22 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,3 °C

Агросектор
17 Дек  2018 1687

Талаблар - янгича, мутахассислар эса... ўша-ўша

Бундай давом этиши мумкин эмасди. Йўқса, иқтисодий ночор фермер хўжаликлари бошқа корхоналарни ҳам жарликка тортиб кетарди. Ҳар йили мамлакатимиз аҳолиси ярим миллион кишига ўсмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи қишлоқ хўжалиги тармоғига бозор тамойиллари ва бошқарувнинг замонавий усулларини кечиктирмай татбиқ қилишни талаб этади. Сўнгги икки йил мобайнида ушбу йўналишда ишларнинг яхшиланаётгани кўзга ташланяпти, албатта. Аммо баъзи ҳолларда бир муаммо ўрнига иккинчиси пайдо бўлмоқда.

Мустақилликнинг илк йилларида ишлаб чиқилган марказлашган тартибда фермер хўжаликлари билан шартномалар тузиш механизми ҳалиям мавжуд ва деярли ҳеч бир ўзгаришсиз амал қилмоқда. Шартномаларда кўрсатиб ўтилган маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ва давлатга топшириш мажбуриятлари акс этади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртача ҳосилдорликни режалайди ва давлат буюртмасини бажарувчининг молиявий ва моддий-техник таъминоти шунга боғлиқ бўлади.

Бунда барча фермер хўжаликлари теппа-тенг, яъни марказлаштириб яратиладиган меъёрлар асосида уруғ, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар ва экинларни ҳимоялаш учун кимёвий воситалар билан таъминланади. Қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш ҳам бир хил.  Ҳозирга қадар бажарувчиларга махсус ҳосил қилинган Давлат фонди ҳисобидан давлат буюртмаси суммасининг 60 фоизи миқдорида имтиёзли кредит тақдим этилар, унинг миқдори ҳар йили Молия вазирлиги белгилайдиган харид нархига боғлиқ бўларди.

Бир қарашда фермерларга молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун идеал шароитлар яратилгандай туюлади. Амалда эса, гарчи олинган мажбуриятларни уддалаган бўлишса-да, ҳар йили уларнинг учдан бир қисми, об-ҳаво ноқулай келган йилларда хўжаликларнинг каттагина қисми мавсумни зарар билан якунлайди.

Ушбу вазиятдан чиқиш учун давлат 2007 йилда фермер хўжаликларини йириклаштириб, оптимизациялашни бошлади. Бунда олинадиган даромад массаси ошиб, қиммат турувчи техникаларни сотиб олиш енгилроқ бўлиши назарда тутилганди. Лекин бу амалиёт кутилган натижани бермагач, уларни майда-майда хўжаликларга бўлишга қарор қилинди. Бу қанча кўп хўжалик бўлса, аҳоли бандлиги шунча кўп таъминланади, деган мантиққа асосланганди. Сўнгги олти-етти йил давомида эса, агар фермер хўжаликлари кўптармоқлига айлантирилса, муаммоларни ечиш осонлашиши маълум бўлиб қолди.

Бунда ғоя шундай эди: ғалла ва пахта етиштирилишидан кўрилган зарар, параллель равишда етиштирилаётган, дейлик, сабзавотлардан келадиган даромад билан қопланиши керак. Аммо бундай ишни фақат юқори малакали мутахассисгина эплай олиши яна эътиборга олинмади. Хуллас, кўрилган чора-тадбирлар ҳам пахта ва ғалла етиштирувчи хўжаликларнинг самарали фаолият олиб бориши масаласини ҳал этишга ёрдам бермади. Бунга республика бўйича иқтисодий ночор хўжаликларнинг сони кўпайганини мисол келтириш мумкин. Бугун на банкрот, дея тугатилмаган ва на қарзлари катталиги сабабли рисоладагидай фаолият олиб бора олмаётган бундай хўжаликлар сони бир неча мингтани ташкил этади.

Ушбу муаммонинг ўсиб бориши 2017 йилга қадар, яъни валюта бозорининг либерализация қилингунича давом этди. Шундан сўнг вазият яхши томонга ўнглана бошлади. Бунда савол туғилиши табиий: ғалла етиштиришнинг миллий валюта курсини белгилашга қандай алоқаси бор? Маълум бўлишича, тўғридан-тўғри алоқаси бор экан. Гап шундаки, пахта ва ғаллага баҳо белгиланиши бошданоқ дунё нархларига боғлиқ этиб қўйилган. Бироқ глобал молиявий-иқтисодий инқироз натижасида бозор конъюнктураси ёмонлашиб, пахта нархи тушиб кетди. Бошқа муаммо пайдо бўлди: Марказий банк белгилайдиган доллар курси ва биржа курси ўртасидаги фарқ катталаша бошлади. Валюта бозори либерализация қилингунга қадар  у икки бараварга ошиб кетгани сир эмас. 2016 йилда пахта хомашёсининг ўртача харид нархи 1,2 миллион сўмни ташкил этарди. Марказий банк курси бўйича бу салкам 300, бозор нархида 150 долларга тенг эди. Давлат фермерларга бир тонна тола учун 450 доллар тўларди ва 1600 долларга экспорт қиларди.

Ортиқ бундай давом этиши мумкин эмасди ва баҳолашдаги нуқсонни тўғрилаш талаб этиларди. Негаки, иқтисодий ночор фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатадиган саноат, сув хўжалиги ва бошқа корхоналарни жарлик томон торта бошлаганди.  2017 йилда давлатимиз раҳбари томонидан вазиятни тубдан ўзгартириш тўғрисидаги узоқ кутилган қарор қабул қилинди. Пахта ва ғалланинг харид нархи мос равишда 50 ва 20 фоизга оширилди. 2018 йилда пахта хомашёси жаҳон даражасига кўтарилди, ғалланинг қиймати яна 35 фоизга ошди. Эндиликда имтиёзли кредитлар давлат буюртмаси суммаси миқдорида тўлиқ ҳажмда берилмоқда. Молиявий муаммолар ҳал этилган, давлат буюртмасини бажариш билан боғлиқ чигал ҳолатларнинг пайдо бўлишига асос йўқдай эди гўё.

Бироқ ОАВнинг гувоҳлик беришича, айрим вилоят ва туманлар ҳокимлари тармоқ ривожига ҳисса қўшувчи фермер хўжаликлари ва бошқа шахсларга нисбатан ҳалиям эски маъмурий таъсир кўрсатиш усулларини қўллашда давом этмоқда. Бунинг сабабларини ўрганган ҳукумат томонидан 2018 йил 27 ноябрда келгусида етиштирувчиларни моддий рағбатлантириб боришга йўналтирилган «Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

2019 йилдаги ғалла ҳосили учун 1 тоннасининг харид нархи 1,2 миллион сўм бўлиши давлат томонидан белгилаб қўйилди. Бу жорий йилдагидан 60 фоизга юқори. Энди суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархига устама

ёки чегирма қўлланилади: 30 центнер ва ундан кам бўлганда – 25 фоизлик чегирма, 31 дан 40 центнергача – 15 фоиз, 41 дан 50 центнергача бўлганда 10 фоизлик устама ва ҳоказо.

Агар фермер хўжалиги дон етиштириш бўйича ҳосилдорликни 30 центнерга етказа олмаса, ер солиғи ставкаси икки бараварга, борди-ю, 30 дан юқори ва 40 центнердан паст бўлса, солиқ ставкаси бир ярим бараварга ошади. Ҳосилдорлик ошиб боришига қараб, дастлабки нархга табақалаштирилган устама қўлланилади. Суғориладиган ерда гектаридан 40 центнердан кам ҳосил кўтариш «ерга хиёнат», дея қабул қилинади.

Бу бозор усуллари асосида ишлаб чиқариш муносабатларидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатдир. Аммо уларсиз кутилган натижага эришиш қийин бўлган баъзи омиллар инобатга олинмаган.

Солиққа тортиш ва баҳолаш балл-бонитетда белгиланадиган ерларнинг сифатий параметрларига боғланмаган. Хўжаликларнинг техник таъминланганлик даражасидаги принципиал фарқларнинг мавжудлиги эътибордан четда қолган. Ер солиғи ставкаларини 1,5 ва 2 бараварга кўпайтирувчи коэффициентларнинг қўлланилиши фермер хўжаликлари фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмайди ва зарарни ерни ижарага бериб бемалол қопласа бўлади. Бундан ташқари, шартнома шартларини бузгани учун сув хўжаликлари ташкилотларининг ҳам моддий жавобгарлиги қонунчилик билан мустаҳкамланмаган.

Сир эмас, фермер хўжаликларининг деярли ярмисида агроном, ҳисобчи, муҳандис штатлари мавжуд эмас. Бироқ шунга қарамай, эрта баҳорда амалиётчи-раҳбар буғдой етиштиради, чигит билан баравар сабзавот экади, асаларилар, балиқларни парваришлайди ва ўзига бириктирилган деҳқон хўжалигига ёрдам беради. Бу нафақат менежмент тамойилларига, балки оддий инсоний мантиққа ҳам зиддир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган Табрик хатида ўта муҳим вазифа – қишлоқ хўжалиги учун юксак билим ва малакага эга бўлган олий ва ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш лозимлигини, бундан ташқари, келгуси йили қишлоқ хўжалигида 1 миллиард 870 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланаётганини таъкидлади. Бу тармоқдаги ўзаро муносабатлар такомиллашишда давом этаётганидан далолат бериб, узоққа мўлжалланган истиқболда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлиги ҳамда аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилади.

Илҳом Вафоев.

Иқтисодий шарҳловчи.

Самарқанд вилояти

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech