23 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +4,9 °C

Ижтимоий ҳаёт
17 Янв  2020 790

Қашқадарёда хорижий иш берувчилар меҳнат ярмаркаси ўтказилди

Қашқадарё вилоятининг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида фуқароларни хорижга қонуний ишга йўналтириш бўйича меҳнат ярмаркалари бўлиб ўтди.

15 январь куни Қарши шаҳрида бошланган меҳнат ярмаркасида Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидан келган 500 га яқин хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар хорижий иш берувчиларнинг бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, хусусий бандлик агентликларининг фуқароларни хорижга қонуний ишга йўналтириш бўйича таклифлари билан танишдилар.

Тадбир доирасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи биринчи ўринбосари Д.Матрасулов иштирокчилар билан учрашиб, айрим хусусий бандлик агентликларидан жабрланган фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, хорижда ишлаш истагидагиларни қизиқтираётган ҳуқуқий-ташкилий ва молиявий масалалар, хорижда ишлаш жараёнида юзага келаётган муаммолар юзасидан мулоқот ўтказди.

Уларга қонуний, тартибли, манзилли ва хавфсиз меҳнат миграциясини ташкил этиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг таъминланиши ва уларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Ярмарка доирасида «Human» хусусий бандлик агентлигидан жабрланган 5 нафар фуқарога Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида «Migration Consulting Agency» хусусий бандлик агентлиги орқали Болгарияда ишлаш учун иш визаси бор паспорт ва чипталар тантанали тақдим этилди.

16 январь куни 300 дан ортиқ фуқаролар иштирок этган Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган меҳнат ярмаркасида «Первая Уральская Строительная Компания» МЧЖ, «БТК групп» АЖ, «ФОРЕСТ»  МЧЖ, «Григорян» компанияси каби хорижий иш берувчиларнинг мавжуд иш ўринлари ҳақидаги маълумотлари ҳамда хусусий бандлик агентликларининг хорижга ишга йўналтириш бўйича таклифлари ташриф буюрувчиларга тақдим этилди. 

Тадбир давомида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбариятининг аҳоли билан учрашувлари ташкил этилди.

Биринчи марта ташкил этилаётган меҳнат ярмаркаларида Россия Федерацияси, Польша, Туркия, БАА, Ҳиндистон, Украина, Болгария, Литва, Латвия, Япония ва Венгрия каби давлатлардан 70 да ортиқ иш берувчиларнинг қурилиш, уй хўжалиги, йўловчи ва юк ташиш хизматлари, мебел ишлаб чиқариш, балиқчилик, паррандачилик, меҳмонхона бизнеси, тиббиёт ҳамда хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришнинг бошқа йўналишларида 10 минга яқин бўш иш ўринлари тақдим этилди. Хорижий иш берувчилар томонидан турли иш дастгоҳларида иштирокчиларнинг малакаси текширилиб, уларга таклиф этилётган иш талаблари ва шароитлари, иш ҳақи ҳақида зарур маълумотлар берилди.

Хорижда ишлаш истагидаги кўплаб фуқаролар ва хорижий иш берувчилар ўртасида дастлабки келишувларга ҳам эришилди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech