25 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +17 °C

Фикр
13 Мар  2019 312

Кузатсанг - кўрасан! Кузатмасанг ҳам!

Ушбу мақолани ўқиб, айримлар «роса эринмаган одам экан-да» дейиши ҳеч гап эмас. Аммо очиғини айтай, бунга жуда кўп вақт сарфлаганим ҳам йўқ. Шунчаки, 6 кун давомида эрталаб ишга боришда ва кечқурун ишдан қайтишда метромиз вагонларида, автобусларда одамларни кузатдим, холос! Олган натижаларимни эса сизлар билан ўртоқлашгим келди.

Шу вақт ичида нималарга кўпроқ эътибор қаратдим? Биринчиси, ёшларнинг ёши катталарга жой бермаслигига. Биласизми, бу мен ўйлаганимдан ҳам анча мураккаб экан. Иккинчиси, қўпол муомала. Ёшлар ўртасида сўкиниб гапириш кўпаймоқда. Учинчиси, одамлардаги кайфият. Тўғри, баъзилар «бу аллақачон ёзилавериб-ёзилавериб сийқаси чиқиб кетган мавзу-ку», дейиши аниқ. Бироқ, шошилманг! Эътиборингизни бошқа томонга қаратмоқчиман. Хуллас, 6 кун мобайнида, келинг, шуни бир ҳафта дея ҳисоблай қолайлик, «Буюк ипак йўли» ва «Собир Раҳимов» йўналишида қатнайдиган метро вагонида 5 марта ёшларнинг катталарга жой бермаганини кўрдим. Бу ҳали камина «Буюк ипак йўли»дан «Мустақиллик» бекатигача борганимда кузатганларим. Бунда «дальше — ещё больше» бўлиши мумкинлигини ҳам унутманг.

Безовта қилинмасин! «Тихий час!»

Ана шу 5 та ёшларнинг катталарга жой бермаслиги ҳолатидан 1 тасида ёшгина қиз (талаба бўлса керак) ўзини ухлаганга солди. Ёки олдида турган ёши нисбатан каттароқ аёлга жой бергиси келмади. Рост-да, зарилми унга, бировларга жой бериб! Бирор жойи камайиб қолса-чи?! Яхшиси, ўзини ухлаганга солади.

Ўқимишли бўлишим керак

1 та ҳолатда ўтирган «ҳурматли ва муҳтарам ёшларимиз» ўзини мутолаага, яна 1 ҳолатда телефондаги ўйинга берилиб кетиб, гўёки ҳеч нимани кўрмаётганга, сезмаётганга солишди. Битта ҳолатда ёшгина оврўпа миллатига мансуб йигитчанинг ёнида ҳомиладор аёл турганди. Иккинчисида, бир отахонга ана шундай «ҳурмат кўрсатилди». Атрофдагиларнинг гапи сариқ чақага ҳам олинмади. Аммо кўпчилик барибир кўпчилик-да! Турмай ҳам кўрсин-чи?!

Бошқани билмадиму аммо камина вагонда кета туриб, бирон нима ўқий олмайман, ўқисам ҳам, калламга ҳеч нарса кирмайди. Ўқишга берилиб кетиб, тушадиган бекатдан ўтиб кетмай, деган ҳадик бўлади. Ҳозирги ёшлар жа «цивилизованный» бўп кетишган-да! Ёши катталарга жой бермаслик учун ҳатто, китоб ўқишгаям тайёр-а?!

Суперсурбетлик

Қолган 2 ҳолатда ёшларимиз (иккови ҳам қиз бола) олдида ёши катта кишилар турганига қарамай, безларча, сурбетларча ўтираверишди. Бири ўзича планшетга мук тушган. Оёқларини чалиштириб, ўтириб олган иккинчисининг ҳатто, турқидан (юз, дегим келмади, узр!) «бу қарияга менинг олдимда туришига бало борми, нарироқда турса ўладими?» деган маънони уқиш қийин эмасди. Ҳатто, мен ва мен тенги бир кишининг: «Синглим, отахонга жой берсангиз бўларди», деган гапи ҳам кор қилмади. Қойил! Ана суперсурбетлик, ана суперуятсизлик! Уйланмаган йигитларга маслаҳат: бундай қизлардан қочинг! Қиз бола шундай сурбетликкача бордими, демак, келажакда ундан бунданда даҳшатли нарсаларни кутиш мумкин. Бемалол, пинак ҳам бузмай ўтиришига қараганда, бу борада «тажрибаси жуда ошиб кетган», ўлгудай без ва мутлақо соппа-соғ. Бундан аччиқланиб, ловуллай бошлагандим, қиз боланинг рўпарасига туриб қолган отахон елкамга қўлини қўйиб: «Қўйинг ука, керакмас, ўтирмасдан ҳам кетавераман! Қайтанга ўзимга ноқулай бўп қолди» деди қизариб-бўзариб. Отахондаги уят, ориятнинг кучлилигини қаранг! Аслида ҳалиги жой бермаган қиз қизариб-бўзариши керак эди. Бир кун келиб ўша қизнинг ҳам ёши улуғ онахон бўлади. Аммо бундайлардан эртага  ҳамма жойда ёши улуғлигини, ёшлигида катталарга жой бўшатиб берганини пеш қилиб, ёшлардан ўзига муносиб ҳурмат кўрсатишни талаб қилишниям кутса бўлади.

Мутация

Хуллас, юқорида келтирилганидек, бир ҳафта давомида 5 марта ёшларнинг катталарга жой бермаслиги ҳолатини кузатдим. Йилда 52 (53) та ҳафта бор. Энди кўпайтириб кўринг-чи, бир йилда неча марта бўларкан?! Яшанг, 260 марта! Аммо мен бир йўналишда кузатганларимни келтирдим. Метромизда эса учта йўналиш бор. Яна қанча ер усти траснпортларимизда ҳам ана шундай ҳолатларга дуч келамиз. Мактаб, коллеж, лицейлар ва олий ўқув юртларида маънавият, ахлоқ-одобдан бериладиган сабоқлар юқоридаги каби ёшларга таъсир қилмаётган кўринади. Худди, суваракларни йўқ қилиш учун қанча кўп дори ишлатсангиз, улар ўша дориларга шунча мослашиб, мутацияга учраб бораверадилар. Сувараклар дея ўхшатиш қилганим, одобли, қадриятларимизни ҳурмат қиладиган, ақлли ёшларимизга мутлақо тааллуқли эмас, албатта.

Марҳамат, ўтиринг!

Аммо жой бўшатиб берилган ҳолатларни ҳам кузатдим ва улар 6 та бўлди. Бунга ортиқча изоҳ бериб ўтирмаймиз, барака топишсин! Бир йилда атиги 312 марта бўларкан, холос! Шунисига ҳам шукр!

Дояси сўконғич

Кузатувимдаги учинчи мавзу жамоат транспортида кузатиладиган қўпол муомала. Атрофдагиларга эшиттириб, сўкиниб, турли ахлоқсиз сўзларни ишлатаётган ҳолатлар бир ҳафта ичида 4 марта кузатилди. Автобус ҳайдовчисининг уловни ҳайдаб кета туриб телефондаги мулоқоти бир опахон бобиллаб бермаганида (сўкинмасаям, тукларни тикка қилувчи қўпол гаплардан фойдаланиб) қанча давом этарди, билмадим. Уларнинг ҳаммаси ўғил болалар. 1 та ҳолатда сўкиниб гапираётган ўзбек йигити бундай сўзларни «роддом»да ўрганган кўринади. Ёки унга туғилаётганда фавқулодда сўконғич, оғзи шалоқ кимса доялик қилган. «Ҳўвв ука, сал камтарроқ бўлинг! Сўкинмай гапиринг!» дедим. Индамай, хўмрайиб қўйди. Гапим ярим дақиқача кор қилди. Аммо сўнг яна «тутқаноғи» бошланди. Кейин бир ёши каттароқ аёл ҳам унга танбеҳ берди. Яна ярим дақиқа жимлик, сўнг йигитнинг касали «қайталади». Тавба, ота-онаси олдида ҳам ўзини шунақа тутармикан? Кейин камина тушиб кетдим, «дальше» нима бўлганини билмайман.

Катта бўлса ким бўлади, худо билади!..

Яна 1 та ҳолатда эса тўрт нафар 5-6 синфда ўқийдиган болаларнинг метрода бир-бирига сўкиниб, ахлоқсиз сўзлар билан гапира бошлаганига нима дейсиз? Буниси «роддом»да сўкинишни ўрганган йигитникидан ҳам ошиб тушади. Бу сафар бир талаба йигит уларнинг «унини ўчириб» қўйди. Шундаям, улар ўзаро паст овозда ҳиринг-ҳиринг қилиб, «гаплашишда» давом этдилар. Лекин «яхши» сўзлардан фойдаланишаётгани аниқ кўриниб турарди. Тушишдан олдин биттаси ҳатто, оғзига носвой ташлаб олди! Яна 1 ҳолатда сўкиниб гапирган йигитчани икки отахон боплаб жойига ўтқазиб қўйишди, барака топишсин.

Хўмрайганлар

Навбатдаги масала эса бугунги кундаги одамларнинг юз ифодаси. Менинг гапларимни яхши тушуниш учун метро, транспортлар, йиғилишлар ва бозорларда одамларнинг юзларига бир разм солиб кўринг, нималарни кўраркансиз. Бунга бир йиғилиш иштирокчиларини мисол тариқасида келтиромоқчиман. Эринмасдан санаб кўрдим, 26 киши, тўғрироғи, ўзим билан 27та эдик. Мажлис (бир мавзуга бағишланган илмий-амалий анжуман) ҳали бошланмаган. Беихтиёр айлана стол атрофига келиб ўтирганларнинг юзларига разм солдим. 23 киши негадир хўмрайиб олган. Бирорта жилмайгани, чеҳраси очиғи йўқ. Худди ҳамма егану улар қуруқ қолгандай. 1 таси энгашиб олиб телефонда гаплашаётгани учун юзини яхши кўра олмадим. 2 таси эса стулларни ташиш билан банд эди. Улар ҳам ҳисобга олинмади. Камина эса бу ерда кузатувчи ролини бажарди. Хуллас, 23 кишининг юз ифодаси… Даҳшат!

Қачон чин юракдан кулгансиз?

Бироқ метролардаги одамларнинг ҳам аксарияти негадир хўмрайган. Тушунаман, биров чарчаган, кимнингдир ошқозони безовта қиляпти, бошқаси бошлиғидан дакки эшитган… Лекин эрталаб ишга кетаётганларда ҳам аҳвол шу. Тўғри улар орасида юзидан бирор ифодани уқиш қийин бўлганлари ҳам бор. Бир ёши каттароқ, лекин маст (туни билан ухламай, отган кўринади) ва гаранг ҳолда кетаётган кишини ҳам кузатдим. Атрофга лоқайд аланглайди. У ичкарига киргач, тезда вагон экологияси бузилди. Аммо ҳеч кимни яхши кўра олмаётгани аниқ. Кайфи зўрлигидан кўзининг фокусини ҳеч тўғирлай олмайди. Тағин, шу ўтиришида боши ҳам оғирлик қиляпти. Негаки, ўртача катталикдаги обиноввот қовунидай келадиган боши ёқ-бу ёққа оғиб кетмоқда эди. «Ишқилиб, эсон-омон уйига етиб олсин-да», деб қўйдим. Аммо ишга кетаётганга ўхшайди...

Ёлғон бўлмасину лекин бахтиёр чеҳраларни ҳам кўрдим. Бир ёш жуфтликни. Шунақанги бахтиёр эдиларки… Ким билсин, вақт ўтгач, улар ҳам хўмрайиб олишар.

Сиз-чи, охирги марта қачон чин юракдан, росманасига қаҳқаҳ отиб кулгансиз?

Эслолмадингизми?

Шуниси қийин-да?!.

P/S.: ушбу мақола бундан роппа-роса 10 йил муқаддам эълон қилинган. Қизиқ томони, ана шу давр ичида ҳеч нима ўзгармаган ва мақола ҳам эскирмаган!

Нурбек Ғаффоров.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech