17 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,6 °C

Саломатлик
29 Мая  2019 654

Озиш ҳақида билмоқчи бўлганларимизнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғри?

Спорт устаси, маслаҳатчи-мураббий, диетолог, бодибилдинг бўйича Ўзбекистон ва Марказий Осиё чемпиони Жавод Имомов парҳез, тўғри таомнома тузиш ва овқатланиш ҳақида энг кўп тарқалган нотўғри тушунчалар ҳақида сўзлайди.

 

12.00 га қадар хоҳлаган таомни истеъмол қилиш мумкин, 18.00 дан кейин овқатланиш мумкин эмас

- Бу афсона. Аслида 18.00 дан кейин овқатланишни чеклаш бўйича тавсиялар илмий асосга эга эмас. Енгил тамадди нотўғри бўлмайди, лекин унутманг, охирги таом уйқудан уч-тўрт соат олдин қабул қилиниши лозим. 12.00 га қадар қанча ва нимани истеъмол қилиш мумкинлиги борасидаги тасдиқ ҳам янглиш фикр. Агар оддий углеводлар (ширинликлар ва ун маҳсулотлари)ни катта миқдордаги истеъмол қилсангиз, жуда тез семириб кетасиз, бу ерда маҳсулотларнинг қай вақтда ейилиши аҳамиятга эга эмас.

Ҳатто, парҳез тутганда ҳам, бақувват нонушта керак

- Бу бор гап. Нонушта қилиш керак, чунки ҳозирги ишлайдиганларнинг кўпчилиги тушда овқатланиш учун вақт топа олмайди, шундан кейинги тўлақонли овқатланиш эса фақат кечқурун бўлади. Ошқозон-ичак тракти фаолияти, вазнни, ва албатта, саломатликни меъёрида сақлаб туриш учун эса мунтазам овқатланиш талаб этилади. Овқатланишлар орасидаги танаффус тўрт-беш соатдан ошмаслиги керак, негаки овқат ҳазм бўлиши лозим. Нонушта учун турли бўтқалар, нордон сут маҳсулотлари, қуймоқлар, буғдой унидан ёпилган нонларни тавсия қиламан.

Вазнни йўқотиш учун нондан воз кечиши керак

- Бу шарт эмас. Бунинг сири оддий: олий навли ундан тайёрланган оқ нонни қора нон билан алмаштиринг. Ахир, ноннинг озиқ толаси модда алмашинувини меъёрлаштиришга, яъни вазн йўқотишга ёрдам беради, танани модда алмашинувдан ҳосил бўлган маҳсулотлар ва заҳарли моддалардан халос этади, ортиқча холестерин ва қандни чиқаради. Бундан ташқари, донли нонда барча биологик фаол моддалар ва Е витамини сақланиб қолган бўлади.

Озиш учун қанд ўрнини босувчиларни истеъмол қилиш керак

- Қанд ўрнини босувчи стевия, деган ўсимлик мавжуд. Ундан оддий қандга қараганда 200 марта ширинроқ экстракт олинади! У қондаги қанд миқдорини оширмайди, шу боис инсулин чиқарилишини қўзғатмайди, айнан, ўша иккинчиси, вазн ошишига сабаб бўлади.

Бироқ соғлом одамнинг диабетда тавсия этиладиган озиқ-овқатларни истеъмол қилишига ҳожат йўқ (қанд ўрнини босувчи маҳсулот улардан бири). Вазн йўқотишнинг сири оддий: тўғри ва фойдали овқатланиш, оддий углеводлар (шоколад, қандолат маҳсулотлари, сирланган пишлоқ, творог массаси, ёғли ширин нонлар, ҳолва, қаймоқли музқаймоқ)дан воз кечиш. Ширинликхўрларга озгина қуритилган мевалар, асал, баъзан қуюқроқ шинни, қиёмлар рухсат этилади.

Ёш ўтгач, барча аёллар тўлишади

- Тўғри. Ҳаётнинг муайян даврларида аёллар семиришга мойил бўлади. Аммо мувозанатланган парҳез ва спорт билан уни бемалол назорат қилиш мумкин.

Қоматни сақлаб қолиш учун ёғлар истеъмолини камайтириш керак. «Яширин» ёғларни ўз ичига олувчи маҳсулотлар - колбаса, сирланган пишлоқ, хамир овқатлар, шоколаддан воз кечинг. Духовкада пиширилган, қайнатилган ва димланган таомларга афзаллик берган маъқул. Қондаги холестерин миқдорини камайтиришга ёрдам берадиган кўп тўйинмаган ёғ кислоталарини ўз ичига олган балиқ (ҳафтасига икки-уч марта) ва балиқ мойини таомномага киритинг. Бундан ташқари, унда кальций алмашинувида муҳим роль ўйнайдиган ва остеопороздан ҳимоялайдиган Д витамини мавжуд. Денгиз маҳсулотлари - қисқичбақалар, кальмарлар, мидия, бошқалар - оқсил манбаидир, шу билан биргакўп тўйинмаган ёғ кислоталарини, В гуруҳи витаминлари - темир, кальций, йодни ўз ичига олади.

Витаминларни фақат қишда қабул қилиш керак, ёзда мева-сабзавотлар билан чекланиш мумкин

- Нотўғри тасдиқ. Витаминларнинг етарли дозасини олиш учун инсоннинг тўғри овқатланиши ва витамин комплексларини қўшимча равишда қабул қилиши талаб этилади. Бета-каротин, В гуруҳ витаминлари, айниқса, РР ва В12 витаминлари терининг юқори қатламини ҳимоялайди, улар мева-сабзавот, балиқ, творог, маржумак, бодомда кўп. Минтақамиз аҳолиси қуёш нури теридаги C витамини миқдорини камайтиришини билиши керак, шу боис қорағат, цитрус мевалар, киви, булғор қалампири, кўкатлар, помидор бошқа маҳсулотлардан тез-тез истеъмол қилишга ҳаракат қилинг. Ноннинг қора ёки донли навларни истеъмол қилган яхшироқ - улар ўзида кўп миқдорда озиқ моддаларни сақлаб қолади.

Юлия Резникова

ёзиб олди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech