13 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +5,5 °C

Хавфсизлик
2 Дек  2019 416

Қибрайдаги воқеа юзасидан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ расмий маълумот

Жорий йилнинг 1 декабрь куни республикамиздаги интернет нашрлар ҳамда бошқа ижтимоий тармоқдаги ахборот тарқатувчилар томонидан, Тошкент вилояти, Қибрай туманида бир оиланинг 16 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб шифохонага ётқизилгани, жабрланганларнинг 11 нафари болалар эканлиги ҳақидаги хабар тарқатилди.

Ушбу хабардаги маълумотлар юзасидан, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва «Ҳудудгаз Тошкент» МЧЖнинг «Қибрайтумангаз» филиали ходимлари хабарда эълон қилинган, Қибрай тумани, «Алишеробод» маҳалла фуқаролар йиғини «Янги тонг» кўчасида жойлашган хонадонга вазиятни ўрганиш учун зудлик билан етиб боришди. Мутахассислар томонидан хонадондаги барча газ жиҳозлари ва қувурлари қатъий назоратдан ўтказилганда, хонадаонда газ сизиб чиқиши ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларига олиб келувчи сабаблар мавжуд эмаслиги аниқланди, деб хабар беради “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати.  

Фақат, хонадонга ўрнатилган иситиш мосламасининг жойлашуви тасдиқланган техник режага зид равишда, ўзбошимчалик билан ўзгартириб олингани аниқланиб, дарҳол газ таъминотидан узилди. Хонадон эгаси ўзи истиқомат қилувчи ҳудудда газ таъминотида узилишлар бўлмаганлиги ва газ таъминоти корхонасига ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилди.

Суриштирувлар натижасида, воқеа аслида бир кун аввал меҳмондорчилик учун хонадонга келган қариндошларнинг қўлбола консерва махсулотларини истеъмол қилиши натижасида 7 фуқаро жумладан, икки аёл ва 5 та бола озиқ-овқатдан заҳарланиб шифохонага ётқизилгани аниқланди.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ оммавий ахборот воситалар ва интернет нашрлардан бундай бахтсиз ҳолатлар, айниқса инсон ҳаёти ҳамда саломатлиги билан боғлиқ кўнгилсиз хабарларни тарқатишда ҳолатни ўрганиб, расмий ва аниқ маълумотлар асосида эълон қилишларини, газ истеъмолчиларидан эса хонадон ва бошқа бинолардаги газ анжомларида газ сизиб чиқиш ҳолатлари бор ёки йўқлигига мунтазам эътиборли бўлишларини ҳамда улардан фойдаланишда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилишларини сўраймиз, дейилади хабарда.   

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech