17 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,8 °C

Жанубий Кореянинг Маданият, спорт ва туризм вазирига юртимиздаги фестивалларда қатнашиши учун таклифнома берилди

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев 8 март куни Корея Республикасига ташриф буюрди. Кореянинг Маданият, спорт ва туризм вазири Ду Жонхван билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув доирасида икки давлат ўртасида бир қатор битимлар имзоланишига келишиб олинди.

Маданият вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, икки давлатда Маданият кунларини ўтказиш, Ўзбекистонда маданий мерос объектларини консервация ва рестоврация ишларини ҳамкорликда олиб бориш ва унга Корея давлатининг грантларини жалб этиш, Осиё маданият марказида ўзбекистонлик мутахассисларининг  малакасини ошириш, Кореянинг маданият йўналишидаги таълим масканлари билан ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистонда Корея маданият мактабларини очиш белгиланди.

Шунингдек, Кореянинг Маданият, спорт ва туризм вазирига  Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 5-10 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро Бахшичилик санъати фестивали ҳамда Самарқанддаги "Шарқ тароналари" халқаро фестивалига фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун таклифномалар топширилди.

Шу билан бирга Маданият вазирининг  Кореянинг маданий мерос администрацияси директори Жей Сук Чонг хоним билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

Унда Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасига  расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маданий мерос департаменти ва Кореянинг маданий мерос администрацияси билан англашув Меморандуми имзоланишига келишилди. Афросиёб музейини ривожлантириш мақсадида грантларни жалб этиш ва Сурхондарё вилояти буддавийлик тарихига оид экспонатларини сақлаш ва улардан фойдаланиш каби масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди. Соҳани ривожлантириш йўлида бир қатор устувор йўналишлар муҳокама этилди. Эндиликда ҳамкорликда йўл хариталари ҳам ишлаб чиқилади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech