07 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +5,8 °C

Ҳарбий
5 Мар  2019 2195

Олий ҳарбий таълим муассасаларига ёшларни саралаш бўйича қабул комиссияси ташкил этилди

Ўзбекистон мудофаа вазирининг буйруғи билан 2019 йилда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган ёшларни саралаш бўйича қабул комиссияси ташкил этилди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

 

Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришни истаган номзодларни саралаш ишлари Ўзбекистон Президентининг 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ ҳамда мудофаа вазирининг 2015 йил 2 февралдаги 72-сонли буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга муфовиқ олиб борилади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига тингловчиларни саралаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • ҳарбий-профессионал йўналиш;
  • дастлабки танлаш;
  • ҳарбий-профессионал танлаш;
  • тест синовларини назарда тутувчи комплекс босқичма-босқич танлаш.

Номзодлар икки босқичда якуний тиббий кўрикдан ўтказилади. Биринчи босқич 2018 йилгача таҳсил олган ҳамда шу йилнинг ўзида касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни, иккинчи босқичда эса 2019 йил битирувчиларини чақириш ишлари якунланиши кўзда тутилган. Биринчи босқичнинг иши 2019 йил 15 июнь, иккинчи босққичнинг иши эса 2019 йил 25 июнь куни якунланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан белгиланган тест синовларини ўтказилиши ҳамда номзодларни олий ҳарбий таълим муассасаларга қабул қилиш ва уларни мутахассислиги бўйича тақсимлаш каби тадбирлар белгиланган.

2019 йилда номзодлар Мудофаа вазирлигининг қуйидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси (Тошкент ш.);
  2. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти (Чирчиқ ш.);
  3. Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти (Жиззах ш.);
  4. Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти (Тошкент ш.).

Олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.

Номзодлар уч тилдан — ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирини шахсан танлаган ҳолда тест синовлари топширадилар.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech