25 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +17 °C

Ҳукумат
12 Мар  2019 1119

«Навоийазот»да учта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда

Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи доирасида "Навоийазот" акциядорлик жамиятига ҳам борди. 

Шавкат Мирзиёев 2018 йилда ҳам  мазкур корхонада бўлиб,  бу ерда амалга оширилаётган учта  йирик инвестицион лойиҳа билан танишган, уни ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган эди. 

Маълумки, “Навоийазот” 1964 йилда ишга туширилган. Корхонада қишлоқ хўжалиги, нефть-газ тармоғи, энергетика ва тоғ-кон саноати эҳтиёжи учун 70 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади. Вақт ўтиши билан технологик ускуна ҳамда қурилмалар жисмонан ва маънан эскирди, кўп миқдорда электр энергияси ва бошқа табиий ресурсларни сарф қилиш эвазига маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Бу жиҳатлар эътиборга олиниб, корхонада босқичма-босқич модернизация ишлари амалга оширилмоқда.  

Хусусан, жамият ҳудудида учта йирик инвестицион лойиҳа – поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳамда азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши қизғин давом этмоқда. Бунёд этилаётган ушбу корхоналарга замонавий, тежамкор технологик ускуналар ўрнатилади. 

Президентимиз ушбу янги объектлардаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар, хорижлик инвесторлар билан мулоқот қилди.  

Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ошади. Қурилиш ишларини Хитойнинг “China CAMC Engineering CO. LTD” ва "HQC (Shanghai)" компаниялари консорциуми ҳамда юртимиз мутахассислари амалга оширмоқда.  

Корхона фойдаланишга топширилгач, йилига импорт ўрнини босувчи 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол тайёрланади. 900 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотнинг 50 фоиздан ортиғини экспорт қилиш кўзда тутилган.  Корхонани жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Бугунги кунда бу ерда ўрнатиладиган замонавий ускуналарни бошқариш учун мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида инженер-технолог, механик, энергетик, иқтисодчи ва дастурчилар тайёрланяпти. Мутахассислар мамлакатимиз ва хориждаги корхоналарда малака оширмоқда.

Президентимиз бу ерда ишлайдиган кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш лозимлигини қайд этди.

“Навоийазот” акциядорлик жамиятининг мавжуд энергия сарфи юқори бўлган аммиак ишлаб чиқариш 1-2 навбатлари эксплуатациядан чиқарилмоқда. Хусусан, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 985 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак, шунингдек, 577,5 минг тонна карбамид олиш, улардан тайёрланадиган минерал ўғитлар турини ошириш имконияти пайдо бўлади. 491 иш ўрни яратилади.  

Япониялик ҳамкорлар - “Mitsubishi Heavy Industries, Ltd” ва “Mitsubishi Corporation” билан биргаликда барпо этилаётган мажмуани 2020 йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. 

Акциядорлик жамиятининг азот ишлаб чиқариш бўйича эски 1-2 навбатлари ҳам эксплуатациядан чиқарилмоқда. Яъни, жорий йил яна бир лойиҳа – азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишини ниҳоясига етказиш режалаштирилган. Умумий қиймати 216,6 миллион АҚШ долларига тенг бу ишлаб чиқариш объекти Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси томонидан бунёд этилмоқда. Бу ерда йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш мумкин бўлади. Шунингдек, 122 та янги иш ўрни яратилади.  

Президентимиз замонавий энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланадиган мазкур мажмуалар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, таннархини тушириш, рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим омил бўлишини қайд этди.  

Шу ерда Навоий вилоятида мамлакатимизнинг Америка Қўшма Штатлари, Бирлашган Араб Амирликлари ва Украинадаги элчихоналари кўмагида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Президентга вилоятда саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва бошқа тармоқларда бажарилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech