26 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14 °C

Мамлакатимизда
25 Янв  2020 1318

“Янги Ўзбекистон” газетаси жамоасига

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда мамлакатимиздаги барча журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларини “Янги Ўзбекис­тон” газетасининг илк сони билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу ижтимоий-сиёсий нашр ўз олдига қанчалик улкан мақсад ва режалар қўйгани унинг номидан ҳам яққол кўриниб турибди.

Ҳақиқатан ҳам, бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг мутлақо янги, янада юксак босқичига қадам қўймоқда.

Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамият қурилишини тубдан такомиллаштириш, ошкоралик, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ҳар томонлама ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенг­лик муҳитини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли, очиқ ва амалий шериклик руҳидаги ташқи сиёсат олиб бориш каби йўналишларда амалга оширилаётган салмоқли ишларимиз моҳият эътибори билан Ватанимизнинг бутунлай янгича қиёфасини яратишга хизмат қилаёт­гани барчамизга яхши маълум.

Ана шундай улуғвор ва тарихий ўзгариш­ларнинг ўзига хос кўзгуси бўлиб майдонга чиқаётган газета юртимиздаги демок­ратик ислоҳотлар, ҳудудлардаги беқиёс бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларининг аҳамияти ҳамда натижаларини холис ва ҳаққоний ёритишга, аҳоли вакиллари ва жамоатчилик фикрини шакллантиришга, мавжуд муаммо ва камчиликларни таҳлилий материаллар орқали дадил кўтариб чиқиб, ахборот маконида муносиб ўрин эгаллашига ишончим комил.

Глобаллашув ва мафкуравий курашлар шиддатли кўриниш олган ҳозирги мураккаб даврда янги шакл ва мазмунда чоп этила бошлаган “Янги Ўзбекистон” газетаси саҳифаларидан ҳар бир ватандошимиз энг зарур маълумотларни олиши, шу билан бирга, ўзини ўйлантираётган саволларга тўлиқ жавоб топиши, бугунги замон нафасини чуқур ҳис этиши кўзлаган мақсадларимизга ҳамоҳанг бўлур эди.

Бунинг учун таҳририят жамоаси ҳаётдан доимо бир қадам олдинда юриши, респуб­ликамизда ва халқаро майдонда рўй бераётган энг долзарб воқеа ва мавзуларни замонавий ижодий услуб ва илғор ёндашувлар орқали ўз муштарийларига тезкор тарзда етказа олиши, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг чинакам маънавий-маърифий ҳамроҳига айланиши зарур.

Ана шундай масъулиятли ва залворли вазифани сидқидилдан ва фидойилик билан адо этишда “Янги Ўзбекистон” газетаси ўз номига муносиб ҳамда миллий матбуотимиз учун ўрнак ва намуна бўлади, деб қатъий ишонаман.

Жамиятимизда фикр ва қараш­лар ранг-баранглиги, сўз ва ахбо­рот эркинлигини таъминлаш, маъ­на­­вият ва маърифат тарғиботи борасидаги ғоятда шарафли йўлда таҳририят жамоасига улкан муваффақиятлар ва ижодий фаоллик доимо ёр бўлишини тилаб қоламан.

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech