21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,8 °C

Мамлакатимизда
17 Июл  2019 486

Қабул - мулоқот тизими ва муаммолар ечими

Бу жараён бугун оддий ҳаётий ҳақиқатга айланмоқда. Ҳудудларни комплекс равишда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бош мақсад қилиб қўйилганда, унинг ташкилий ўзаги сифатида секторлар тизими вужудга келди. Ўзгаришларнинг янги силсиласи мана, икки йилдирки, афзал жиҳатларини намоён қилмоқда. Вилоят, туман (шаҳар) миқёсида тўртта секторга бўлинган ҳудудларга ҳоким, прокурор, ички ишлар ҳамда давлат солиқ тизими раҳбарлари мутасадди этиб қўйилиши халқ билан мулоқотнинг ўзига хос босқичини белгилаб берди.

Муаммоларнинг тез ва сифатли ҳал этилиши яққол кўзга ташлана бошлади. Шу ўринда рақамларга мурожаат қилайлик. Вилоятимизда 2019 йилнинг ўтган олти ойи давомида вилоят, туман, шаҳар даражасидаги секторлар раҳбарлари томонидан аҳоли билан 685 та оммавий қабул, яъни очиқ мулоқотлар ўтказилди. Уларда салкам 44 минг нафар фуқаро иштирок этганининг ўзи, таъбир жоиз бўлса, қарийб 50 мингга яқин, балки ундан ҳам кўпроқ муаммолар тилга олингани, ечимини топганини билдиради. Аниқроқ айтсак, вилоят сектор раҳбарлари томонидан 43 та мулоқот жараёнида 6 минг 785 та масала кўриб чиқилган. Уларнинг 58 фоизи қабул жойининг ўзида қаноатлантирилди. Мулоқот жараёнига таклиф этилган турли соҳа мутасаддилари иштирокида масалаларга ечим топилаётганлиги ана шундай кўрсаткични таъминлаяпти. Энди ўша 58 фоиздан ташқари турган мурожаатлар масаласига аниқлик киритамиз. Уларнинг 26 фоизи асослантирилган ҳолда тушунтиришлар берилганлигини, яъни фуқаро муаммоси ечимини қандай ҳал этиши лозимлигини англаб етганини билдиради. Қолганларига муддатлар белгиланиб, ижроси назоратга олинган.

Мана, қабул-мулоқот тизимининг ташкилий жиҳатлари ҳам халқни рози қилиш тамойилига мос келишини исботлаяпти. Кўтарилаётган муаммолар кўлами кенг. Аҳоли томонидан муҳокамага қўйилаётган биргина ичимлик суви таъминоти масаласини олиб кўрайлик. Вилоят ҳокими - 1-сектор раҳбари Ш. Абдураҳмоновга 7 та тумандан тушган шундай муаммога дахлдор мурожаатлар асосида 64 километр сув тармоғи қурилди, 12 дона сув қудуғи ва 29 километр тармоқ реконструкция қилинди. Бунга 9 миллиард сўм маблағ сарфланди. Вилоят прокурори - 2-сектор раҳбари Фозилов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи - 3-сектор раҳбари Ш. Собировларга Шаҳрихон туманининг Чўжа маҳалласида яшовчи Абдумалик Раҳматуллаев, Сохиобод МФЙ вакили Худойберди Мақсудов, Асака туманининг Отиш маҳалласида истиқомат қилувчи Зиёиддин Холмирзаев, Олақанот маҳалласидан Иминжон Турсунов, Завкан маҳалласидан Зуҳриддин Аҳмедовларнинг ҳудудларга тоза ичимлик суви чиқариб берилиши юзасидан қилган мурожаатлари ижобий ечим топди.

Кейинги икки йил мобайнида аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан таъминлаш борасида хайрли ҳаракатлар амалга оширилди. «Чироқ ўчиб қолди, қачон ёнар экан?» деган хавотирдан деярли қутулдик. Бироқ чекка ҳудудларда, марказлардаги айрим маҳаллаларда шу тармоқда ишлатиладиган жиҳозларнинг эскиргани юзасидан шикоятлар тушмоқда. Вилоят ИИБ бошлиғи - 3-сектор раҳбарининг қабулига Шаҳрихон туманининг Шерқўрғон маҳалласида яшовчи Алимардон Аҳмадалиев келиб, маҳаллага янги трансформатор зарурлигини айтди. Мурожаат ўрганилгач, 20 миллион сўм маблағ эвазига катта қувватга эга янги жиҳоз, қўшимча равишда 23 дона бетон таянч ўрнатилиб, 1 км масофага тармоқ тортилди.

Андижон шаҳрининг Чўлпон 100 йиллиги маҳалласида истиқомат қилувчи Муроджон Йўлдошевнинг вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи - 4-сектор раҳбари З. Юлдошевга мурожаати асосида 50 та яроқсиз симёғочлар алмаштирилиб, маҳаллага янги трансформатор ўрнатиб берилди.

Очиқ мулоқотлар давомида тадбиркорларнинг интилишлари ҳамда ишбилармонлик ҳаракатига қўшилишни хоҳлаётган фуқаролар саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланмоқда. Аслини олганда мана шундай мурожаатлар халқ кайфиятида, бинобарин, ҳаёт тарзида рўй бераётган ўзгаришларни ҳам намоён қилади. Вилоят ҳокими - 1-сектор раҳбарининг Избоскан туманида ўтказилган сайёр қабулига Андижон шаҳрининг Форобий кўчасида яшовчи Муҳаббатхон Мухторова келди. Шу туманда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи экан. Мурожаат ўрганилгач, хотин-қизлар жамаот фонди томонидан 400 миллион сўм кредит ажратиладиган бўлди. Вилоят прокурори - 2-сектор раҳбарига Марҳамат туманининг Узумзор маҳалласида истиқомат қилувчи Умиджон Ғиёсов ҳам ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун мадад сўраб мурожаат қилди. «Миллийбанк» АТБ туман бўлими 100 миллион сўм кредит маблағи ажратди.

Жалақудуқ туманининг Ойим шаҳарчасида умргузаронлик қилаётган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари кўп тармоқли марказий поликлиниканинг ҳудудий бўлинмаси биносини қайта қуриш зарурлигини баён қилдилар. Вилоят ҳокими - 1-сектор раҳбари молия, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари иштирокида масалани жойида ўрганди. «Миланобизнес сервис» МЧЖ томонидан ишлар бошланди, бунинг учун маҳаллий бюджетдан 4,5 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Шу сектор раҳбарига Шаҳрихон туманининг Карнайчи маҳалласида яшовчи фуқаро Фурқат Мадраҳимов томонидан 8-мактаб биноси муаммолари кўтарилди. 1989 йилда қурилиши бошланиб, тугалланмай қолган таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш учун 5 миллиард сўм ажратилди. Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи - 4-сектор раҳбарига Олтинкўл туманидаги Хўжа маҳалласида яшовчи Мухтасархон Нишонова маҳалласининг йўли носоз эканидан шикоят қилди. Шундан сўнг 1 км. 600 метр кўча тўлиқ таъмирланди.

Бу мисоллар аҳоли қатламининг ижтимоий онги юксалиб бораётганидан, майда ёки шахсий манфаатларни ифодаловчи арзлар билангина эмас, кўпчилик учун фойдали жиҳатларни кўзлайдиган мурожаатлар кўпаяётганидан далолат беради.

Вилоят ҳокими - 1-сектор раҳбарига Ойим шаҳарчасида ўтказилган сайёр қабул куни кам таъминланган оилалар вакилларидан 15 киши мурожаат қилди ҳамда уларга 50 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Избоскан туманида эса фуқаро Обиджон Маматожиев уй-жой масаласида қийинчилик туғилганини баён этди. Албатта, унинг мурожаати юзасидан «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ аниқ амалий чора-тадбирлар кўрадиган бўлди. Ижтимоий ҳимоя тамойили мулоқотларнинг ўзагини ташкил этаётгани, сайёр қабулларда, аввало, мана шу йўналишга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Туман, шаҳарлар кесимидаги секторлар раҳбари томонидан ўтказилган 642 та оммавий қабул давомида 35 минг нафардан зиёд фуқаролар иштирок этгани, аксарият мурожаатлар жойида қаноатлантирилгани хусусида ҳам алоҳида сўз юритиш мумкин. Бундан ташқари, қабул-мулоқотларда вилоятимизга ташриф буюрган вазирликлар, давлат қўмиталари ва республика миқёсидаги идоралар раҳбарлари томонидан аҳолининг дарду ташвишлари изчил ўрганилаётганини таъкидлаш жоиз. Ана шундай 20 та қабул чоғида қарийб 1 минг 900 та мурожаат кўриб чиқилган.

Давлатимиз раҳбарининг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш - одамийликнинг энг олий мезонидир», деган сўзлари халқ билан мулоқотлар чоғида биринчи даражали тамойил бўлмоқда, деб айтишга тўла ҳақлимиз. Одамлар бугунидан рози бўлсин, эртанги кунига ёруғ юз билан борсин - шундай олийжаноб ниятни кўнглига туккан ҳар бир киши, хоҳ у оддий фуқаро, хоҳ у раҳбар бўлсин, ҳаёт даражамизнинг ўзгаришига муносиб ҳисса қўшмоғи лозим.

Мамазоир ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Андижон вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech