21 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,6 °C

Ҳарбий
26 Окт  2018 1954

Разведкачиларимиз ғолиб бўлди

Ҳар йили Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида бўлиб ўтадиган разведка бўлинмаларининг халқаро «Кембрия патрули» мусобақасида Мудофаа вазирлигининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ҳам иштирок этди. Беллашувларда армиячиларимиз билан бир қаторда дунёнинг 34 давлатидан ташриф буюрган 123 жамоа ҳам қатнашди. Уни махсус бўлинмага танлаб олишга ҳам қиёслаш мумкин: жисмоний ва руҳий тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилади.

Иштирокчилар Кембрия тоғларида тўлиқ жанговар қуролланган ҳолда ҳеч қандай навигация воситаларисиз камида 25 килограмм юк билан 70 километр масофани босиб ўтиши, 1500 метр баландликка кўтарилиб, 1000 метр тик нишабликни 48 соат ичида босиб ўтишлари лозим.

Ўзбекистон вакиллари мазкур мусобақада 2017 йилда илк марта иштирок этиб, шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олганди. Орадан бир йил вақт ўтиб мамлакатимиз қўшин разведкачилари энг яхши натижа кўрсатиб, биринчи ўринни забт этди. Иккинчи ўрин Буюк Британия, Ҳиндистон ва Франция жамоаларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Буюк Британия ва Қозоғистондан келган жамоалар эгаллади.

Ғолиблар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида армиячиларимиз шарафига тантанали тадбир ўтказилди. Унда Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Павел Эргашев, республикамизда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар элчихоналарининг ҳарбий атташелари ва бошқалар иштирок этишди.

Мудофаа вазирлигида эса, «Кембрия патрули» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мудофаа вазири Абдусалом Азизов армиячиларни ғалаба билан қутлаб, сўнгги йилларда Мудофаа вазирлиги қўшинларида жанговар тайёргарликнинг миқдорий ва сифатий кўрсаткичлари сезиларли ўcганини, бу халқаро ареналарда юқори натижаларга эришишни таъминлаётганини таъкидлади. Мусобақа ғолиблари, яъни тўққиз нафар ҳарбий хизматчи «Намунали хизматлари учун» кўкрак нишони ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, Мудофаа вазирлигининг қўшинлар разведкачилари илгари ҳам халқаро мусобақаларда ўз маҳоратини намойиш этган. Жумладан, 2017 ва 2018 йилларда III ҳамда IV Халқаро армия ўйинлари доирасида бўлиб ўтган «Қўшин разведкаси аълочилари» танловида ҳарбийларимиз кетма-кет икки йил учинчи ўринни эгаллаган.

Эвелина Синотова.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги
Матбуот хизмати ҳамкорлигида.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech