22 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +31,3 °C

Мамлакатимизда
17 Мая  2019 637

Пойтахт мактаблари фаолияти танқид қилинди

Тошкент шаҳридаги 110-мактабда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров раҳбарлигида умумтаълим мактаб директорларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда пойтахт мактабларининг бугунги фаолияти, таълим сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар, кадрларнинг сифат таркиби, туман халқ таълими бўлимларидаги фан методистларининг фаолияти,“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танлови ҳамда фан олимпиадаларининг шаҳар босқичи натижалари таҳлил этилди.

Шунингдек, яратилган имкониятлардан етарли фойдаланмаслик, қолаверса пойтахтдаги ўқувчилар сони қувватига нисбатан кам бўлган мактабларда ўқув жараёнларини ташкил этишда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан Учтепа туман халқ таълими бўлими ва умумтаълим мактаблари фаолиятини ўрганиш натижалари ҳам муҳокама этилди. Фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ва лавозим мажбуриятларини бажармаганликлари учун Учтепа туманидаги 4-, 14-, 295-, ва 109- сонли мактаб директорлари лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, мактаблар фаолиятини етарли назорат қилмаганлиги, ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлиги, ташаббускорлик етишмаслиги учун Учтепа туман халқ таълими бўлими мудири истеъфога чиқди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва туман халқ таълими бўлимларига кўрилган масалалар юзасидан ишларни кучайтириши ва мунтазам назорат ўрнатиши лозимлиги ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириши лозимлиги таъкидланди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech