17 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,6 °C

Яшил сайёра
9 Июл  2019 1279

Океан бўлмасаям дельфинлар бор, дейсизми?

Жониворлардан томоша кўрсатувчи сифатида фойдаланиш мавзуси«ПВ» саҳифаларида илгари ҳам ёритилган. 2018 йил 11 октябрдаги «Саҳна уларнинг жойи эмасми, деб номланган мақолада биз циркдаги жониворларнинг сақланиши муаммосини кўтариб чиққандик. Бу сафар мақола ёзилишига эҳтимол, кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётган ва турлича ҳис-туйғуларга сабаб бўлаётган ҳодисалардан бири - Ўзбекистонда биринчи дельфинарийнинг очилиши сабаб бўлди. Мазкур масала бўйича норозилик тўлқини  интернет кенгликларида ва ижтимоий тармоқларда тўхтамаяпти. Мамлакатимиз учун бундай ноодатий ва қизиқарли томоша-ю эрмакларнинг барча «ижобий» ва «салбий» томонларини таҳлил қилиб кўрамиз.

Делфинлар - ақл-идрокли мавжудотлардир. Буни узоқ вақт ушбу жониворлар тилини ўрганган Пенсильвания университети тадқиқотчилари исботлаган. Улар ушбу сутэмизувчиларнинг олтмишта асосий сигналлардан ва уларнинг бешта даражадаги комбинацияларидан фойдаланишини аниқлашган. Бундан ташқари, улар 1012 сўз ҳажмидаги «луғат»ни яратишга қодир экан. Дельфинлар уларнинг баридан фойдаланадими-йўқми номаълум, лекин фаол «луғат»и таассурот қолдирадиган даражада - 14 мингга яқин сигнал. Таққослаш учун: инсоннинг кундалик ҳаётдаги ўртача сўз бойлиги ҳам шунча миқдорда, яъни 800-1000 сўзни ўз ичига олади.

Бугун кўпгина мамлакатларда - ҳайвонот боғлари (айниқса, контактли), цирклар ва дельфинарийларда жониворлар эркинлигини чеклашнинг ҳар қандай шаклидан воз кечилмоқда. Илмий ҳамжамият вакиллари дельфинларни ақлли мавжудотлар сифатида тан олади ва сунъий ҳовузларнинг қамоқхонага ўхшаши ва у ерда яшаш учун зарур шароит йўқлигини эътироф этади. Дельфинлар сайёрадаги барча жонзотлар орасида (инсондан ташқари) энг ривожланган ақл-идрокка эга. Ушбу денгиз жониворининг ҳаёти ҳақида кўплаб фильмлар ва мультфильмлар суратга олинган, улар фақат эзгулик ва тинчлик рамзи сифатида тасвирланган. Бироқ ушбу жониворлар виждонсиз браконьерлар, шунингдек, ўз бизнесини уларнинг ҳимоясизлиги устига қурган шахслар учун нишон бўлиб қолмоқда. Иккинчи ҳолатда, масала унданда чуқурлашиб кетган. Дельфинлар томошасини уюштирадиганлар ушбу сутэмизувчилар учун барча зарур шароитлар яратилганини таъкидлашади. «Жилмаяётган» жонивор тасвирланган ёрқин афишалар ҳам катталар, ҳам болаларни ўзига жалб қилади, бироқ камдан-кам кишилар жониворлар учун ҳовузда яшаш қанчалик қийинлигини тушунади. Масалан, табиий шароитда дельфин кунига тахминан 160 километр масофани сузиб ўтади, 200 метргача чуқурликка шўнғийди. Ёпиқ ҳовуз шароитида бу мумкинми? Албатта, йўқ. Бундан ташқари, дельфинарийнинг таги денгиз тубига ўхшамайди, бу эса ҳайвонлар учун қийинчиликларни келтириб чиқаради. Олимларнинг айтишича, дельфинлар чиқарадиган ва уларга қараб мўлжал оладиган сонар тўлқинлар дельфинарийнинг текис деворларидан қайтади, жониворларнинг ўзига оғриқ етказади, натижада улар бир-бири билан ҳар қандай алоқани тўхтатади ва бир мунча вақт ўтгач, нобуд бўлади. Жониворларни эркинликдан маҳрум қилиш ва улар билан кўнгилочар томошалар ташкил этиш – яратувчанлик гултожи ҳисобланган одам томонидан амалга оширилган инсонийларча хатти-ҳаракат эмас.

Бироқ шунга қарамай, Тошкентда биринчи дельфинарий очилди. Ушбу воқеадан анча олдин, интернет кенгликларида ушбу ғоя борасида қизғин баҳс-мунозаралар бошланганди. Жониворлар ҳимоячилари ҳатто, ноёб ҳайвонларни тутқунликда сақлашнинг салбий оқибатлари ҳақидаги далилларни тарқатишга чақириб, ижтимоий тармоқларда норозилик акциясини бошладилар. Изоҳлар турлича, лекин кўпчиликни томошаларга қарши норозилик бирлаштирди.

Ушбу томошалар томошабинларни қандай тўплайди? Афсуски, бунда аҳолининг асосий қисми экологик саводхонлик бўйича асосий тушунчаларга эга эмаслиги юзага қалқиб чиқади. Табиатга ғамхўрлик қилиш ва уни асраб-авайлаш - шахсни шакллантиришнинг муҳим омилидир. Ёшлигиданоқ бола учун тутқунликдаги жониворларнинг трюклари қизиқарли томоша сифатида шаклланган бўлса, унинг онгида атрофдаги оламга нисбатан инсоний муносабат борасидаги тасаввур пайдо бўлиши ҳақида гапириш мушкул. Болалар, албатта, барча тафсилотларни билишмайди, шу боис катталар олдида турган вазифа - жониворлар, ўсимликлар ҳаёти борасидаги билимларни, уларга ғамхўрлик қилиш кераклиги ҳақида маълумотларни етказишдир.

«Меҳр ва Оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ННТ мавзудан четда қолмади ва дельфинларнинг сунъий муҳитда сақланиши келтириб чиқарадиган салбий оқибатлари ҳақида ижтимоий тармоқлардаги ўз каналлари орқали маълумот беришга ҳаракат қиляпти.

- Биз инсон учун қизиқарли бўлган ҳар қандай кўнгилочар томошаларда ҳайвонлардан фойдаланишни қўллаб-қувватламаймиз, - дейди ҲҲҚЖ раиси Тимур Орипов. - Дельфинлар - эрксевар, тўда булиб яшайдиган, ақлли ва жуда ҳаракатчан сутэмизувчилардир. Мисол учун, Ҳиндистон уларни ҳатто, алоҳида тоифадаги «шахс»ларга киритди, қонун даражасида жониворларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлади ва уларни эксплуатация қилишни тақиқлади. Одамлар инсонийлик билан жониворларни ўргатиб бўлмаслигини билишмайди. Ўргатиш кўпинча очликка асосланади. Дельфинларга, ва умуман, ҳар қандай денгиз жониворига кимёвий моддалар қўшилган сувда яшаш тўғри келмайди. Бундан ташқари, дельфинлар аутизмдан азият чекувчи болаларга ёрдам беради, деган тахмин ҳам кенг тарқалган. Бунга жавобан, минтақамизда кўп учрайдиган мушук, от ва итлар ҳам худди шундай таъсирга эга, дейиш мумкин. Ривожланган хорижий мамлакатларда бундай ўйин-кулгиларга узоқ вақтдан бери талаб йўқ, кўпчилик одамлар, аксинча, дельфинарий қурилган жойларга бормасликка ҳаракат қилади ва шу орқали бунга қарши эканини намойиш этади. Биз ҳам, шунингдек, бу борада шаҳримиз ўрнак бўлишини истардик. Бизга дельфинарий ва цирклар керак эмас, уларга эҳтиёж йўқ.

Бунга изоҳ сўраб зоология ва экология соҳалари бўйича қатор маҳаллий мутахассисларга мурожаат қилдик ва «Бизда денгизлар, океанлар йўқ, бу мавзуни нега кўтаришимиз керак?», деган жумлаларни эшитдик. Муаммо биринчи навбатда уларни ташвишлантириши керак бўлган одамлардан бундай сўзларни эшитиш ғалати бўларкан. Ўзбекистоннинг океанга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакатлиги, бу ер аниқ дельфинларнинг жойи эмаслигини исботлар, балки.

Эҳтимол, бутун дунё бўйлаб мавжуд бўлган дельфинарийларни қачонлардир йўқ қилиб ҳам бўлмас. Даромад келтирадиган томошаларни ташкилллаштирувчиларнинг онгли равишда буни тўхтатишига ишониш ҳам фойдасиз. Бунда томошаларга ташриф буюришдан бош тортадиган ва жониворлар ҳаётини қутқарадиган одамларнинг меҳрибонлигига умид қилиш қолади, холос…

Евгения Юн.

«Правда Востока».

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 9 июлдаги 136-сонида «Океана нет, но дельфины есть?» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech