25 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +17 °C

Бўш вақтда
23 Фев  2019 1010

Мафкурачи қовун туширди

Дам олиш кунлари турли ахборот ва хабарлардан чекиниб, ўзингизга дам беришни тавсия этамиз ва сизга хуш кайфият улашувчи ҳикоя ва ҳангомаларни тақдим этамиз.

Сумкамни қайтаринг

Жонрид ака матбуот ходимлари байрами куни пойтахтдаги Улуғбек боғида сайр қилиб юрганида бир қизалоқнинг юм-юм йиғлаб турганини кўриб қолади. Раҳми келиб, секин ёнига боради.

- Хўш, нега йиғлаяпсан, қизим? Нима бўлди?

- Сумкамни ўғирлаб кетишди.

- Э, аттанг. Ичида нима бор эди?

- Пулим... хиққ...

- Пулинг кўпмиди?

- Ўн етти сўм...

- Э-э, шунга шунчами? - дейди ёзувчи қизалоқни юпатиб. - Мана сенга йигирма сўм, (ўша йиллардаги пул) фақат энди йиғлама, хўпми?

- Хўп, ҳиққ... Амаки, энди сумкамни қачон қайтарасиз?

 

 

Шамсиянинг жинси

Жуда  кўп олимлар, ижодкорларга устозлик қилган таниқли аллома Ғайбулла ас-Салом (Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин) камтар-камсуқум, содда одам бўлган. Кунлардан бир кун ёмғир эзиб ёғиб турганда домла бошларига шамсияни тутиб, дорилфунунга маъруза ўқиш учун жўнайдилар. Бекатларда, йўлакларда одамларнинг ўзига андак ажабсиниб қарашаётганини кўриб, домла ҳайрон бўлади. Кийим-бошларини бир карра кўздан кечиради, назарида ҳаммаси жойида. Хўш, унда нима гап ўзи?

Сир уйга келганда маълум бўлади. Домлани остонада кўргандаёқ хотини кулиб юборади.

- Вой, нега аёлларнинг шамсиясини тутиб олдингиз, домла?

- Ие, шамсиянинг ҳам эркак-урғочиси бўладими?

 

 

Кучли танқидчи

Китобхонлар билан бўлган бир учрашувда  болалар  шоири Турсунбой Адашбоев ёнидаги ҳамроҳларини бирма-бир таърифлаб, таништиради:

- Мана бу йигит - Зуҳриддин Исомиддинов, таржимашунос олим, зўр журналист. Унинг ёнидаги - Қозоқбой Йўлдошев, жуда кучли танқидчи!

Мароқли учрашув ниҳоясида ижодкорлар бир пиёла чойга таклиф этилади. Столга оқ, қизил ичимликлардан ҳам қўйилади. Винонинг пўкагини даврадагилардан ҳеч ким очолмайди. Шунда Қозоқбой Йўлдошев «Қани менга беринг-чи!» дея бир силтов билан шишани очворади.

- Э, қойил, Қозоқбой!  Ўзингиз зўр экансиз!

- Турсунбой ака мени кучли танқидчи деди-ку?! Шуни бир исботлаб қўйдим-да! - дейди танқидчи камтарлик билан.­

 

 

Ўзбекча ашула

Усмон Юсупов бир ўрис ўртоғи билан от миниб, далаларни айланиб юришган экан. Ногоҳ ўртоғи ундан сўраб қолади:

- Усмон, мана, сенинг баҳонангда ўзбекларнинг урф-одатларини ўрганиб, тўй-ҳашамларига аралашиб юрибман. Илтимос, энди менга битта ўзбекча ашула айтишни ҳам ўргатиб қўйсанг.

- Ўзбекларнинг ашуласи оғир, ўрганишинг қийин бўлар-ов, - дейди Усмон ота.

- Ўргатавер-чи, бир гап бўлар.

- Хўп, бўлмаса эшит:

              Боғаро қўйсам қадам гул ғунча бўлмай хандадур...

Ўзбекчага анча тили келишиб қолган ўрис андак чучукроқ лаҳжада ашуланинг сўзларини такрорлайди:

            Боғаро қўйсам қадам гул ғунча бўлмай хандадурр...

«Дурр» деган овозни эшитган от аста юришдан тўхтаб қолади. Бу ҳол яна бир неча бор такрорланавергач, ҳайрон қолган ўрис Усмон отага ўгирилиб, шундай дермиш:

- Усмон, ўзбекча ашула ҳақиқатан ҳам оғир бўлар экан, буни қара, ҳатто от ҳам кўтаролмай тўхтаб қоляпти    

 

Ҳаваскорнинг иштаҳаси

Журналист Жаббор Раззоқов ёшлар газетасида бош муҳаррир бўлган кезлар вилоятдан бир кекса ҳаваскор хом-хатала шеърларини юборавериб, таҳририят ходимларини безор қилади. Асари чиқавермагач, юқорига шикоят ҳам ёзади. Бош муҳаррир ахийри адабиёт бўлими мудирини ҳузурига чорлайди:

- Яхшилаб таҳрир қилиб, иложи бўлса қайта ёзиб, битта шеърини чиқармасак қутилмаймиз, шекилли.

Хуллас, ҳаваскорнинг кичкина шеъри обдон силлиқлангач, газетада бир амаллаб чоп этилади. Орадан ҳафта ўтар-ўтмас, ҳаваскордан каттагина хатжилд келади. Унда шундай сўзлар битилганди: «Шеър учун катта раҳмат. Эътиборингиздан илҳомланиб, сизларга янги достонимни юборяпман. Қолган асарларимни достоним эълон қилингандан кейин жўнатаман. Салом билан...»

 

Мафкурачи қовун туширди

Собиқ шўро замонида жумҳурият мафкурасига раҳбарлик қилган «машҳур опалар»дан бири хизмат вазифасига кўра қатағон йиллари қурбони, буюк шоир Усмон Носирнинг етмиш йиллигига бағишланган анжуманда қатнашади. Мухлислару меҳмонлар жойларини эгаллагач, опа ёнидаги маҳаллий раҳбарлардан бирига юзланиб, сўрайди:

- Юбилярнинг ўзи қаерда?

Раҳбар кутилмаган саволдан талмовсираб қолади. Опани ҳазиллашаётгандир деб ўйлайди. Ботиниб-ботинмай юзига разм солади. Аммо опа  ҳазиллашаётганга ўхшамас, жиддий алпозда  саволига жавоб кутар эди.

- Биз катта идорадан қимматли вақтимизни сарфлаб келсагу нега энди юбилярнинг ўзлари кўринмайди? Қани ҳурмат, қани иззат? Бу қандай масъулиятсизлик? Шоирлар мана шунақа-да, қўйиб берсанг, ўзларини юбилейига ҳам келмайди! - опа  тобора зуғумни кучайтиради.

Жазава сабабини эшитиб ўтирган меҳмонлардан бири опанинг қулоғига энгашиб, нималарнидир шивирлайди. Шундагина қовун туширган мафкурачининг овози ўчади.

 

Шодмон ОТАБЕК

(«Дўрмон ҳангомалари»нинг олтинчи, тўлдирилган ва қайта ишланган нашридан)

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech