22 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +39,6 °C

Мамлакатимизда
30 Мар  2019 1089

Нишон туманидаги мутасаддилар ҳамон “эски қолипда” ишламоқда(ми?)

Ҳаммамизга аён бугунги кунга келиб юртимизда барча соҳаларда кенг кўламли ишлар, катта ўзгаришлар олиб борилди ва бу давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизни янада ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар қизғин давом этаётир.

Одамларнинг ҳаётдан хурсанд бўлиб яшашлари учун зарур чоралар кўрилиб, муаммолари ўрганилмоқда. Бу йўналишда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида иш олиб борилмоқда.

Юртбошимизнинг халқ манфаати йўлида бошлаган эзгу ташаббуслари замирида, Президент халқ қабулхоналари ҳар бир вилоят ва туман, шаҳарларда ташкил этилганлиги таъкидлаш лозим. Ушбу янги механизм ёрдамида нафақат юз минглаб одамларнинг муаммолари ҳал этилди, балки мурожаатлар турли соҳалардаги аҳволни ўрганиш учун имконият эшиклари очилганлигини кўрсатмоқда.

Аммо афсуслар бўлсинки, порталимизга келаётган мурожаатлар Қашқадарё вилояти, Нишон тумани ҳокимияти ва ҳаҳалла фуқаролар йиғини раиси мутасаддилари ҳанузгача “эски қолипда” ишлаётганлигини кўрсатмоқда.

 “Мен оилавий шароитим оғирлиги, ижтимоий кўмакка муҳтожлигим боис Нишон тумани ҳокимига ариза билан мурожаат қилган эдим. Ҳоким эса давлатдан кредит олишим кераклигини билдирди. Ахир, ҳеч қаерда ишламасам кредитни қандай тўлайман, дедим. Шундан сўнг Нишон тумани Пахтазор МФЙга мурожаат қилдим. Мана уч йилдирки, Соат Бараковга мурожаат қиляпман. Ҳозирда яшаш шароитим жуда оғир, уйим хароба ҳолатда. Биз бир неча бор уй муаммоси бўйича ҳокимлик эшигида сарғайишга мажбур бўлдик. Бироқ ҳокимиятдаги мутасаддилар биз қилаётган мурожаатларнинг аксарияти билан маҳалла фаоллари шуғулланишини айтишади. Қишнинг қаҳратон совуғида уй томидан сув ўтиб, болам иккаламиз касал бўлиб қолдик. Ижтимоий, моддий кўмакка мухтожлигим сабабли “Менга 16 ёшгача болалар учун нафақа пулини ёки 3 ой ёрдам пули чиқариб беринг”, дея маҳалла раиси Соат Бараковга бир неча бор мурожаат қилдим. Минг афсуски, “Сенга ҳеч қандай ёрдам тўғри келмайди”, деб бир каробка ширинлик билан алдаб, таскин бериб кетди”, дейилади Нишон туманида яшовчи ёлғиз она Ризақулова Мавжуданинг мурожаатида.

Бу каби ҳолатларда, муҳтарам Президентимизнинг, “Халқимиз бизларнинг ишларимиздан рози бўлсин”, деган сўзларига ҳар бир давлат хизматида ишлаётган мутасаддилар ёд олиб қўйиши муҳимдир.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза, наҳот муаммони ҳал этиш учун маҳалла фаоллари ёки мутасадди шахслар бу ёш ниҳол қизчаси билан қолган ёлғиз онанинг уйига бориб уй шароити ва унинг қийнаб келаётган муаммосига қизиқмаган.

Хўш, қачонгача худудлардаги аҳолининг муаммолари кимнингдир аралашуви билан ҳал этилади?

Нишон туманидаги маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш бўлимлари ходимларининг қандай ишлаётганини порталимизга мурожаат йўллаган ёлғиз онанинг мисолида, унга кўрсатилмаётган ёрдам ва ижтимоий таъминотга мухтож оилаларга бўлган эътиборсизликда кўриш мумкин.

Туман мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғини ариза муаллифининг муаммосини ўрганмаган, уй-жойига келиб аҳволи билан қизиқмаган. Бу эса хонадонма-хонадон юриб, муаммоларни ўрганиш ва кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш масаласидаги ишлар мутлақо талаб даражасида эмаслигидан дарак беради.

Ўрганишлар жараёнида маълум бўладики, аҳолининг муаммо ва камчиликларини ўз вақтида бартараф этилмаётганлиги туман аҳолисининг маҳаллий ҳокимиятга бўлган ишончи йўқолиб боришига олиб келмоқда.

Ризақулова Мавжуданинг мурожаати аксарият ташкилот ва идоралар томонидан мутлақо эътиборсиз қолдирилганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Наҳотки, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда сансоларликка ва турли мурожаат, илтимоснома, аризаларга ҳанузгача эътиборсизлик билан ёндашаётган мутасаддилар бугунги кун талаби ва шароитини унутиб қўяётган бўлса?!

Ўйлаймизки, юқоридаги бир ёлғиз ёш онанинг қалбидаги ноласи маъсул мутасаддилар томонидан атрофлича ўрганилиб, муаммоларга ечим топилади.

Ҳамид Ахрор.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech