22 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,9 °C

Саломатлик
29 Янв  2020 703

Тиббиёт ходимлари учун янги ва кенг кўламли имкониятлар

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда «Elsevier» компанияси 3 000 нафар юртимиз шифокор мутахассисларининг «Elsevier» компаниясининг «Clinicalkey» платформасидан 2020 йил давомида бепул фойдаланишига келишиб олдилар.

2019 йил бошида Нидерландиянинг «Elsevier» компанияси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги тиббиёт бош бошқармаси ҳамда «Elsevier» компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланган эди. Мазкур компания 100 нафар ўзбекистонлик шифокор мутахассислар учун умумий қиймати 50 минг АҚШ доллари миқдорида баҳоланган «Clinicalkey» платформасидан 6 ой давомида бепул фойдаланиш имкониятини Инновацион ривожланиш вазирлиги орқали тақдим этган эди.

Жорий йилнинг 28 январь куни Тошкент шаҳрида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда «Elsevier B.V.» компанияси вакиллари иштирокида тиббиёт ходимлари учун платформадан фойдаланишни ўргатиш, унинг юқори имкониятларини намойиш қилишга бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Шароф Ражаббаев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва таълим бош бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов, «Elsevier» компаниясининг Шарқий Европа минтақавий директори Игорь Никитин иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар. И. Никитин ўз чиқишида йиғилганларга «Clinicalkey» платформасидан фойдаланиш бўйича дастлабки тушунчаларни берди. Ушбу дастурда тиббиётдаги мавжуд муаммонинг ечимини излаб топиш, ўзида тўлиқ ва тезкор кўринишдаги маълумотларни сақлаш каби имкониятлар мавжуд.

Шунингдек, дастур даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларида жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари тўғрисидаги маълумотларни ҳам ўзида жамлаган, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech