20 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,1 °C

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Касим-Жомарт Токаев билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Мулоқот аввалида Президентимиз Касим-Жомарт Токаевни Қозоғистон Республикаси Президенти лавозимига киришгани муносабати билан самимий табриклади ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида муваффақиятлар тилади. 

Бу Қозоғистоннинг атоқли ўғлони, Биринчи Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоев ва бутун Қозоғистон халқининг янги Президентга юксак ишончининг ёрқин далилидир. 

Қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик алоқалари изчил мустаҳкамланаётгани, стратегик шериклик муносабатлари янги босқичда ривожланиб, кўп қиррали амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. 

Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган 2018 йилда товар айирбошлаш ҳажмининг рекорд кўрсаткичларига эришилди, иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги кооперация лойиҳалари амалга оширилди, мамлакатларимиз ўртасида бизнес ва ҳудудлар даражасида мулоқот, жумладан, маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди. 

Жорий йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган Қозоғистон йили доирасида тадбирларга бой қўшма режа қабул қилинди. 

Мулоқотда давлат раҳбарлари олий даражада эришилган келишувларни кенг миқёсда амалга ошириш муҳим эканини қайд этдилар. 

Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. 

Қозоғистон Республикаси Президенти Касим-Жомарт Токаев давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдирди ва олий даражадаги фаол мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади. 

Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари баҳор айёми – Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги, бутун минтақа тинчлиги ва равнақи йўлида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар. 
 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech