21 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,2 °C

Журналист кадрларни тайёрлашда халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети таълим жараёнини янгича, халқаро стандартларга мос равишда ташкил қилиш, жамиятга замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали кадрларни етиштириш йўлида кенг кўламли ишларни олиб бормоқда.

Айниқса, бунда жаҳоннинг етакчи университетларида журналистик таълим мазмуни,  тажрибаларни ўрганиш ва уларнинг илғор жиҳатларини ўқув жараёнига татбиқ этишнинг аҳамияти катта. Шу мақсадда хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай ҳамкорлик Жанубий Корея Республикаси университетлари билан ҳам амалга оширилди. Жорий йилнинг 17-23 апрель кунлари университет ректори Ш.Қудратхўжаев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда бўлиб қайтди.  

Сафар давомида делегация аъзолари Жанубий Кореянинг Кукмин (Kookmin), Сонгжунгван (Sungkyunkwan) ва Корея Миллий Очик Университети (KNOU) ларида бўлиб, улардаги таълим тизими, мультимедиа, фото ва теле лабораторияларида талабалари томонидан узлуксиз равишда олиб борилаётган амалий машғулот жараёнлари билан танишди.

Кукмин (Kookmin) университети ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу муҳим ҳужжат талабалар, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, магистрантларнинг Double Degree дастури бўйича Жанубий Кореяда таҳсил олиши каби йўналишларни ўз ичига олади.

Шунингдек, Сонгжунгван (Sungkyunkwan) университетининг медиа ва оммавий коммуникациялар департменти (Media and Communication Department) билан ҳам икки томонлама халқаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Корея Миллий Очик Университети (KNOU)нинг ўзида ташкил этилган рақамли мультимедиа марказ (Digital Broadcasting Centre) ва унда масофавий таълим учун қўлланадиган технологиялар, онлайн маърузалар тайёрлаш жараёни билан ҳам яқиндан танишдилар. Икки университет ўртасида бўлиб ўтган музокаралар жараёнида халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, масофавий таълимни журналист кадрлар тайёрлашда кенгроқ жорий қилиш механизмларини ишлаб чиқиш хусусида ҳам фикр ва тажриба алмашилди.

Сафар дастуридан ўрин олган муҳим тадбирлардан бири – халқаро конференцияда иштирок этиш эди. Мамлакат пойтахти Сеул шаҳрида анъанавий Ўзбек-Корея илмий учрашувларининг давоми бўлган “Media, Human, Society in Asia. Korea and Uzbekistan” – (Осиёда ахборот, инсон, жамият: Корея ва Ўзбекистон) деб номланган мавзуда халқаро илмий-медиа конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда кореялик профессорлар томонидан замонавий оммавий ахборот воситаларида гуманитар фанларнинг аҳамияти, Янги New media ривожланишидаги муаммо ва тенденциялар, Осиё оммавий ахборот воситаларининг контенти – тинчлик ва фаровонлик хизматида, Кореянинг маданий хусусиятлари ва уларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши сингари мавзуларда маъруза қилди. Шу билан бирга, делегация аъзолари замонавий журналистиканинг трансформация давридаги муаммолари, New media контекстида томошабинларнинг роли Ахборот технологиялари ва уларнинг журналистикага таъсири, халқаро журналистиканинг ривожланишида хорижий тилларга эътибор муҳим омил сифатида  мавзуларда маърузалар қилди.

Ўзбекистон вакиллари учун Жанубий Корея университетлари билан биргаликда энг машҳур KBS (Koreian Broadcasting Sistems) телерадиокомпаниясига медиа тур ҳам ташкил этилди. Шу ўрнида айтиш лозим ўзбек томошабинлари томонидан севиб томоша қилинадиган корейс сериаллари айнан KBSда тасвирга олинади. Ўз фаолиятини 1927 йилда бошлаган  ва шу йили  Корея радио узатиш тизими сифатида эфир юзини кўрган бўлса,  1971 йилга келиб KBS оммавий телерадиокомпанияга айлантирилди.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ходимлари томонидан Жанубий Кореяга қилинган беш кунлик сафар жуда сермазмун ва илмий-амалий таассуротларга бой бўлди. Олинган тажрибалар ва келгусида йўлга қўядиган ҳамкорлик юртимизда ҳар томонлама етук, малакали журналист кадрларни тайёрлаб чиқаришга хизмат қилади.

     Нагина ИБРАГИМОВА,

  ЎзЖОКУ таълим сифатини назорат

 қилиш бўлими бошлиғи

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech