24 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,3 °C

Бўш вақтда
10 Мар  2019 1634

Ихтирочи

(Давоми - 3-қисм)

...Мол бозорига тушдим ва битта касалманд, ориқлаб кетган пўстак буқачани йигирма беш мингга сотиб олдим. Бозордагиларнинг бари менга бақрайган. Тўғри-да, семиз, бўрдоқи мол олмай, шунақасидан харид қилганини кўрса, исталган киши «Точна кришаси кетган экан!» деб ўйлайди. Ҳатто, менинг ўзим ҳам шундай, деб ўйлаган бўлардим. Буқачани кўтариб Самад тракторчининг тиркамасига юклаётганимда лапанглаганча Улбуви чеча ўтиб қолди.

Ҳаммасини кўрди. Бирам нашъа қилиб тиржайдики... Тиржайиши ўзига шунчалик ярашмаганки...

— Э ҳорманг, Баробар! Бир мол бозор айланибсиз-да? — деди бир менга, бир оёқда зўрға турган буқачага қараб. Қарашидан «Ҳа-а баттар бўл! Ҳолинг шу экан-ку, нима қилардинг чираниб?! Ихтиро-ихтиро деявериб томинг кетиб бўпти-ку?! Олтита темир ясаб бермаганинг учун ваппше кетиб қолсин, менга деса!» қабилидаги гаплар анқиб турарди.

— Ҳа, шу, бир айланиб тушувдик бозорга... — дедим мен ҳам овсарга ўхшаб кўринишга ҳаракат қилиб. — Манави жониворга ишқим тушиб қолса денг, шартта олдим-қўйдим.

— Агар сир бўлмаса неча пулга олдингиз? — сўради чеча кўм кўк кўзлари чақнаб.

Тавба, ҳамма аёлларни фақат пул қизиқтиради-я?! Яна ҳамма нарсага ўлгудай қизиқувчан бўлишади.

— Йигирма беш мингга олдим, чеча!

— Шуни-я? Йигирма беш мингга-я? — ҳайрон бўлиб сўради.

— Нима, қиммат олибманми?

— Мен ёки амакингиз бунга ўн мингдан кўп бермасдик. Сотган одам сизни чув тушириб кетибди-ку?! Ҳеч замонда шу ўлакса, рамақи молниям йигирма беш мингга оладими? Эрта-индин ўламан, деб турибди-ку? — деди чеча. Шундай деяпти-ю, айтган гапларидан роса ҳузур қилаётгани билиниб турибди.

Тушундим. Бугуноқ Тенглашнинг эрта-индин ўладиган буқачани жуда қимматга олгани қишлоққа маълум бўлади. Дарров Тўра амакимнинг маза қилиб устимдан кулаётгани кўз олдимга келди. Майли-да, кулаверсин! Жўжани эса кузда санаймиз.

Чеча мен билан хайрлашиб, бозор оралаб кетди, камина эса қишлоққа қайтдим. Олган молимдан хотиним ҳам бурнини жийирди.

— Вой ўлмасам! Бу нима қилганингиз, дадаси! Шунақаям мол оладими ҳеч замонда? — кўзлари ола-кула бўлиб.

— Вей, ишинг бўлмасин, тажриба учун олдим, билдинг! — дедим гапини шартта бўлиб.

— Неча пулга олдингиз?

Айтдим-ку, аёлларни фақат пули қизиқтиради деб!

— Атиги йигирма беш минг!

— Нима? Йигирма беш минг?! Вой, ўлай, бу пулга бир қоп ун беради-ку?! Вишший сортидан, — деди хотиним.

— Ҳўвв, бўлди қил! Тажрибага деяпман, тажрибага! Гапга тушунасанми-йўқми? — энди менинг аччиғим чиқа бошлади. Бу орада ҳалиги буқача ётиб олди. — Бирон нимани олиш учун олдин бериш керак, билдинг, қовоқкалла!

— Ана олган молингиз ўлишга тайёрланяпти. Ўзи шу керак эди сизга! — деди хотиним йиғламсираб.

Аслида менга ёки молга ачингани йўқ. Мен ёки мол билан неча пуллик иши бор? Сарфланган пулга ичи ачияпти, пулга. Айтган гапи ёки фикрини кучайтириш ва тасдиқлаш учун «бир қоп вишший сорт ун беради бу пулга» деди ҳам. Нима бўпти, одатдаги гап!

Кечқурун уйга Тўра амаким яна теша сўраб келди. «Олган моли ва ғирт овсарлигини бир кўриб, маза қилай, деб кептилар-да!» ўйладим ичимда. Кейин мол борасида анча гапирди.

— Шунақаям содда-гўл бўладими одам дегани?! Ёш бола бўлмасанг?! Сенга йўл-йўриқни амакинг кўрсатмаса, ким кўрсатади, ахир? — деди ўзича куюнчаклик билан. — Мендаям шунақа эрта-индин ўладиган бир буқача бор, сўрашса, ўн мингга ҳам берворардим.

Қитмирлигим қўзиди.

— Ўша буқачангизни менга ўн мингга сотинг бўлмаса!

— Ий? Уни бошингга урасанми? Яна ҳазил қилади-я, бу бола!

— Йўқ, сираям ҳазил қилганим йўқ. Ҳозир уйдан ўн минг олиб чиқаман, сиз ўша буқачани олиб келинг, бўладими?

— Майлику-я, аммо озроқ қўшасан-да! Ўн минг, деб шунчаки айтувдим-қўювдим, олишингни қаёқдан билибман? — бирдан амаким ўзгарди-қолди.

Ҳайрон бўлманг, бунақа одамлар ҳаётда жуда кўп, истаганча топасиз. Аммо оғзингиз очилиб қолади, тўғрими? Бети қалинларгаям ўрганиш керак чамаси...

— Ҳозиргина ўн мингга берворардим, деб катта кетаётгандингиз-ку?! — бўш келмадим мен ҳам.

— Энди бу... ҳалиги... шунақа гапирилади-да! Кел, шунга яна беш қўш!

Ана сизга каминага йўл-йўриқ кўрсатадиган, молини ўн мингга берворишга тайёр одамнинг иши. Ана сизга нархини тушириш ўрнига, кўтариш йўлини қилаётган одамнинг гапи.

— Бўпти, буқачани етаклаб олиб келаверинг, ўн беш мингни тайёрлаб тураман, — дедим бўш келмай.

— Ий? Ҳа... ҳалиги... Тунов куни Турди қассобга ўттизга бермагандим, қизил қашқа буқачани. Бўпти, сен ўзимникисан, йигирма беш минг, бор барака, ана!

Ана сизга яна бир марта «...ўн мингга ҳам берворардим» деб катта кетган кишининг гапи. Майли, бунисига эътибор бермаймиз. Қайтанга бу мен учун яхшигина ақлий машқ бўляпти.

— Бўпти, йигирма беш минг! Бошқа бир сўм ҳам қўшмайман! Олиб келинг буқачани, пулини тайёрлаб тураман.

— Ий? Тенглаш, мен ҳазиллашаётганим йўқ, буни савдолашиш, лафз деб қўйибди. Ҳалиям ўйлаб кўр! Балки яна беш қўшарсан?

— Бошқа бир тийин ҳам қўшмайман! Рози бўлсангиз бўлинг, бўлмаса, ишларим кўп эди.

— Бўпти, бор барака! Унда қизил қашқа буқачани олиб келгани кетдим.

Тешаям эсдан чиқди. Опкетмаганиям яхши бўлди. Қайтариб беришини яна тўрт ой кутармидик. Амаким дарвозахонадан чиқиб бораётганда айвонда жимгина гапларимизни эшитиб ўтирган хотиним менга қарата бармоғини чаккасига тираб, бир-икки марта у ёқ-буёққа айлантирди. Биламан, бу «икки қоп вишший сорт ун» дегани.

— Сабр қилиб тур, ойиси, сабр! Йиғлама-е! Ҳиқиллама дедим!

Бу орада Тўра амаким ва Улбуви чеча иккови буқачани ғалтакка солиб олиб келишди. Ўзи юролмаган, шекилли, жонивор. Сиз ҳам «ғирт тўнка экан-ку бу?!» деяётган бўлсангиз керак. Сиз ҳам озгина сабр қилиб туринг, сабр. Хуллас, қизил қашқа буқачани ҳам қорасининг ёнига ётқизиб қўйдик. Пулни амакимга узатдим. Битталаб олдин ўзи, кейин Улбуви чеча санаб кўришди.

— Энди гап бундай амаки, Улбуви чеча! Ойиси, сен ҳам бу ёққа кел. Мен сизлардан йигирма беш мингга эрта-индин ўладиган буқача сотиб олдим, тўғрими? — дедим.

— Жа унчалик эрта-индин ўладиган мол эмас! — қизариб кетди сап-сариқ Улбуви чеча. Қип-қизил юзда иккита кўм кўк кўз бақрайиб турса, жуда ғалати кўринаркан.

— Бўпти, шундай бўлди! Биз берган пулингга розимиз, иним, энди сен ҳам олган молингга рози бўл! — деди Тўра амаким менинг гўллигимдан маза қилиб.

— Мен розиман! Демак, икки томон ҳам рози, бўпти, савдо пишди, энди баракасини беринг амаки! Демак, лафз! Менда бошқа ҳаққингиз қолмади-я?

— Ҳаққимиз қолмади, лафз қилдик! — дейишди эр-хотин бараварига.

Бўлмасам-чи, теп-текис жойда йигирма беш минг чўнтакка кириб туради-ю, «Лафз қилдик!» дейишмайдими?

Тўра амаким билан Улбуви чеча пулни олгач, дингиллаб, йўғ-э, ёш қўзичоқлардай ўйноқлаб, диконглаб дарвозахонадан чиқиб кетишди.

Тенглаш улар учун ғирт овсар ва гўл! Майли, нимаям дердик. Содда ва гўл бўла қолай!

Хуллас, орадан бир ой ўтди. Бутун қишлоқ каминанинг аҳмоқлиги ҳақида гапирарди. Ҳатто, хотиним ҳам йиғинларга бормай қўйди, фарзандларим ҳам мендан хафа. Тўғриси, ўзим ҳам буни кўтариш шунчалик қийин бўлади, деб сира ўйламагандим. Ижтимоий фикр, айниқса, у салбий бўлса, жуда ёмон экан. Опам, поччам, укалариму сингилларимнинг бари уйга келиб, мен ҳақимдаги фикрларини айтиб кетишди. Айтишмади, балки юмма талашди. Хотиним яна йиғлади. Унга раҳмим келди. Мендай эрга чидаб юрганигаям раҳмат унга! Аммо оғилхонада икки буқани боқмоқда эдим. Ишқилиб, ўхшасин-да! Лекин оғилхонага ҳеч кимни яқин йўлатмадим.

Ўхшади!!!

Бир ойдан сўнг хотинимни оғилхонага олиб кирдим, тўғри маънода, албатта. Оғилда эса ҳар бири салкам 800 килограмм тош босадиган ҳўкизлар пишқириб, йилтиллаб турарди. Ҳа, бу ўша эрта-индин ўладиган «икки қоп вишший сорт ун»нинг пулига келган буқачалар эди. Хотинимнинг оғзи очилиб, кўзлари чақчайиб кетди.

— Ҳўвв, оғзингни ёп! Кўзларингни чақчайтирма! Эсингни йиғ-э! Ҳўвв! — дедим жойида қотиб қолган хотинимни туртиб.

— А? Вой! Ҳа-я! Булар ҳалиги икки буқачаларми? — сўради бир менга, бир ҳўкизларга қараб.

— Худди ўзи. Нима кўрмаяпсанми? Эртага бозорга олиб тушаман, Самад тракторчи билан келишиб қўйдим.

Бозор зўр бўлди. Икки ҳўкизни нақ йигирма беш миллионга сотдим. Бир ой олдин ҳамма устимдан кулганди, бу сафар атрофга виқор билан кўз ташладим, ҳасад билан боқишяпти. Бирортасининг кўзида ҳавас кўрмасам-а?! Савдо пишай, деб турганида аллақаердан Тўра амаким пайдо бўлиб қолди. Ҳаммасини кўрди, эшитди. «Эрта-индин ўладиган» қизил қашқа буқачасини ҳам таниди, албатта. Ичидан роса қиринди ўтса керак энди...

Лекин тилини тишлайди, негаки, лафз қилган!

Бунинг менга қизиғи йўқ. Чунки ҳеч кимни алдаган ёки ҳеч кимга фириб берган эмасман. Ҳаммаси ҳалоллик билан бўлган. Мана кўрасиз, бир пасда туғишганларим ҳам эшитади. Хуллас, ҳўкизларнинг пули катта ўғлимни уйлантиришга бемалол етади. Қайтишда яна иккита «эрта-индин ўладиган» (бу сафар йигирма мингдан) буқача ва яна иккита фақат терисининг ўзи қолган қўзичоқ сотиб олдим.

«Так, биринчи режани амалга оширдим. Энди томорқага киришиш керак» ўйладим уйга келгач. Хотинимнинг пилдирашини кўрсангиз эди.

— Дадаси, биласизми, бошида сиздан роса жаҳлим чиққанди. Энди уйга ўлик мол кўтариб келсангиз ҳам пинагим бузилмайди. Қўлингиздан кўп иш келади, сизга тўла-тўкис ишондим энди, — деди.

— Вой хомкалла-ей! Ҳали сен ҳам мени овсар, ғирт думбул тентакка чиқарганмидинг? Бошқа-ку, майли, аммо сендан сира кутмагандим буни! — ўпкаладим ундан жўрттага. — Роса хафа қилдинг мени!

— Бўлди, дадаси, узр сўрадим-ку?! Қўйинг энди, мени қийнашни! Кечиринг!

— Ҳа, бўпти, бошқа қайтарилмасин! — дедим сал жаҳлимдан тушгандай бўлиб. — Энди сен билан томорқада бир оз тер тўкишимизга тўғри келади, ўйлаб қўйган режам бор, тушундингми?

— Бўпти! Биз тайёр-да!

Оҳо, гижинглаб гапиришини қаранг! «Энди бемалол тўй-ҳашамларга, хотин-халажларнинг йиғинига боравераман», деб ўйлаган бўлса керак. Ишни эр дўндиради-ю, хотини иягини осмондан қилиб кеккаяди! Аёлларнинг шу одати қолмас экан-да?!

Ўша куни опам билан поччам келди. Хотиним билан беда уруғи сепаётгандик. Тушундим. Янгилик тарқалиб бўпти, аллақачон! Тўра амаким ҳеч кимга «чурқ» этмаган...

Анча ўтиришди. Суҳбат асносида икковининг ҳам ҳар икки кунда Бектўпи, Абу-Сахий ва Ипподромга қатнаб, товар олиб келавериш жонига теккани ва йўл эзиб ташлаганини билиб олдим.

— Э-э, роса эзилиб кетдик поччанг билан. Энди тинчгина уйда уч-тўртта мол боқиб кўрсакмикан, дегандик. Шунга олдингга маслаҳатга келувдик, — деди опам секин қармоқ ташлаб.

Ўҳў! Иштаҳалари чакки эмас-ку?! Яна артистлик! Аммо иккита эрта-индин ўладиган буқа учун қарзга пул сўраб борганимда мингта баҳона тўқилганди-ку?! Ойлигимгача кутишга тўғри келганди кейин. Яхшиям беришмагани. Қайтанга ўзлари менга ёрдам қилиб юборишган бўлиб чиқяпти бу ёғи. Агар беришганида борми, ҳозир қутула олмасдим-да?!

Ҳали ҳеч нима тайёр эмаслигини, иш бир ой ичида якунига етишини айтиб, бир амаллаб кузатдим.

Кечқурун шаҳарда турадиган укам телефон қилди. У ҳам ҳаммасини йиғиштириб, қишлоқда уч-тўртта мол боқиб тирикчилик қилсаммикан, деган гапни қилди. Шунга менинг ёрдамим керак эмиш (масала кундай равшан, янги ихтиромга шаъма қиляпти!) Томорқанг бўш ётибди, у-бу экиб фойдаланиб турсам майлими, деганимда олинадиган ҳосилнинг қанчаси ўзига тегишини сўраганди. «Бўпти, қанчасини сўрайсан?» деганимда «Ака, сиз ўзимникисиз, агар фифти-фифти бўлса, майли. Бўлмаса, шарт эмас. Буям бир бизнес-да!» деганди. «Фифти-фифти»си бу элликка-эллик, дегани. «Нега ўша ажриқ босиб, заранг бўлиб кетган томорқасини сўрадим-а?!» деб кейин ўзимни роса койидим.

Аммо бу гапга эътибор бермайман. Нима, унинг кўзига чўп суқармидим? Бу ёғи жигарчилик. Унга ҳам ҳали ҳеч нима тайёр эмаслигини, иш бир ой ичида якунига етишини айтдим.

Кейин кенжамиз уйга машинасида келди. Унинг ҳам ишқи мол боқишга тушибди. Кейин уч синглим навбати билан келиб кетишди. Уларнинг ҳам дарди шу. Кичиги яна қудаларига катта гапириб қўйганмиш, энди уни уларнинг олдида уялтириб қўймаслигим керак экан... Кўнглингнинг кўчаси-ей!..

Бошим қотди. Уларга қилаётган ишларининг нотўғрилигини қандай тушунтирса бўлади? Умуман, тушунтирган билан фойдаси бўлармикан? Қийин-ов?! Мана, сўнгги пайтларда буни шахсан ўзим кўряпман! Яна ўша гап: агар фойданг тегса хўп-хўп, борди-ю, нафинг тегмаса, сендан ёмон одам йўқ бу дунёда.

Ийй, шошма-чи?! Ҳа, бу чакки фикрмас! Яшавор, Тенглаш! Яша! Яшасин мен!..

Хотиним энди нима қиласиз, деб сўради. Унга ҳам қўнғироқ қилавериб, мени кўндиришга ундайвериб, роса безор қилишибди туғишганларим.

— Роса бошим қотди. Аммо уларга биттадан томорқани гуллатадиган, мўл-кўл ҳосил олишга ёрдам берадиган аппарат ясаб бераман. Бошқа чора йўқ, шекилли? — дедим. — Зора шунда тинч қўйишса!

Аммо бекорларнинг йигирма бештасини айтган эканман. Уларга ҳаммаси керак экан.

Уларни уйимизга йиғдим. Овқат еб бўлингунга қадар портлаб кетишай, дейишди туғишганларим. Ниҳоят, таомдан сўнг уларга дедим:

— Хуллас, сизларни уйимга йиққаним сабабини тушуниб турибсизлар, албатта. Бўпти, сизларга ғирт текинга биттадан томорқани гуллатадиган, мўл-кўл ҳосил олишга ёрдам берадиган аппарат ясаб бераман.

Уларнинг кўзларидаги жонланишни бир кўрсангиз эди. Ёқмай кетсин!

— У қуйидагича ишлайди: томорқага экилган картошканнинг ҳар тупи 100-120 килограммдан тугунак беради. Сабзи-пиёз, карам ва бошқа экинлардан дастурхонча келадиган жойдан мўл-кўл ҳосил оласиз. Бедани беш марта эмас, йигирма марта ўриб оласиз. Қисқаси, даромадингиз бир юз қирқ-бир юз етмиш фоизгача ўсади. Ўзим шахсан ҳисоблаб чиққанман. Қарабсизки, пулнинг тагида қолиб турибсиз-да! Нима дейсизлар?

Юз-кўзларида хурсандчилик аломатлари зоҳир бўлишини кутгандим. Қаёқда?

— Бор-йўғи шугина холосми? — деди Тўра амаким юзага келган тинчликни бузиб. — У ёқ-бу ёққа кўчирадигани билан мол семиртирадигани-чи?

Ўҳў! Иштаҳаларига ўт тушсин!

— Улар жуда қиммат туради. Ўтган сафар қурбингиз етмаслигини айтгансиз. Қисқаси, портация аппарати билан мол семиртирадиганини унутинг. Ё томорқани гуллатадиган, мўл-кўл ҳосил олишга ёрдам берадиган аппарат, ё ҳеч нима, танланг! — дедим шартта гапни кесиб.

Жуда қийналиб-қийналиб рози бўлишди.

— Аммо бир шарти бор: мени бутунлай тинч қўясиз! Бошқа ҳеч нима сўрамайсиз!

Яна жуда қийналиб-қийналиб рози бўлишди.

Оҳ, нақадар енгил тортдим-а! Лекин туғишганларимга ишониб бўларканми. Уларнинг жонини койитмай, кўп нарсага эга бўлгиси келишини эса жуда яхши билиб олдингиз.

— Демак, бир ҳафтадан сўнг аппаратни олиб кетгани биттадан касалманд, ориқ қўй етаклаб келаверасизлар, гапим тамом! — дедим.

Туғишганларим «биттадан касалманд, ориқ қўй» деган гапни эшитишганда бир қалқиб тушишди. Буни кўрмай, сезмай бўларканми? Энди Тўра амакимга ўхшаб, улар ҳам сотишга ҳаракат қилишлари аниқ. Тавба, ўзлари текин олармишу менга пулга сотишармиш. Э, бекорларнинг ўттиз бештасини айтибсиз!

Маза қилганидан, бахтиёрлигидан хотинимнинг кўзлари чақнарди. Бирга яшайвериб-яшайвериб, шунақа бўп кетаркан эр-хотин дегани. Бир-бирини ярим «оборот»дан тушуниб оладиган бўлиб... Ишқилиб, кулиб юбормасин-да!..

Меҳмонлар кетишди.

...Яна айвондаги чорпояда хотин иккимиз қолдик. Бир пайт ишшая бошлади... Оббо!

Унга қараб ўқрайдим!

Хотиним шартта икки қўли билан оғзини ёпди...

Нурпўлат НУРҚУЛОВ.

 (давоми бор)

Ҳикоянинг бошини бу ерда ўқишингиз мумкин.
Ҳикоянинг иккинчи қисми бу ерда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech