26 Январь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент -0,3 °C

Ижтимоий ҳаёт
10 Дек  2019 813

Сариосиё тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқда тарқалган С.Хурсанованинг мурожаатига муносабат билдирди

Сариосиё туман ҳокимлиги жорий йилнинг 8 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Шарғун шаҳри, “Маъданкон” маҳалласида яшовчи фуқаро Ситора Хурсанованинг уй-жойи ноқонуний тарзда бузилгани, уйига бўлган мулк ҳуқуқи асоссиз бекор қилингани тўғрисида тарқалган хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Ҳақиқатдан ҳам, туман ҳокимининг 2019 йил 31 майдаги 2907-сонли қарори билан марҳум Салия Хурсанова томонидан невараси Жаҳонгир Хурсанов (Ситоранинг турмуш ўртоғи)га 2012 йил августдаги ҳадя шартномасига асосан қолдирилган уй-жойга қўшимча равишда, пиёдалар ўтиш йўлига тегишли бўлган, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони устида қурилган 24 кв. метр омборхона, 23.48 кв. метр ошхона, 14.63 кв.метр ҳаммом ҳамда 7.1 кв.метр ҳожатхонага ҳам эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.

“Обод марказ” Давлат дастури доирасида қайта тузилган Шарғун шаҳрининг Бош лойиҳаси, шунингдек, туман прокуратурасининг 2019 йил 15 августдаги протестига асасан, туман ҳокимининг 2019 йил 26 августдаги 5458-сонли қарори қабул қилиниб, Ж.Хурсановга тегишли ушбу участка қайта рўйхатдан ўтказилган.

Шу асосда Ж.Хурсановнинг ўз участкасида шаҳарсозлик норма ва қоидалари асосида қурилган 5 хонадан иборат яшаш майдони, жами 157.17 кв.метрни ташкил этадиган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи тан олинган. Пиёдалар ўтиш йўлига тегишли бўлган, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони устида шаҳарсозлик Кодекси норма ва қоидаларига риоя этмасдан қурилган ёрдамчи биноларга эгалик ҳуқуқи эса бекор қилинган.

Демак, видео мурожаатда фуқаро Ситора Хурсанова томонидан айтилганидек, турмуш ўртоғи Ж.Хурсановнинг тўлиқ уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқи эмас, балки, пиёдалар ўтиш йўлига тегишли бўлган, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони устида қурилган иморатларигагина эгалик қилиш ҳуқуқи бекор қилинган.

Бунга жавобан, фуқаро Ж.Хурсанов туман ҳокимининг 2019 йиил 26 августдаги 5458- сонли қарорини асоссиз деб топиш бўйича Маъмурий ишлар бўйича Сариосиё тумани судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Ушбу иш 2019 йилнинг 2 октябрида суд томонидан кўриб чиқилиб, унинг даъво аризаси қаноатлантирилишини рад қилган.

Фуқаро С.Хурсанованинг турмуш ўртоғи Ж.Хурсановнинг тўлиқ уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқи туман ҳокими қарори билан бекор қилингани тўғрисидаги иддаолари эса мутлақо асоссиздир.

Сариосиё тумани ҳокимлиги ўзбошимчалик билан эгалланган ҳудудда  шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда қурилган ва  кейинчалик бузиб ташланган ёрдамчи хўжалик бинолари учун қонунчиликка мувофиқ компенсация тўланмаслигини маълум қилади. 

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech