13 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +5,5 °C

Мамлакатимизда
2 Дек  2019 458

Сурхондарё вилоятида янги туман, Бандихон тумани ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда депутатлар Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон туманини ташкил этиш ҳамда Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари ҳудудлари чегарасини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ киритилган ушбу масала мазкур ҳудудда ягона бошқарувни йўлга қўйган ҳолда, аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратишни назарда тутади.

Назарда тутилаётган ўзгаришларга кўра, Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани ҳудудидаги “Бандихон”, “Бектепа”, “Обод турмуш”, “Полвонтош”, “Сарой”, “Бирдамлик”, “Чинор”, “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “Фаровон”, “Баҳористон”, “Ўрғилсой”, “Гулбоғ”, “Қалдирғоч”, “Зевар”, “Хўжаипок”, “Обод юрт” ҳамда “Бағри кенг” маҳалла фуқаролар йиғинлари, Бойсун туманининг Кўлқамиш маҳалласи Куба қишлоғи, Обикор ҳамда Қудуқсой маҳалла фуқаролар йиғинлари, Қумқўрғон туманидаги Давлатсой маҳалласининг Порлоқ ва Хурмозор қишлоқлари, “Наврўз” ҳамда “Бандихон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудлари ташкил этилаётган Бандихон тумани таркибига ўтказилади.

Депутатларнинг қайд этишича, бу ўзгаришлар ҳудудда қишлоқ хўжалиги, айниқса, чорвачиликни ривожлантиришга, аҳоли бандлигини таъминлашга, Сурхондарё вилоятининг деҳқончилик минтақаси ҳисобланган Бандихон туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада тараққий эттиришга ижобий таъсир кўрсатади.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech