13 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +1,1 °C

Ижтимоий ҳаёт
19 Апр  2019 1402

Сайёр қабулда 11 нафар ота-онаси йўқ талабаларнинг контракт пули тўлаб берилди

– Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш йўналиши бўйича иккинчи курсда контракт асосида ўқийман, – дейди Гўзал Холмирзаева. –  Моддий имкониятимиз етмагани учун иккинчи ярим йиллик контракт пулини ўз вақтида тўлай олмадим. Бугун мазкур масалада кўмак сўраган эдим, муаммо жойида ечимини топди. Шаҳар ҳокими томонидан ўқишим учун 4 562 000 минг сўм пул тўлаб берилди. Бундай ғамхўрликдан бошим осмонга етгандек бўлди.

Қумқўрғон туманининг “Хўжамулки” маҳалласида туғилган Гўзал Холмирзаева Термиз давлат университетининг педагогика факультетида таълим олмоқда. Тақдир тақозаси билан у чин етим бўлиб қолган. Бироқ, ўқишни тугатгач, ўз маҳалласидаги умумтаълим мактабида ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида чуқур билимли этиб тарбиялашни мақсад қилиб олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари А.Усмонов бошчилигида Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида ўтказилган сайёр қабулда Г.Холмирзаева сингари ёрдам сўраб мурожаат этган 11 нафар чин етим талабаларнинг ўқиши учун зарур бўлган 49 048 452 сўм контракт маблағлари шаҳар ҳокими томонидан тўлаб берилди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган сайёр қабулда 243 нафар фуқаронинг 270 га яқин мурожаати тингланиб, уларга ижобий ечим топиш бўйича тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарларига топшириқлар берилди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш каби масалаларга оид бўлиб, кўпчилиги жойида ечимини топди.

Масалан, Термиз шаҳридаги Наврўз маҳалласида яшовчи Майрам Жумаева моддий имконияти етмаётгани сабабли кўп йиллардан буён соғлигини тиклай олмаётгани ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларидан бирида жарроҳлик амалиётини ўтказишга эҳтиёж сезаётганини маълум қилди. Бу масала Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан жойида ҳал этилди. Фуқаронинг даволаниши учун 5 000 000 сўм маблағ ажратилди.

“Тўпроққўрғон” маҳалласида яшайдиган Зуҳра Раимова ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб, мурожаат этди. Бу масала ҳам жойида ҳал этилиб, фуқаро Сурхондарё вилоят “Электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига ишга қабул қилинди.

Сайёр қабул жараёнида тингланган мурожаатларнинг 103 таси жойида ўз ечимини топди. Муддат талаб этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси қатьий назоратга олинди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech