06 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +6,7 °C

Ижтимоий ҳаёт
15 Мая  2019 1183

Cайёр қабул: муаммолар ечимини топмоқда

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов “Қизилқумцемент” АЖ соғломлаштириш масканида фуқаролар билан навбатдаги сайёр қабулини  ўтказди. 

Вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Ф.Қувондиқов, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, вилоят корхона, ташкилот, муассаса ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этган саёр қабулда аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди.

— Инсон манфаатларини ҳимоя қилиш учун раҳбарлар халқ билан мулоқот қилиши, фуқароларнинг дарду ташвишлари, орзу ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда, — дейди вилоят ҳокимлиги Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича масъул ходими Қ.Абдуазизов. — Айниқса, сўнгги уч йил, барчамизнинг ҳаётимизга, хусусан мамлакатимиз тарихига янги давр нафасини олиб кирди. Бугунги сайёр қабулда ҳам ҳар бир мурожаат атрофлича таҳлил этилиб, аксарияти жойида ҳал этилди. Қабул давомида фуқаролардан 48 та мурожаат тушган бўлса, уларнинг 14 таси жойида ижобий ечим топди. 9 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 25 та мурожаат юзасидан ўрганиш талаб этилганлиги сабабли кўриб чиқиш жараёнига қабул қилинди.

Кармана тумани марказида истиқомат қиладиган Фароғат Йўлдошева ўз мурожаати орқали фарзанди бир неча йиллардан буён ишсизлигини баён этиб, унинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖнинг шаҳобчасини очишда амалий ёрдам сўради. Фуқаронинг ушбу мурожаати шу куннинг ўзида “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖ раҳбарияти томонидан ҳал этиб бериладиган бўлди.

— Мен бугунги сайёр қабулда эгизагим Зуҳра Ҳамидованинг суяк емирилиши касаллигига чалинганлиги,  бунинг оқибатида у ногирон ҳамда ётоқда бўлиб қолганлигини айтиб, даволаниш масаласида ёрдам сўраб мурожаат этдим. Шунингдек, ўзимнинг ҳам бир оёғимда суяк емирилиши касаллиги кузатилаётганлигини билдириб ўтдим, — дейди  Хатирчи тумани “Олтинсой” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган фуқаро Фотима Ҳамидова. — Вилоят ҳокими ва тадбиркорлар томонидан бизнинг даволанишимиз учун зарур бўлган 38 миллион сўм маблағ ҳомийлик асосида ажратиб бериладиган бўлди. Бундан кўнглим тоғдек кўтарилди. Мурожа-атимиз ижобий ҳал этилганидан хурсандмиз.

Саховатпеша халқмиз. Айниқса, бу эзгу амаллар муқаддас Рамазон ойида янада кенг қулоч ёзади.  Сайёр қабулда тадбиркор, “Кармана томорқа хизмати-2” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Самад Аҳмедов кам таъминланган оилаларнинг оилавий шароитини яхшилаш мақсадида 30 дона тикув машинаси текинга ажратишини маълум қилди. Айни пайтда Халқ қабулхонасига бу борада мурожаат қилган кам таъминланган оилалар рўйхати шакллантирилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech