25 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21,5 °C

Бўш вақтда
31 Мар  2019 1213

Ихтирочи

(Давоми. 6-қисм)

 

О-о! Бу туғишганларим-а?!

Тинчгина, беғалва яшай бошладик. Аммо қандайдир бўшлиққа тушиб қолгандек ҳис қилардим ўзимни. Ҳарқалай, қариндош-уруғларнинг бори яхши экан. Талашиб-тортишиб, уришиб-аразлашиб юрганнинг ҳам гашти ўзгача-да, барибир. Сезганим жимжитлик ҳам одамга салбий таъсир кўрсатаркан. Тавба, одам дегани иссиғигаям совуғигаям чидай олмас экан! Ўзимда кечаётган ҳолатни ҳали уйдагилар билан ўртоқлашганим йўқ. Аммо уларнинг ҳам юзида қандайдир ҳиссизлик пайдо бўлди. Сезмай бўларканми?

Уфф! Бунча сиқилмасам? Ҳамма нарсамиз етарли, тўкин-сочинлик, аммо барибир нимадир етишмаяпти...

Қаердан ҳам шу ихтироларни қилдим-а?! Лаллайсам ҳам тинчгина юравермайманми? Қишлоққа бирам қайтгим келяптики... Шу ҳайҳотдай ҳовлига сиғмай кетяпман! Шунақасиям бўларкан.

Энди гапни қишлоқдагилардан эшитинг. Буни ўзлари сўзлаб беришди.

Биз шаҳарга кўчиб кетгандан сўнг опа-сингилларим ва укаларим Тўра амакимникига «разборка»га боришибди. Охирги марта амакимнинг маст ҳолда менга анча аччиқ-тизиқ гапларни айтганидан хабарлари бор эди. Кейин бу ҳам етмагандек, ўзлари менга «ҳужум» қилишганди...

— Қўйинг-э, амаки! Одам дегани ҳам шунча бўладими? Сизнинг қўшиб-чатиб айтган уйдирмаларингизга ишониб, Тенглаш укамни юмма талабмиз-а! Аслида уни ҳаммамиз қувиб юбордик. Бизни деб қишлоққа сиғмай қолди Тенглаш бечора. Энди бир-биримизнинг устимиздан мағзава тўкиб, мен оппоқ, сен айбдор, деб ўтирмайлик-да, уни қишлоққа қайтариш йўлини қилайлик. Қишлоқ усиз ҳувиллаб, ҳатто, аппаратлар ҳам ишламай қолди. Битта-ю-битта ихтирочи-олим эди. Шуниям кўп кўрдик. Энди қишлоқда қандай бош кўтариб юрамиз? Уни кўчиб кетишга биз мажбур қилдик, тўғрими? — дебди опам.

— Гапирманг, биз ҳам олди-ортини ўйламай, акамга «ҳужум қилибмиз!» Шу ишимиз нотўғри бўлди. Кечирим сўрашга тўғри келади энди. Негаки, айб биздан ўтди. Гарчи ихтироларни акам қилган бўлса-да, уларни ўзимизники қилиб олмоқчи, уларга эга чиқмоқчи бўлдик. Аслида бунга умуман ҳаққимиз йўқ эди. Ноҳақ бўлсак-да, уни кўплашиб ғажиб ташлашимизга сал қолганди, эсларингиздами? Энди Тенглаш акамникига «Қишлоққа қайт», деб ким боради? — ўртага савол ташлабди домла укам.

— Домла ака, бу ерда бизга аччиқ-тизиқ гапларни айтгандан кўра, яхшиси, ўзингиз борсангиз-чи? — дебди кичик синглим. — Ҳар ҳолда бизга қараганда гапга чечанроқсиз, психологиядан яхши хабардорсиз!

— Эсинг жойидами? Психологиямиш! Нима деб, қайси юз билан бораман? Охирги жанжалимизда унга нималар деганим эсингдами? Йўқ, мен боролмайман! Тўра амаки сиз бора қолинг, — дебди домла укам.

— Ий? Нега мен борарканман? Шунча туғишгани турганда қийшанглаб мен бораманми? Ўйлаб гапиряпсанми ўзи? Қисқаси, мени бу ишга аралаштирманглар. Ўша сизлар уникига жанжал қилиб борганларингда мен йўқ эдим, ана! Ўзларинг пиширган ош!..

— Амаки, гапингизни ўйлаб гапиринг! Ўзингиз-ку, бизни гижгижлаб жўнатган. Ўзингиз-ку, барча машмашанинг бошида турган. Энди, мен оппоқман, демоқчи бўляпсизми? Бекорларни айтибсиз! — дебди унга кенжа укам. — Аслида оловга мой қуйган ўзингиз бўласиз, билиб қўйинг!..

Хуллас, ўша куни роса тортишиб, бирор тўхтамга кела олишмабди. Қайтанга ўзаро жиққамушт бўлишларига сал қопти. Униси бунисини қоралабди, учинчиси, тўртинчисини айбдор дебди ва ҳоказо... Аммо тарқалишдан олдин опамнинг калласи ишлаб кетиб:

— Роппа-роса бир ҳафтадан кейин, яъни якшанба куни кечқурун бизникида йиғиламиз, Тўра амаки сиз ҳам келинг! Олдин ўзимизни босиб олмасак, бир-биримизни ғажишга тушишимиз ҳам ҳеч гапмас, — дебди чўрт кесиб.

Айтувдим-ку, мақсадга интилиш ва унга эришишни мана кимдан ўрганиш керак, деб? Опам олға интилдими бас, кейин ортга чекинмайдиганлар хилидан. Ҳатто, учига чиққан қайсар поччам ҳам бас келолмайди-ю! Хуллас, якшанба куни гапни бир жойга қўйиб, ҳаммаси шаҳардаги уйимизга келадиган бўлишибди.

...Келишди... тизилишиб... қизариб-бўзариб... Тўра амаким, Улбуви чеча, опам, поччам, икки укам ва уч синглим... Манзилни бермаганман, қандай топишди экан? Роса йиғилиб қолган экан, анча дардлашдик. Кейин улар узр сўрашди, мен ҳам улардан кечирим сўрадим... ярашдик...

Олам чароғон бўп кетди гўё. Шунча кундан бери азоблаб келаётган зиқлик ҳолати ҳам йўқолди.

Бироқ ундан сал олдин бизникида қуйидагича суҳбат бўлиб ўтди. Кечқурун овқатлангандан сўнг ҳовлидаги сўрида оилавий бўлиб телевизор кўряпмиз.

— Негадир бу ерда жуда зерикиб кетдим. Тўғри, ҳамма ишларимиз жойида, аммо мендаги зиқланиш сира кетмаяпти! — дедим чойдан ҳўплаб. — Негадир қишлоқдаги уйимизни соғиниб кетяпман. Менга қаранглар, қишлоққа қайтмаймизми?

Ҳаммаси менинг оғзимга қараб қолди. Ичидагини топдим, шекилли.

— Қанийди, аммо қайси юз билан борамиз? — деди хотиним. — Шаҳарда куни ўтмай қолиб, ахийри қайтиб келишибди, дейишмайдими одамлар.

— Эй, қизиқмисан, ойиси? Одамларнинг миш-миши билан неча пуллик ишимиз бор?! Бунақа нарсаларга умуман эътибор бермаслигимни биласан-ку? Хўш, сизлар нима дейсизлар? — дедим ўғилларимга қараб.

— Бизга фарқи йўқ, лекин қишлоғимиз яхшийди, — дейишди.

Тушунарли, бу «Қишлоққа қайтсак яхши бўларди» дегани. Хуллас, анча гаплашиб ўтириб, ой охирига қишлоққа қайтадиган бўлдик.

— Бу уйни сотамиз. Пулига эса қишлоқда икковингга олган ер майдонида уй кўтарамиз. Кейин бирон дўмдан иккита уч хонали уй сотиб оламиз. Келгусида керак бўлиб қолар?

— Уйларни икки ўғлингизга апарлимания қиламизми? — сўради маликаи дилозоримиз.

Тушундим, «оформление» демоқчи.

— Ҳа, шундай қиламиз. Менга қара ойиси, тўғри айтолмайдиган сўзларингни ишлатма, хўпми! Кулгига қолиб юрма тагин, — дедим кулгидан ўзимни зўрға тийиб. Икки ўғлим ҳам ишшайди...

Аммо туғишганлар биздан илгарироқ отни қамчилашган экан...

Улар кетишгандан сўнг уйдагиларга дедим:

— Мен бир қарорга келдим! Туғишганларимга томорқани гуллатадиганидан ташқари, портация аппарати билан мол семиртирадиган асбобниям текинга ясаб бермоқчиман. Улар ҳам бир яйрасин! Аслида улар қувонса, бизникида ҳам қувонч бўларкан! Мундоқ ўйлаб қарасам, уларни қурумсоқ, зиқна, ёмон, деявериб, ўзим ҳам шунақа бўп кетибман. Улардан нуқул айб қидирадиган бўлибман-а?! Бора-бора ҳаётни фақатгина оқ ва қора рангларда кўра бошлаганимни сезмай ҳам қолибман. Ясаб берганимда ҳам, очиғи, ҳеч нима йўқотмасдим. Ўзимча уларнинг эсини киритиб қўймоқчи бўлибман! Натижада уларга қўшиб ўзимниям жазоладим, сизларни ҳам қийнаб юбордим! Яна ўзимни ихтирочи-олим, деб юрибман-а! Олим деганининг бағри кенг, қўли очиқ бўлмайдими? Агар шунча саргузаштларни бошдан кечиришимни билганимда бошиданоқ уларнинг истагини қондирган бўлардим. Одам ўзини бошқалардан устун қўйдими, сезгиси, ҳисси ва меҳри ўтмаслашаркан. Ҳеч кимда йўқ аппаратлар менда бор деб, олимман, туғишганларим эса менга ўхшаб миясини ишлатолмайди, деб уларга юқоридан қарай бошлаган эканман. Аслида бирор жойим уларникидан ортиқ эмас! Буни тўғирлаш кераклигини тушундим, хатоларни тузатишга ҳалиям кеч эмас, шекилли! — дедим.

Улар ҳам тушунишди. Ҳатто, кеч етиб бордиган хотиним ҳам тушунди-ей?!

...Энди туғишганларим уйимизга машмаша учун эмас, балки аппаратлардан қандай фойдаланишни ўқиб-ўрганиш учун келяпти. Ўқиб-ўрганишга интилишяптими, демак яхши томонга ўзгаришяпти! Бажонидил тушунтириб бераман, кўрсатаман. Ҳеч қандай аразгўйлигу аччиқ-тизиқ гаплар йўқ. Қайтанга, улар менга бир-иккита ажойиб ғоя ҳам беришди. Айтувдим-ку, туғишганларим фавқулодда зўр ихтирочи, олим аслида мен эмас, балки улар бўлиб чиқяпти, деб. Яна бир гап, бундан бирон иш чиқадими-йўқми, ҳозирча билмадиму аммо туғишганларимни ҳам ихтирочига айлантиришга уриниб кўрмоқчиман. Бу ёғини энди вақт кўрсатади. Ғурбат улашгандан кўра, зиё тарқатиш яхшироқ экан, билсам! Мароқли, серзавқ! Ўзим ҳам илгари роса думбул бўлган эканман-да?! Ҳайронман, атрофда шунча гўзал ва яхши нарсалар туриб, нега доим ҳаммадан, ҳамма нарсадан камчилик, кир қидирганман? Аппаратларимни синаш учун менга махсус жой ҳам, кенг, катта ва замонавий лаборатория ҳам керакмас. Туғишганларимнинг ўзи уларни синаб беришади. Камчиликлари бўлса, дарров уйимга етиб келишади ва уни биргаликда бартараф этамиз, зўр-а!

Туғишганларнинг «меҳрибончилиги» нафақат ихтирони, балки ихтирочининг ўзини ҳам ўлдиришга қодир, деб ҳам нотўғри айтган эканман! Туғишганларнинг меҳрибончилиги аслида янги-янги ихтироларга ундаркан, ихтирочига эса янгидан куч ато этаркан.

Тўғри, туғишганлар бундайроқ кунингда роса асабингни қақшатиши, ўзидан безор қилиб юбориши мумкин. Бироқ зарур пайтда қанча керак бўлса, шунча туриб бера оладиганлар ҳам шулар экан. Сен билан жиққамушт бўлса-да, зарур пайтда қалқон бўлишниям бопларкан.

Катта ўғлимнинг тўйида уларнинг елиб-югуриб хизмат қилишлари, менга деярли иш қолдиришмаганидан осмонларда учдим. О-о! Ўзимни шундай лаззатлардан маҳрум қилмоқчи бўлибман-а! Уларнинг меҳри, меҳрибончилиги шунақа шаклда намоён бўлишини энди тушундим. Фақат уни кўра, сеза билиш лозим экан. Ортиқча майда-чуйда гапларга эътибор берманг, тамом-вассалом! Баҳонада ўзим ҳам кўп камчиликларимни билиб олдим. Энди, албатта, уларни тузатаман. Меҳр кутишдан олдин ўзинг меҳр беришинг керак экан. Бу жуда оддий формула «Берсанг — оласан, бермасанг — йўқ!» Шу пайтгача миямга келмаганини қаранг...

Хуллас, камина меҳр беришда ва ихтиро қилишда давом этади!..

Дарвоқе, ҳозир исталган хорижий тилни атиги қирқ дақиқа ичида ўргатиб қўядиган, қовоқкаллаларнинг миясини ишлатиб юборадиган икки аппарат устида ишлаяпман. Тасаввур қилинг, оромкурсига ўтирасиз, бошингизга ярим кўз тарвуз пўчоққа ўхшаган қалпоқ кийдирилади ва сиз қирқ дақиқа мизғийсиз. Кейин исталган хорижий тилда сайрайдиган бўлиб чиқиб турибсиз-да! Ёки сал бошқачароқ қалпоқ кийиб, ўн дақиқа ўтирган «любой» қовоқкалланинг мияси зўр ишлайдиган бўлади...

(Тамом)

2014 йил, 29 август — 4 сентябрь

Нурпўлат НУРҚУЛОВ

Ҳикоянинг бошини бу ерда ўқишингиз мумкин.
Ҳикоянинг иккинчи қисми бу ерда.

Ҳикоянинг учинчи қисми бу ерда

Ҳикоянинг тўртинчи қисми бу ерда

Ҳикоянинг бешинчи  қисми бу ерда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech