18 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,7 °C

Ҳукумат
10 Мая  2019 774
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Йўловчи ташишда сифат ва хавфсизликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди

Президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни «Тошкент» автовокзалида амалга оширилган ишлар  билан танишди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 январдаги қарорига мувофиқ аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш, шаҳарлар ва қишлоқларда йўловчилар ташиш тизими яхшиланмоқда. 

Жумладан, Чилонзор туманидаги «Тошкент» автовокзали реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди. Бир вақтнинг ўзида 2 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Маҳаллий ва халқаро йўналишларда қатновлар йўлга қўйилди.

Вокзал энг илғор технологиялар билан жиҳозланган. Диспетчерлик хизмати, чиптахона, кутиш зали ва VIP залда йўловчилар учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Меҳмонхона, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари, савдо дўконлари, аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхона, барлар ташкил этилган. 31 та перрон, 80 та автобус учун жой мавжуд. 

Бугунги кунда Тошкентдан Янгиер, Зомин, Самарканд, Зарафшон, Каттақўрғон, Хатирчи, Учқудуқ, Термиз, Денов, Бухоро, Қоракўл ва бошқа йўналишлар бўйича кунига 10 дан ортиқ маҳаллий рейслар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, автовокзалдан 12 та халқаро йўналиш бўйича хизмат кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан хорижий давлатларга вақтинчалик ишлаш учун кетаётган фуқароларни манзилларига хавфсиз етказиш мақсадида автобусда ташишга ихтисослаштирилган «Uzautotrans Service» корхонаси ташкил этилди. Корхона парки Хитойнинг «Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.» компаниясида ишлаб чиқарилган 168 та замонавий автобус билан тўлдирилди.

Ушбу автобуслар 53 йўловчига мўлжалланган бўлиб, улар учун максимал даражада қулайлик яратилган. Ўриндиқлар юмшоқ, ҳар бир ўриндиқ тепасида ҳаво дефлектори ва индивидуал ёритиш чироқлари мавжуд. Кондиционер ва мониторлар сафарлар чоғида жуда қўл келади. 

Шу ерда йўловчи ташиш тизимидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари, халқаро ва шаҳарлараро автобус йўналишлари, автовокзал ҳамда автостанцияларни ривожлантиришга оид режалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари ҳар қандай об-ҳаво шароитида йўловчиларга юқори даражада хизмат кўрсатиш, қатновларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, нархларни арзон қилиш, ҳайдовчи ва вокзал хизматчилари малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech