10 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,5 °C

Бўш вақтда
27 Апр  2019 1865

Мен тирикманми ўзи (Виктор Коклюшкин)

Ҳозир сизга ғалати бир ҳаётий воқеани сўзлаб бермоқчиман...

Шифохонага тушиб қолдим. Оёғим чиқиб кетганди... Бўйним сингани яхшийди, ундан кўра! Кўз олдингизга келтиринг, қабулхонада шифокор қачон келиб менга қараркан, деб кути-и-б ётибман. Аммо унинг ўрнига иккита санитар пайдо бўлди.

— Шуми? — деди паканаси новчасига мени кўрсатиб.

— Ҳозир кўрай-чи, — деди новча, — бу ярамасларнинг барини эслаб қолиб бўларканми?!

Чўнтагидан бир тўп қоғоз чиқариб, титкилади-да, деди:

— Ҳа, шу! Мана, — деди, — соат ўн учу ноль-нолда жони узилди, деб ёзиб қўйилибди.

Ҳайрон бўлиб сўрадим:

— Кимнинг жони узилибди?

Пакана деди:

— Сендан ҳеч ким сўрагани йўқ! Роса бети қалинлашиб кетганини қара, буларнинг! — деди. — Бурноғи йили бир бобой шунақа қилиб, мудирни қўрқитиб юборувди. Энди ўзига қуйган экан, бобой шартта олиб ичиб юборибди, камига газакка ҳам қўл узатаётганмиш!..

Новча деди:

— Ҳа, ҳаётда шунақа ғайритабиий ҳодисалар ҳам бўп туради! Ҳар эҳтимолга қарши яна бир текшириб кўрай-чи?!

Текшириб кўргач, деди:

— Йўқ, ҳаммаси тўғри, мана, ёзиб қўйилибди: Анисимова Аграфёна Петровна... 1883 йилда туғилган...

— Аҳмоқлар! — чинқирдим мен. — Ҳали устингиздан арз қиламан!

— Бурноғи йили, — деди пакана, — бир момой ҳам шикоят ёзганди. Яқинда жавоби ҳам келиб қолса керак...

— Ўзлари аниқлаб олишади, — деди новча, — ҳозир бунақа ишларга талаб қаттиқ!

Пакана иккиланиброқ гапирди:

— Менга қара, — деди у, — сал ғалатироқ момой эканми: шим кийган, мўйловли, тақир боши ҳам ялтираяпти.

Новча деди:

— Нима бўпти, балки тириклигида шунақа, бошқалардан ажралиб турай, дегандир?!

— Бурноғи йили, — гап қўшди пакана, — бир рокерни олиб келишганди. Тавба дейсан киши, рокернинг ўрнига мотоциклни кўмишибди-я! Буларни шунақа ажратиб бўлмайди ўзи...

— Дўхтирни чақиринглар! Менга дўхтирни чақир деяпман! — бўкирдим мен.

Шу пайт эшик очилиб, шифокор кириб келди: халати оҳорланган, қараши ўткир. Кўкрагида стетоскоп, бошида буғу мўйнасидан тикилган телпак, уриб кетишмасин деган-да!

— Нима гап? Нега бемор бунча чинқиряпти? — сўради у. — Яна режани кўпроқ бажариш учун кейинги чоракнинг ҳам дорисини беряпсизларми?

— Бурноғи йили, — гап қўшди пакана, — ҳеч ким хафа бўлмаслиги ва ҳаммага етиши учун дориларни шундоқ қозонга солгандик. Бу йил эса сиз уришиб берганингиз учун, умуман бермаймиз, деб турувдик.

— Бунинг устига бу касал эмас, — деди новча, — у ҳалиги...

Қоғозларини титкилади ва ҳайрон бўлиб деди:

— Ийй! Иккита қоғоз бир-бирига ёпишиб қолган экан, бу киши ўн тўққизинчи асрда туғилган Аграфёна эмас, балки... балки сунъий буйрак аппарати экан!

Шифокор лабларини қимтиди ва ақллинамо гап ташлади:

— Буни аниқ японлар ясаган, ўзимизникилар эплолмаса керак?!

— Мени ўзимизникилар ясаган, ўзимизникилар! — қичқирдим мен.

— Уни қара! — деди ҳайратга тушиб пакана, — эплашганга ўхшайди! Қани, кўтардикми? — деди буйруқ оҳангида новчага ва ўзи оёқларимдан тутди.

— Во-о-ой! — дея чинқирдим ва қутулмоқчи бўлиб, ушлаб турган оёғимни қаттиқ силкитдим... Бир нарса «қирт» этди-ю, чиққан оёғим жойига тушди. Кейин тура солиб қочдим. Мингга қўйиб қочаётиб, кўчадаги симёғочга бориб урилибман...

Энди юқоридагиларни тушимда кўрдимми ёки чиндан ҳам шундай бўлдими — ўзим ҳам билмай, иккиланиб қолдим!..

Рус тилидан

Нурпўлат НУРҚУЛОВ таржимаси.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech