22 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,9 °C

Ҳукумат
21 Янв  2020 739

Президент ҳукуматнинг истиқболдаги асосий вазифаларини кўрсатиб ўтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Бош вазир номзоди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури кўриб чиқилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев янгидан тасдиқланадиган ҳукумат олдида турган асосий вазифаларга тўхталиб ўтди.

Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавотчилик ва чорвачилик асосий “локомотивлар” бўлиши кераклиги таъкидланди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кейинги беш йилликда 2,5 бараварга ошириш вазифаси ҳам турибди.

Сув ресурслари камайиб бораётган шароитда келгуси беш йилда суғориладиган ерларнинг камида 30 фоизига томчилатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни жорий этиш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш орқали сув иншоотларининг эксплуатация ва инвестиция харажатларини камида 15 фоизга қисқартириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун нефть-газ ва энергетика тармоғидаги муаммоларни ҳал этиш лозимлигини таъкидлади.

– Ҳукумат бу соҳаларни трансформация қилиш, уларга хусусий секторни фаол жалб этиш, ҳисоб-китобни жой-жойига қўйиш орқали ортиқча йўқотишларни тўлиқ қисқартириш ва талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриши зарур. Нефть-газ соҳасида 2025 йилда ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 5,2 миллион тоннага ошириш, шундан 4,1 миллиард долларлик 5 та объектни бу йил ишга тушириш керак. Кейинги беш йилликда электр энергияси ишлаб чиқаришни камида 80 миллиард киловатт-соатга етказиш, шундан камида 20 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига таъминлаш талаб этилади, – деди Президент.

Чуқур таркибий ўзгаришлар ва йирик инвестиция лойиҳалари ҳисобига тоғ-кон саноатида маҳсулотлар ҳажмини 2025 йилгача 1,5 баробаргача, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни 3 карра кўпайтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

Тўқимачилик ва чарм-пойафзал соҳаларига тўхталар экан, Президентимиз бу тармоқларда маҳаллий хомашёни тўлиқ қайта ишлаб, 2025 йилгача 8 миллиард долларлик экспортни таъминлаш масаласига алоҳида урғу берди.

Юқори технологиялар асосида электротехника саноатини жадал ривожлантириш, маиший техника ва саноат электр ускуналари, кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш лозимлиги қайд этилди.

Автомобилсозлик саноатида 2023 йилгача енгил ва юк автомобиллари ҳамда автобуслар ишлаб чиқариш ҳажмини 360 минг донага етказиш, шундан камида 100 минг донасини хорижга экспорт қилиш соҳа масъуллари учун асосий марра бўлади.

Кимё саноати қувватларини модернизация қилиш, табиий газни чуқур қайта ишлаш асосида янги йирик лойиҳаларни амалга ошириш талаб этилади.

Фармацевтика соҳасида кейинги беш йилда маҳаллий дори воситалари ҳажмининг ички бозордаги улушини 45 фоиздан 70 фоизгача ошириш ва экспортни 100 миллион долларга етказиш топшириғи белгиланди.

Хорижий туристлар сонини 12 миллион нафардан ўтказиш учун инфратузилмаларни яхшилаш, меҳмонхоналарни кўпайтириш, транспорт тармоқларини ривожлантириш ва хизматлар сифатини юксалтириш зарурлиги таъкидланди.

– Барча режаларни рўёбга чиқариш ҳисобига ишсизликни 7 фоизгача камайтириб, йилига камида 500 мингта иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини 2 баравар ошириш янги ҳукумат олдидаги муҳим вазифа бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, ўртача умр кўриш давомийлигини 76 ёшга етказиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини жорий этиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech