиёдалар юрадиган йўлаклардаги бетон тўсиқларга кўркам металл конструкциялари ўрнатилиб, асфальт билан қопланиш ишлари давом этяпти. Шунингдек, электр энергияси тармоқлари ҳам тортилиб, ёритиш тизими ускуналарини ўрнатишга тайёргарлик жараёни бошлаб юборилган.

 — Қурилиш ишлари олиб борилаётган ушбу чорраҳада ҳам автомобиллар ҳаракати тиғиз бўлиб, ҳайдовчи ва йўловчиларга кўплаб ноқулайликлар туғдрилаётган эди, — дейди «Кўприкқурилиш трести» УКнинг 13-сонли отряди иш бошқарувчиси Жамшид Тўлаганов. — Айниқса, янги Махтумқули йўли қурилиб, чорраҳага қўшилиши тирбандликларнинг кўпайиб кетишига олиб келаётганди. Бу эса ушбу ҳудудда жаҳон талаблари даражасидаги йўл ўтказгични бунёд этилишини тақозо этарди. Мазкур йўл ўтказгич битгач, тирбандликлар олди олиниб, ўтказиш имконияти соатига 21 мингтага етади.

Ҳозирда қурилишда 100 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган бўлиб, 50 га яқин замонавий техникалар жалб этилган. Зарур темир-бетон материаллари трестга қарашли ишлаб чиқариш корхоналарида тайёрланаётгани ишга унум бағишлаяпти, дея хабар беради «Ўзбекистон темир йўллар» АЖ матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech