26 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,6 °C

Бўш вақтда
31 Мар  2019 1642

"Мияни тозалаш" махфий лойиҳаси

Инсонлар устидан шундай тажрибалар ўтказишганки, бу исталган кишини даҳшатга солади…

Ўтган асрнинг 1950 йилида «Майами Ньюз» газетаси «Мияни ювиш тактикаси» сарлавҳаси остида жуда шош-шувли мақолани чоп этганди. Худди ўша дамлардан бошлаб «брейн уошинг» атамаси ҳалқаро лексикон (луғат)дан мустаҳкам ўрин эгаллади. Мақола муаллифи ва ташвиқот масалалари бўйича МРБнинг оператив ходими Эдвард Хантер эди. Журналистика унинг учун ниқоб вазифасини ўтаган. Кейинчалик эса ана шу мавзуга бағишланган қатор китоблар ёзди. У ўз асарларида хитойча «си-нао» («мияни тозалаш») атамасини тилга олган. Аммо ушбу сўзга Хитойда ҳеч қандай сиёсий тус берилмайди.

Мияни тозалаш, ювиш техникаси МРБ томонидан «Кўк қуш» лойиҳаси остида ишлаб чиқилган, кейин эса «Артишок» (артишок ― ўтсимон полиз ўсимлиги маъносини ҳам беради) деб номланган. 1953 йилнинг 3 апрелидан бошлаб эса лойиҳа янги кодли «МК-Ультра» номини олди. Тажрибаларнинг мақсади жуда қўрқинчли бўлган. Одамга нафақат таъсир кўрсатиш, балки унинг фикрлашини бутунлай, тубдан ўзгартириб юбориш, хотирасини ўчириш эди.

Бундан ташқари, ушбу лойиҳа ташаббускорларини Корея урушида асирга тушган Америка аскарларининг бутунлай ўзгариб қолгани ҳам жуда ташвишга соларди. Улар барча ишга бурнини суқиб, АҚШ ва унинг сиёсатини ёмонлаб, қоралай бошлашган. Фронтдан хабар беришларича, уларнинг Шимолдаги радиоташвиқот каналлари орқали чиқишлари «Москва ва Пекин сафсатаси билан тўлиб тошган эди».

Бунинг устига асирликдан озод қилиниб, ўз ватанларига қайтиб келган ўша бир пайтлар ватанпарварлик руҳида ёнган аскарлар ўз она тупроғида ҳам тинч юришмади. Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлаб, турли варақалар тарқатишарди ва ҳатто, ўша давлатни коммунистларга беришни талаб қилишарди.

Корея уруши охирида 70 фоиз америкалик ҳарбий асирлар, Хитойда эса уларнинг сони 7190 та эди, ё жиноятга қўл уришганини тан олишган ёки Осиёда урушни тўхтатиш чақириқлари остига ўз имзоларини қўйишган. Улардан 15 фоизи хитойликлар билан тўлиқ ҳамкорлик қилган ва фақат 5 фоизигина турли босимларга дош бера олган. Америкаликларнинг ўзини тутишлари инглизлар, австралияликлар, турклар ва БМТнинг бошқа ҳарбий асирлариники билан таққослаганда, уларнинг фойдасига ишламаган. Улар орасида коллаборационизм (ўз ватани душманлари билан ҳамкорлик қилиш, хоинлик) жуда кам учрайдиган ҳолат эди. Бироқ уларга ҳам муносабат худди америкалик ҳарбий асирларга каби бир хил бўлган. Америка жамоатчилиги саросимада ва бунга жўяли жавоб талаб қилинарди. Бундан ташқари, улар МРБдан ҳам жавоб кутардилар.

Ҳозирги пайтда «Корея синдроми» жуда яхши ўрганилган, уни, яъни инсонга таъсир кўрсатишни психологияга бағишланган деярли ҳар бир ўқув манбаида учратиш мумкин. Ўшанда эса бу «нотабиий» трансформацияни унча-мунча тажрибали киши ҳам тушунтириб бера олмасди. Буни бутунлай бошқача талқин ҳам қилишган — коммунистлар гўёки инсонни бутунлай ўзгартириб юбориш сирини топишган ва бу ерда қандайдир бошқа гап бор бўлиши керак.

МРБ директори Аллен Даллес нима сабабдан америкалик аскарлар Осиёда жанг қилишни истамаётганларини аниқлаш ва бунинг мотивларини билиш борасидаги ишларни шахсан ўз назоратига олди. Ҳатто, бунинг учун дунёга машҳур невролог Гарольд Вольф ҳам жалб қилинган. Унга 1953 йилнинг охирига келиб «мияни тозалаш» усуллари устидан тадқиқотлар олиб бориш таклиф этилди.

Худди ана шундан бошлаб ўша «сирли куч»ни излашга киришилди. Буни ҳатто, тўғри маънода ҳам қабул қилишган ва оккульт фанлар бўйича кучли мутахассислар ҳам мазкур ишга жалб қилинган. «Ёпинчиқ ва ханжар» маҳкамасида ўрта асрларда ёзилган китоблардан инквизиция қўллаган барча усулларни қунт билан ўргана бошладилар. Яна концентрацион лагерлардаги нацист амалиётчи-психиатрларнинг ишлари ва усулларига мурожаат қилинди.

Шифохоналар ва қамоқхоналарда шифокорлар махфий тажрибалар ўтказиб, инсон организмига марихуана, ЛСД (лизергамидлар оиласига мансуб ярим синтетик психоактив модда) каби гиёҳванд моддаларнинг таъсирини ўргана бошладилар. Тажрибадаги одамларга ЛСД вақтинчалик таъсир кўрсатиши аниқланган. Ушбу препаратлар киритилиши тўхтатилгандан сўнг улар онгида бирорта жиддий ўзгаришлар кузатилмади. Ана шундай ўзгаришлар эса мутахасисларга сув ва ҳаводек зарур эди.

Шундан сўнг Аллен Даллес профессор Эвен Камеронни таклиф қилди. Психиатр ва МРБ директори анча вақтдан бери таниш эдилар. Улар илк бор Нюренбергда, 1945 йилнинг кузида немис ҳарбий асирлари устидан ўтказилган жараёнда учрашишган. Камерон у ёққа ягона мақсад билан — суддан олдин Гитлернинг собиқ ўринбосари Рудольф Гесснинг руҳий ҳолатини билиш учун жўнатилганди. Гордон Томаснинг ўз китобида келтиришича, Камерон ва Даллес ўртасида тездагина илиқ муносабатлар пайдо бўлган.

Бир пайтлар «буюк депрессия» бўронларидан қочган психиатр АҚШ орқали Канадага келиб қолганди. Кейинчалик эса Монреалда ўзининг «Алленнинг мемориал институти» деб номланган психиатрия клиникасига асос солган. Жуда яхши тиббий билим олган Камерон фақатгина шизофренияни ўрганиш билан чекланиб қолгани йўқ. У ўз олдига инсонни таъсир кўрсатиб бошқариш ва унинг хатти-ҳаракатларини назорат қилиш механизмини аниқлашни ҳам мақсад қилганди.

Ўзининг тасдиқлашича, у «дифференциал амнезия»ни келтириб чиқара олган. Яъни тажрибадаги киши унутилиши керак бўлган нарсани бутунлай унутади. Айнан ана шундай муаммолар билан ҳам «Артишок» ва «Ультра» лойиҳасида ҳам шуғулланишган. Камерон эса руҳиятга амалий таъсир усулини тажрибадагиларда қўрқув уйғотадиган ва уларда жуда ғамгин хотираларни пайдо қиладиган жумлаларни жуда кўп марта такрорлаш, мижозини ўйқудан маҳрум қиладиган электрошок, ёки аксинча, мижозини кучли уйқу дорилари ёрдамида ҳафталаб ва ойлаб чуқур уйқуга кетказиш усуллари билан бойитди. Бунинг бари мижоз шахсини бутунлай ўзгартириб юбориш учун амалга ошириларди. Бунда уларнинг миясидан ўз таржимаи ҳоли, илгариги кўникма ва дунёқарашларини бутунлай «ювиб ташлаб», ўрнига янгиларини киритиш асосий мақсад эди.

Камероннинг ўзи ёзганди: «Мижозлар курснинг уч босқичидан ўтказилади. Биринчисида, улар хотиранинг катта қисмини йўқотадилар. Бироқ бунда қаерда ва нима учун эканликларини яхши тушунадилар. Иккинчисида, улар макон ва замон ҳақидаги тасаввурларини йўқотадилар. Бироқ шунга қарамай, ниманидир хотирасида сақлаб қолишга жон-жаҳдлари билан уринадилар, хавотирга тушишади. Тўғри, улар ушбу босқичда «қаердасан?» деган саволга жавоб бера олишмайди. Учинчи босқичда эса хавотир бутунлай йўқолади. Ана шундан сўнг тўлиқ ўзлигини унутиш ҳолати бошланади».

Меъёридаги ва шизофренияга чалинган кишилар шахси табиатидаги ўзгаришларни Камерон интенсив электрошок таъсири ёрдамида аниқлашга уринарди. Бунда кўпинча уйқу дорилари ёрдамида мижозлар ухлатиб қўйиш ҳам кенг қўлланиларди. Шундай қилиб, у инсон ақли ва хотирасини жон-жон, деб ўчиришга тайёр турган психиатрлардан бири эди. Сал олдинроқ, яъни 1951 йилда «ARTICHOKE» дастури доирасида Морзе Аллен буни «ўсимликни барпо қилиш» дея атаганди. Камерон эса «тоза доска» («tabula rasa») усулини ўзининг «дифференциал амнезия» усули билан оқлади ва ушбу усулни шизофренияни даволашда қўллаш мумкинлигини таъкидлади. Аммо буни бирор статистик маълумот билан исботламаган. Унинг тасдиқлашича, «тўлиқ амнезия»дан сўнг секин-аста яна инсоннинг хотираси ўзига қайтади. Лекин бу сафар ҳеч қандай шизофрения аломатларисиз. Камерон ўзининг «дифференциал амнезия» усулини бирор далил-исботларсиз келтирган. Бу жуда яхши имконият эди. Чунки ушбу усулни жуда кўп нарса биладиган кишига нисбатан қўллаш мумкин эди-да! Ана шу масалаларни ечишга «ARTICHOKE» ва «MKULTRA» лойиҳаси иштирокчилари роса уринишганди.

МРБдан профессор ўртадаги воситачи «Инсоннинг яшаш муҳитини тадқиқ қилиш жамияти» орқали 19 минг доллар пул олди. Шунингдек, клиника директори пулни олгач, унинг олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Тажрибаларда шунга эришиш керак эдики, бунда инсондаги айни дамда мавжуд бўлган хатти-ҳаракатлар стереотипини ўчириб ташлаб, янгисини киритишга интилиш лозим бўларди. Оддий сўз билан айтганда, одам илгари билган барча махфий сирларни, ишини бутунлай унутиб, МРБнинг топшириқларини сўзсиз бажариши керак эди.

Канадада чиқадиган «Лидерпост» газетасининг 1980 йил 13 декабрда чиққан сонида махфий тадқиқотлар ҳақида шундай фактлар келтирилади: «Камерон меъёридаги дозадан 75―100 баравар кучли бўлган электрошокдан фойдаланган. Бу пайтда эса мижозлари магнит тасмасига ёзилган буйруқларни соатлаб эшитишга мажбур қилинарди. Эшитиш қобилиятини тўқмоқ жумлалар билан бомбардимон қилиш, улар организмига гиёҳванд моддалар киритиш билан бирга амалга ошириларди. Бунда мижоз ҳафталаб, ҳатто, ундан кўп муддатлар чуқур уйқу остида бўларди. Бу билан эса уни барчасини унутишга мажбур қилинарди. Кейин эса хатти-ҳаракатлари сунъий равишда дастурлаштириларди».

Камерон усули бўйича инсон шахсиятидаги туб ўзгаришлар «уйқу терапияси»нинг 15―30 кунларида намоёни бўларди. «Даволаш курси»да мижозлар кунни кунга улаб ухлардилар. Ўша клиникада бир пайтлар ишлаган шифокорлардан бирининг айтишига қараганда, улар «уйқу коктейли» деб номлаган дорини бериш учун шифокорлардан бири бир беморни кунига уч марта уйғотар экан. Дори таркиби эса 100 мг торазин, 100 мг нембутал, 100 мг секонал, 150 мг веронал ва 10 мг фенергал бўлган.

Бошқа бир шифокор эса ўша мижозни электрошок бериш учун кунига уч марта уйғотган. У бемор ётган палатага ёрдамчиси билан оддий маҳаллий анестезия ҳолатини келтириб чиқарадиган машинани суриб кириб келаркан. Дастлаб, мушаклар учун релаксант киритилган. Бу мижох титраётган пайтда жароҳат олмаслиги учун эканини тушундингиз, албатта. Электродларни шўр сувга тиқиб, токни улаганда ёрдамчиси беморни маҳкам ушлаб турган. Бир мартанинг ўзида мижоз кунига ёки кун ора сониянинг улушлари орасида 110 В электр заряди қабул қилган. Камероннинг ўзи эса кунига 2―3 марта ва 20―30 марта кўпроқ давом этадиган 150 В кучланишдан фойдаланган экан. Ҳатто, ушбу усулни ихтиро қилган Пейдж ва Расселлар ҳам кунига бир марталик электрошок билан чекланишган. Бунда улар мижоз буни умуман хоҳламаганда амалга оширишмаган ҳам. Бироқ Камеронга бундай аломатлар мойдай ёқиб тушарди ва буни соғайиш, дастурнинг тўлиқ амалга оширилиши, деб тасдиқларди.

Мижозларининг қулоқни қоматга келтирар даражадаги бақиришлари ҳам Камеронни бу ишидан тўхтатиб қололмасди. Кейинчалик беморлардан бирининг эслашича, «даволаш» ўтказилаётган хоналардан кўпчилик четлаб ўтаркан ва ҳеч қаси бемор унга яқинлашишга журъат қила олмас экан.

Камероннинг ўзи эса электрошок ва уйқу терапиясини омихталаштирилган даволаш усули деб атаган. Бундай терапия 15―30 кун давом этса, айрим мижозлар учун 65 кун вақт кетган. Баъзи ҳолларда эса препаратлар ўз таъсирини йўқотгандан сўнг мижозлар қочишга уринишган. «Аммо кўпинча клиника ходимлари дарров уларни тутиб олишарди», дея эслайди Лорен. Г.Камероннинг усули билан яхши таниш бўлган шифокорлардан бирининг айтишича, мижозларни даволаш пайтида юришга мажбур қилиш жуда қийин бўларкан. Юрганлари ҳам кучли карахтликда, зомбилар каби йўлакдан ҳаракатланишаркан. «Бир хиллари эса умуман ўзини ва эс-ҳушини йиғиштириб ололмасди», дея эслайди у.

1957 йилда эса Камерон сенсор ҳиссиётларни йўқотиш устида тадқиқотлар олиб бора бошлади. Бунинг моҳияти қуйидагича эди. Тажрибадаги кишини кичик қоронғи хонага олиб кириб ётқизишарди, кейин унга қора кўзойнак тақиб, қулоғига наушник кийдириларди. Ана шу йўл билан улар дунёдан тўлиқ изоляция қилинган. Шундай изоляциядан сўнг бир неча сутка вақт ўтгач, мижоз овозининг борича бақирарди ва ҳатто, ўкириб йиғлай бошларди. Мижозлар эса ана шундай изоляцияни 40 соатдан 35 кунгача бошидан кечиришган. Кейин эса яна нақ 101 кунга бошқача кўринишдаги изоляцияга маҳкум қилинарди. Маълум бўлишича, изоляция усули билан қанчалик кучли ва бадошли бўлмасин исталган одамни «синдириш» мумкин экан. Кейинчалик ана шу усулдан МРБ кенг фойдалана бошлади. Бунда жосусликда гумон қилинаётганлар бир неча кун ичида синиб, «ёриларди».

Камерон МРБга қилган таклифида кўрсатилишича, тажрибалар чоғида у Жанубий Америкада бўладиган кураре заҳридан фойдаланишни ҳам кўрсатиб ўтган экан. Ушбу заҳар кам дозаларда қисман фалажланишни келтириб чиқаради ва маълум аъзоларни шол қилиб қўяди.

Яхшиямки, 1964 йил номаълум сабабларга кўра, Камерон ўз фаолиятини тўхтатди. 1967 йилда, 66 ёшида эса тоққа кўтарилаётганда вафот этди.

Америкада чиқадиган псхиатрияга бағишланган журнал саҳифаларида унинг портрети ва тагида таъзияномаси эълон қилинди. Орадан ўн йил ўтиб эса, яъни 1977 йилда «Нью-Йорк Таймс» газетаси АҚШ МРБ билан Монреалдаги психиатрия клиникаси ўртасидаги махфий алоқаларни ошкор қилди. Ана шундай мақола босилгандан сўнг килиниканинг собиқ тўққиз мижози МРБ устидан судга даъво аризаси беришди.

Ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида МРБ Камерон билан ҳамкорлик қилганини тан олмади ва рад этди. Ниҳоят, 1988 йилда Америка ва Канада жамоатчилигининг кучли таъсири ва рад этиб бўлмас даллиллари асосида МРБнинг янги директори «жабрланувчилар» билан келишиб олишга фармойиш берди. Уларга 750 млн. доллар товон пули тўланган.

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech