17 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,6 °C

Ташвишли хабар
2 Дек  2018 1795

Автобуслар нега ёниб кетган?

Илгари носоз автобуслар ҳам йўналишга чиқаверарди. Энди-чи? Тошкентда октябрь ойининг бир ҳафтаси ичида иккита «Mercedes Benz Low Floor» автобуси ёниб кетди. Бахтимизга, қурбонлар бўлмади.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ зудлик билан бунинг сабабини аниқлашга ва юзага келган камчиликларни бартараф этишга киришди. Агарда фақат шугина содир бўлганида мазкур ҳодисага қайта мурожаат қилмаса ҳам бўларди. Бироқ йил бошидан буён бундай ҳолат олти марта қайд этилди. Улар илгари ҳам бўлган: 2015 йилда – 11 та; 2014 йилда – 8 та; 2013 йилда – 10 та; 2012 йилда – 4 та; 2011 йилда - 2 та. Мутахассислар барча ҳолатларда ҳам сифатсиз эҳтиёт қисмлар ёнғинга сабаб бўлганини таъкидламоқда. Бу йилги алангаланиш ёнилғи тизимидаги носозликдан келиб чиққани айтилмоқда. Хўш, нега бундай вазият юзага келди? Ушбу саволга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқаруви раиси Моҳир Валиев жавоб берди.

- Барча давлат компаниялари эҳтиёт қисмларни биржа орқали харид қилади. У ерда ҳам стандартларга жавоб бермайдиган эҳтиёт қисмлар сотиб олинади, чунки Германияда ишлаб чиқарилган деталлар йўқ. Бугун эҳтиёт қисмларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчининг ўзидан харид қилиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Аниқланишича, асосан, 2008-2009 йилларда ишлаб чиқарилган автобусларда ёнғинлар келиб чиққан. Компаниядагиларнинг айтишича, техник носозликлар аниқланган 167 та автобус йўналишга чиқарилмаган. Уларни таъмирлаш жараёнида ҳам эҳтиёт қисмлар камёблиги сезилган. Текширувларда аниқланишича, бу биргина сабаб эмас, улар жуда кўп. Бунга аксарият ҳолларда ходимларнинг етарлича тайёргарликка эга эмаслиги, ва ҳатто, масъулиятсизлиги сабаб. Сўнгги уч ой ичида 24 ходим ишдан бўшатилди. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга Германиядан ҳам мутахассислар таклиф этилган. Уларнинг тасдиқлашича, бундай автобусларнинг ишлаш муддати саккиз йилгача. Бироқ иқлимимиз ҳисобга олинса, ишлаш муддати 5 йилга қадар камаяди. Буни инобатга олиб, компания транспорт паркларини 87 та «Sam Auto LE 60», 40 та йўловчилар сиғими катта «MAN» ва «Isuzu-80» автобуслари билан тўлдиришга қарор қилди.

Жорий йилда раисликни қабул қилиб олган Моҳир Валиевнинг режалари улкан. Улар ичида кадрлар таркибини мустаҳкамлаш ҳам бор. Мутахассислар ва ҳайдовчиларни ишга олишда танлов жуда синчковлик билан ўтказилади. Таъкидлаш жоизки, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖда ҳайдовчиларни тайёрлайдиган ва қайта тайёрлайдиган «Ўқув ишлаб чиқариш маркази» МЧЖ фаолият олиб бормоқда.

Энди эҳтиёт қисмлар таъминоти билан махсус ташкил этилган корхона шуғулланади ва жорий йилнинг июль ойидан бошлаб юридик шахс сифатида уларни биржа орқали харид қила бошлади ҳам. Ҳар бир автопаркда (компания таркибида улар тўққизта) ҳафтасига икки марта (шу пайтга қадар бир марта) техник комиссия автобусларнинг кўрикдан ўтказади. Навбатчи механиклар эса бу ишни ҳар куни амалга оширадилар. Бундай тартиб илгари кўп кузатилган, йўналишларга носозлик аниқланган автобусларнинг ҳам чиқиши ҳолатларини бартараф этади.

Қўшимча: раиснинг айтишича, компания экспертлари тавсиялари инобатга олинган ва ҳавони тозалаш ва салқинлатиш тизими ўрнатилган, ўт ўчириш тизими такомиллаштирилган.

Константин Башлаев

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech