16 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,2 °C

Молия
20 Авг  2019 853

Ички валюта бозоридаги жорий вазият ва валюта курси динамикаси тўғрисида

Марказий банкнинг жорий йил 9 августидаги хабарида ички валюта бозоридаги вазиятнинг ўзгаришлари сабаблари баён этилган.

Сўнгги кунларда ички банклараро валюта бозори савдоларида валюта курсининг ўзгарувчанлиги ошиши кузатилмоқда. Хусусан, 2019 йил 20 август куни биржа савдоларида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан айирбошлаш курси 9384 сўмни ташкил этди.

Айирбошлаш курси ҳаракатларидаги бундай ўзгаришлар валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг жорий нисбатларини ҳисобга олган ҳолда курсни барқарорлаштириш учун банклараро савдо сессияларида мавжуд курс ўзгаришларининг бекор қилинишига сабаб бўлади.

Илгари айтиб ўтилганидек, сўнгги ойларда валюта курси динамикаси қуйидаги омиллар таъсирида шаклланган.

Биринчидан, жаҳон иқтисодиётида хавф-хатарнинг кучайиши ва савдо можароларининг кескинлашуви АҚШ, Хитой, евроҳудуд ва бошқа мамлакатларда иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашишига олиб келди.

Шу билан бирга кўплаб мамлакатларнинг молиявий бозорлари ушбу ўзгаришларга жумладан, Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари бўлган асосий давлатлар ҳам, миллий валюталарнинг ўзгарувчанлиги ва қадрсизланиши билан жавоб беради. Улардаги миллий валюталарнинг қадрсизланиш суръати инфляция даражасидан юқори бўлиб, бу сўм курсининг реал ифодада мустаҳкамланишига олиб келади.

Иккинчидан, иқтисодиётдаги инвестиция ва кредит фаоллиги ортиб бориши билан боғлиқ юқорида қайд этилган омиллар шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозорлардаги экспортнинг «қимматлашуви» кўринишидаги нарх рақобатбардошлигининг пасайиши ва импорт жозибадорлигининг ошишига олиб келади.

Бунинг натижаси ўлароқ сўнгги пайтларда ички валюта бозорида талабнинг барқарор ўсиши кузатилди.

Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши тенденцияси шароитида Марказий банк ташқи омилларнинг валюта курсини шакллантиришга таъсирини кучайтириши эҳтимолини ҳам инкор этмайди.

Бунда Марказий банк ички валюта бозоридаги вазиятни диққат билан кузатиб боради ва ташқи шокларнинг таъсирини юмшатиш ҳамда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар балансини таъминлаш учун бозор механизмларидан фойдаланишда давом этади.

Хусусан, Молия вазирлиги билан биргаликда инфляция ҳамда валюта курсига қўшимча босим ўтказишга олиб келувчи кредит ва фиксал экспансияни ушлаб туриш бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатлар қўлланилади.

Валюта бозорини янада либераллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 20 августидан бошлаб тижорат банклари томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали нақд пулда чет эл валютасини сотиш бошланди.

 

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech