
Жиззах вилояти ҳокими стипендияси таъсис этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 июлдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах вилоят филиалини ташкил қилиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Жиззах вилоятида олий таълим муассасалари сони яна биттага ортди.
Республикамиз бўйича биринчи бўлиб Жиззах вилоятида университет филиали ташкил этилди. Вилоятда ташкил этилган филиалнинг асосий вазифаларига психология, математика, информатика ва бошқа эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлашдир.
Филиал биноси этиб Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи танлаб олинди. Бугунги кунда бу ерда мазкур олий ўқув юртига абитуриентларнинг ҳужжат топшириш жараёни жадал суратларда давом этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, вилоятдаги университет филиалига ҳужжат топшириб талабалик шарафига мушарраф бўлганларга имтиёзлар ҳам жорий этилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилади.
Хусусан, Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалида ўқийдиган талабаларга яратиладиган имтиёзларни қуйидагилардан иборат:
-Филиалда тўлиқ “5” баҳога ўқийдиган талабалар учун 1 млн. сўмдан вилоят ҳокимининг стипендияси берилади;
-Бир йилда бир маротаба барча талабалар учун ўғил, қизларга қишги ва ёзги кийимлар бир маротаба бепул берилади;
-“5” баҳога контракт асосида ўқийдиган талабалар учун контракт маблағини ҳомийлар томонидан тўлаб берилади;
- Ётоқхонада яшайдиган талабалар учун нонушта, тушлик ва кечки овқат 4 йил мобайнида ҳомийлар томонидан етказиб берилади;
- Филиалга қабул қилинган талабалар ҳамда дарсларни юқори савияда ўтказиб, яхши натижа кўрсатган ўқитувчилар бир йилда бир маротаба Япония, Россия ва Жанубий Кореяда бир ойлик ўз малакаларини ошириб келади.