22 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20,5 °C

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан учрашди

Доҳа шаҳрида (Қатар) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Қатардаги “Толибон” ҳаракати сиёсий офиси раҳбари мулла Бародар Ахунд билан амалий учрашуви бўлиб ўтди. Музокараларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

 

Мулла Бародар Ахунд Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашишга қаратилган сиёсатини юқори баҳолади. У ўтган йилнинг март ойида ўтказилган ҳамда афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларнинг фаоллашишига кучли туртки берган Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси аҳамияти ва якунларини ҳам алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари “Толибон” ҳаракати раҳбарияти вакили транспорт, энергетика ва таълим соҳаларидаги муҳим иқтисодий лойиҳаларни Афғонистонда амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ташаббусларини ижобий баҳолади. Унинг алоҳида қайд этишича, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари нафақат Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига, балки мамлакатда тўлақонли сиёсий жараён бошланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади. Натижада Афғонистон келажакда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида “ишонч ва ҳамкорлик кўприги” бўлиши мумкин.

Мулла Бародар Афғонистонда тинчлик жараёнини янада тараққий эттириш борасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech