19 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,8 °C

Фикр
25 Мар  2019 3430

Ёмон болалар бўлмайди, балки масъулиятсиз ва лоқайд катталар бўлади

Болалардаги шафқатсизлик қанчалик чуқур илдиз отиши мумкин? Нима учун ёш бола нималар мумкин экани чегарасини билмайди? Тўққиз-ўн ёшлардаги уч болакайнинг биттасига ҳужум қилганига тасодифан гувоҳ бўлиб, беихтиёр ўзингга шу ва шунга каби саволларни бера бошлар экансан. Ёши кичикроқлари каттароқларининг айтганини бажонидил, сўзсиз бажаришмоқда: қўлини қаттиқроқ қайириш керакми – муаммо эмас, уят гаплар билан сўкиш керакми – бундан осони бор эканми?

 

Ҳаммамиз ҳам бола бўлганмиз, ҳар биримиз ўз шахсий ўсиш босқичидан ўтганмиз, албатта. Илгари ҳеч нраса муштлар ёрдамида ҳал қилинмаган дея оламизми? Йўқ, албатта. Бироқ ҳозирги болаларнинг шафқасизлиги ошиб кетяпти. Бугун бемалоб бештаси биттасини уриб-тепиб, калтаклаши мумкин, олтинчиси, буни тасвирга олади ва интернетга жойлайди. У ер-бу ерда эшитиб қоламиз, фалон мактабга фалончи ўқувчи яна пичоқ ёки кастет (муштга кийиладиган уришиш қуроли) олиб келганини эшитиб қоламиз. Муштлашувлар салкам меъёрга айланиб бормоқда.

Бунга ким айбдор ва қандай йўл тутиш керак? Шу ва шу каби саволлар билан ҳар куни тарбияси оғир болалар билан ишлайдиган – Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ИИБ ФМБнинг вояга етмаганлар билан ишлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш профилактикаcини мувофиқлаштириш бўлими инспектори Барно Қориевага мурожаат қилдик.

- Болалар шафқатсизлиги қанчалик чуқурлашиб кетиши мумкин?

- Бу саволга бирданига жавоб бериш қийин. Бир ҳолат иккинчисини мутлақо такрорламайди. Масалан, амалиётимда шунақасини кўрганман: коллеж ўқувчиси саккизинчи синфда ўқийдиган ва мини-юбка кийган қизларнинг «эсини киритиб қўйиш» учун уларнинг оёқларини кесишга қарор қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларининг нега бундай қилгани ҳақидаги саволига, бошқа калта юбка киймасликлари учун, дея жавоб қайтарган. Бу уларга сабоқ бўлармиш. Бошқа бир ҳолат иштирокчилари эса ўнинчи синф ўқувчилари. Гўзал (барча исмлар ўзгартирилган) синфдоши Маҳмудга Анварнинг у ҳақда ёмон гапларни айтгани, кетидан қариндошларини сўкканини айтади. Бундан қаттиқ ғазабланган Маҳмуд Анварга: «Агар эркак бўлсанг, юр, мактабдан четда гаплашамиз», деган. Анвар эса бундай гап ҳеч қачон бўлмаганини айтган, аммо Маҳмуддан қўрқмаслигини, ўзини ҳимоя қила олишини кўрсатиб қўйиш учун ҳам «разбор»га рози бўлган. Натижада Маҳмуд синфдошига пичоқ билан жиддий жароҳат етказган ва Анвар ҳодиса жойининг ўзида ҳаёт билан видолашган. Иккала ҳолатда ҳам айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилди. Хуллас, юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, саволга бирданига жавоб бериш чиндан ҳам қийин.

- Тарбияси оғир болаларни нима бирлаштиради?

- Одатда, ўхшаш ўхшашига тортилади. Барча тарбияси оғир болаларнинг амалда дунёқараши бир хил. Улар, асосан, мудом хафалик, оғир ҳаётий вазиятлару кечинмалар гирдобида бўлади. Кўпинча бирор тузук-қуруқ иш қилишмайди. Алкоголли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, психотроп воситаларни эрта татиб кўришади. Улар учун бу одатий турмуш тарзи. Бунинг учун уларни ёмон дейиш мумкинми? Йўқ, мумкин эмас. Ёмон болалар бўлмайди. Масъулиятсиз ва лоқайд катталар бўлади. «Кичкина шаҳзода» асарини эсланг:

- Одамлар бу ҳақиқатни унутиб қўйди, - дейди Тулки. – Биз ҳамиша қўлга ўрганиб қолганлар учун масъулмиз.

Нега кўпгина катталар ўз фарзандлари учун масъул эканини унутишмоқда? Айнан, уларнинг лоқайдлиги, гоҳо ноижтимоий турмуш тарзи фожиали ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Сўнгги пайтларда болаларнинг тарбияси билан мактаб ва профилактика инспекторлари шуғулланишлари керак, деган ота-оналар тобора кўпайиб бормоқда. Хуллас, исталган киши, фақат ўзлари эмас. Бир топиб айтилган гап бор, едириб-ичириш – бу ҳали тарбия берди, дегани эмас. Жамиятда ҳам тарбияси оғир болалар асосан, нохуш оилаларда учрайди, деган фикр мавжуд, аммо бундай эмас. Баъзан ҳар томонлама яхши дейилган оила фарзандининг ҳам ўзини тутиши кўнгилдагидек бўлмайди. Бунда ота-она ва фарзандлар ўртасида алоқанинг йўқлигига тўқнаш келамиз. Бундай оилалардаги ота-оналар фарзандларининг тинчини бузишларидан қимматбаҳо совғалар, пул бериб «қутулади». Натижада болада ёшлигиданоқ менга ҳамма нарса мумкин, ота-онамнинг пуллари ва танишлари барча муаммоларни ҳал қилади, деган тушунча пайдо бўлади.

- Болаларнинг шафқатсизлигига ким айбдор?

- Шафқатсизлик бир кунда пайдо бўлиб қолмайди ва боланинг ҳам бир соат ичида тарбияси бузилиб қолмайди. Катталарнинг муаммони кўришни истамаслиги вақтни йўқотишга олиб келади. Бир ажойиб ривоят бор, ота-она уч ойлик фарзандини кўтариб донишманднинг олдига келибди. Улар болани қачон тарбиялай бошлаш кераклигини сўрашибди. Донишманд эса уларга 12 ойга кеч қолганини айтибди.

Бола, аввало, катталарнинг меҳри ва эътиборини ҳис этиши лозим. Афсуски, ана шу оддийгина ҳақиқатни кўпчилик унутиб қўймоқда. Амалиётимизда ҳам кўп учрайди: ота-она фарзандининг тамаки чекиши, тенгқурларига зўравонлик қилиши, алкоголли ичимлик ичишидан мутлақо бехабар бўлади. Масалан, бир ҳодисани олсак, тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пиво кўтариб келган. Яхшиямки, ўқитувчи буни дарров кўриб, мактаб директори ва профилактика инспекторига хабар берган. Бунда боланинг ота-онаси жазоланди. Айтиш керакки, боладаги шафқатсизлик кўпинча у уйида кўрадиганларининг акси ҳамдир. Масалан, ота онаси ва болани хафа қилсаям ҳеч ким уни тўхтатмайди. Табиийки, бола катталарнинг бу хатти-ҳаракатлари моделидан нусха олади. Ёшлигиданоқ барча муаммо муштлар ёрдамида ҳал этилишини кўрган бола қалбида раҳм-шафқат қаердан бўлсин.

- Тарбияси оғир болалар билан қандай ишлар олиб борилмоқда?

- Бу иш комплекс тарзда олиб боримоқда, «заргарона», деса ҳам бўлади. Унга синф раҳбарлари, маҳалла вакилларини ҳам жалб этяпмиз. Шубҳасиз, бошданоқ бундай бола билан алоқа ўрнатиш зарур. Ким болалар билан ишлаган бўлса, бунинг қанчалик қийин эканини яхши билади. Тарбияси оғир деб ҳисобланадиган бола худди типратиканга ўхшайди. У ҳар бир нарсада хавфни сезади. Унга яқин бориш ҳеч қачон осон бўлмайди. Бундай болалар одатда катталарга ишонмайди, улар учун обрў-эътиборли, деган гап йўқ. Биргина профилактик суҳбатнинг ўзи эса ҳамиша камлик қилади, баъзида унга ўзи ҳозир танлаган йўлни давом эттириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиб беришга тўғри келади. Бундай болаларни спортга жалб қилишга ҳаракат қиляпмиз. Улар ҳам бизнинг назоратимиз ва кузатувимизда бўлади. Албатта, мактабларда бевосита болалар билан ишлайдиган психолог штатларининг бўлиши бизга катта мадад беради.

- Ота-оналарга тавсияларингиз қандай?

- Сўзсиз, ёшлигиданоқ фарзандлари билан шуғулланишсин, уларнинг турмушига қизиқишсин, нималарга қизиқишларига эътибор қаратишсин. Ана шунда ундан сўнг умумий тил топишиш жуда қийин бўладиган ўтиш ёшидаги улкан жарлик ҳосил бўлмайди.

Оксана Малосабирова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech