22 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +17,6 °C

Энергетика
11 Июл  2019 1482

Энергетикларнинг қалб ҳайқириғи

Мамлакатимизда электр энергиясини увол қилмаслик, ишлатилмаётган манбаларни ўчириб қўйиш, энергия тежовчи чироқлар ўрнатиш лозим, деб жуда кўп айтилади. Устувор вазифа - ресурсларни тежаш, лекин бошқа сабаблари ҳам бор.

– Ўлкамиздаги йирик қувватларнинг ривожланиши Иккинчи жаҳон уруши давридан гидроелектростанциялар қурилиши билан бошланган, – дейди Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот брифингида «Иссиқлик электр станциялари» АЖ раиси Руслан Мубаракшин. – Саноат корхоналари билан бир қаторда, қувват ишлаб чиқариш ускуналари ҳам мамлакатга кўчиб ўтган. Баъзи техникалар ҳозиргача ишламоқда. Бундай станцияларга ташриф буюрган хорижий шериклар уларнинг ҳали ҳам қандай ишлаётганига ҳайрон қолади. Жами балансда 114 бирликда энергия ускуналари, шу жумладан 31 та энергоблок ва 29 та турбогенераторлар мавжуд. Уларнинг қарийб 84 фоизи 1960-1980 йилларда фойдаланишга топширилган.

Экспертнинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда электр станцияларини модернизация қилиш ва ташкил этиш жараёнлари йўлга қўйилган. Белгиланган тўрт миллиард долларлик инвеститцияларнинг 50 фоизи ўзлаштирилди. Табиийки, кредит мажбуриятлари ошди ва тизимдаги зарар кўришлар ҳам жуда катта.

Нафақат қувватлар, балки таъминот тизимидаги ускуналар – магистрал тармоқлар ва подстанциялар, ҳисоблагичлар ҳам эскирган.

– Маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни алмаштириш дастури амалга оширилмоқда, – дейди «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ раисининг ўринбосари Холиқ Элмуродов. – Етказиб берувчи ҳисобидан 954 мингта замонавий электр энергияси ҳисоблагичлари ўрнатилган. 2019 йилда 2,5 миллион ҳисоблагични алмаштирамиз, 2021 йилга бориб етти миллион истеъмолчини тўлиқ қамраб оламиз.

Маиший истеъмолчилар учун электр энергияси тарифи – кВт/соат учун 250 сўм. Ишлатилган ёқилғи учун кетган 180 сўм ҳам шунинг ичида. Харажатлар етказиб бериш жараёнида ҳам ҳосил бўлади – подстанциялар ўзини совитиш учун электр энергияси истеъмол қилади. Мутахассисларнинг айтишича, бир миллион кВт/соат электр энергияси 300 минг кубометр газ ёки 300 тонна мазут, дегани. Кондиционер беш-олти соатлик иши давомида бир тонна кўмир ёки 2,9 кубометр газ ёқиб олинган энергияни сарфлайди. Ишлаб чиқариш қувватларида «зангори олов»дан фойдаланиш 80 фоизни ташкил этади. Йил давомида барча ИЭСда ресурс истеъмоли жами 15,5 миллиард кубометрга етади.

Саноатнинг ҳолати ҳақида гапирганда, электр энергияси истеъмоли учун тарифларнинг келгусида ўсишига тўхталмасак бўлмас. Соҳа вакиллари буни вақт-соати етган зарурат, деб атайди. Етказиб бериш харажатларни ўзини қопламайди, лекин корхоналар бу ишни давом эттиришга мажбур.

– Ўзгаришлар инфляция даражасидан юқори бўлмаслиги ва иш ҳақи ошиши билан бирга ошиши лозим, – дейди Энергетика вазири Алишер Султонов. – Аҳолининг турли қатламлари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий тарифларни қўллаш режалаштирилмоқда. Бироқ уларни ҳамма жойда амалга ошириш учун ҳар бир киши дифференциал нархларни қўллаш имконини берувчи замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиши талаб этилади. Асосий вазифа – тармоқларни янгилашдир. Бу «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари доирасида амалга оширилмоқда. Яқинда Тўрақўрғон ИЭС фойдаланишга топширилади ва Тахиатош ва Навоий ИЭСда янги энергия блоклари ишга туширилади. Бир сўз билан айтганда, улкан ишлар олиб борилмоқда, келгусига жуда кўп нарсалар режалаштирилган.

Аҳолининг тўлов қобилияти турлича – кимдир иситиладиган ҳовузга эга, ҳар бир хонасида кондиционер бор, бошқаси эса, тежаш учун чироқни ортиқча ёқмасликка ҳаракат қилади. Агар бундайларнинг барчаси бир хил нархда тўласа, адолатсизлик бўларди.

Кадрлар масаласи ҳам муаммолигича қолмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, тармоқда 45 минг киши меҳнат қилмоқда, уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1,8 млн. сўмни ташкил этади. Электр станциясидаги фаолият – жуда қийин иш. Университетни битириб келганларнинг кўпи озгина муддат ишлайди-да, чидолмай, бўшаб кетади.

Энергетикларнинг қалб ҳайқириғи шундан иборатки, одамлар ўзини ўзи оқламайдиган ва улкан машаққатлар эвазига олинадиган электр энергиясидан тежамкорлик билан, оқилона фойдаланишсин. Табиий ресурсларни келажак авлод учун ҳам сақлаш керак, ахир.

Муҳаммад Қаршибоев.

«Правда Востока».

 «Правда Востока» газетасининг 2019 йил 11 июлдаги 139-сонида «Крик души энергетиков» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech