15 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21 °C

Бўш вақтда
23 Фев  2019 2127

Ихтирочи

 (Ҳажвий ҳикоя)

Камина олий маълумотли физикман. Мактаб партасиданоқ физика ва математикага қизиқишим жуда кучли эди. Бошқаларидан кўра шу икки фанни кўпроқ яхши кўрардим, ўзлаштиришим ҳам «даҳшат» бўлган. Келажакда ихтирочи бўлиш энг катта орзуим эди. Ажойибу ғаройиб ихтиролар қилсам, дердим. Кейин яна бир яхши кўрган машғулотим бор эди (ҳалиям бор, «до конца» қоладиям) — хаёл суриш. Хаёлга берилиб кетаверганимдан мактабда ўқитувчилардан, университетда домлалардан кўп дакки эшитганман. Ҳаётдаям эшитяпман... Уйланаётганимда хотиним ҳам: «Тўғри, Тенглаш аканинг ўзи ёмон йигит эмас. Аммо хаёлпарастлиги бор-да?!.» деб андак оёқ тираган ҳам экан.

Тавба, ўзидан хабари йўқ! Гап унча-мунчага етиб бормайдиган сал анқовроқ эди. Майли, бола-чақали бўлганимиздан сўнг анқовлиги кетар, деб ўйлагандим. Бироқ адашган эканман, меровлиги кучайса-кучайдики, қолмади. Лекин каминада ҳам хаёлпарастлик кучайди-да!..

Кундузи мактабга ишга бориб келгач, кечалари мижжа қоқмай, хотинимнинг таъбири билан айтганда, алламбало тўртбурчагу учбурчак, ажи-бужи чизиқлар чизиб, болалар ўйнай олмайдиган ўйинчоқларни ясаб ўтирардим. Кечаси билан ухламагач, кундузи ишда худди устимдан асфальт текислайдиган машина ўтгандай, пачақланиб юрардим. Кечқурун эса яна ҳаммаси янгидан бошланарди...

Кейин мени хаёлпарастдан олиб, дангасага солишди...

Хуллас, бир пасда фарзандлар ҳам катта бўлди. Қизимизни узатдик, икки ўғлим ҳам бўй етиб қолди...

Дарвоқе, туғишганларим жуда аломат-да! Қилиқларини бир тушунасан, бир сира ақлинг етмайди. Бизникига келишсаям, гўёки бошқа мавзу қуриб кетгандай, нуқул мени танқид қилишади. Худди ўзлари бир ишни қотириб қўйгандай! Ўзининг яраси йиринглаб, лўқиллаб оғриқ бериб турган бўлсаям, менга шамоллаганимда иситмани қандай туширишни маслаҳат беришадими-ей?! Беланги бўла туриб, тиш оғриғимни қандай тузатиш кераклигини ўргатишадими-ей?! Ҳўвв, инсон, олдин ўзингни бил, дейдиган одам йўқ! Маслаҳатгўйлар... ўргатишни бирам яхши кўришадики... Фақат эшитадиган, «сайраётганларида» тушунса-тушунмаса бошини ирғаб турадиган киши топилса бас.

Бундан хотиним ва икки ўғлимнинг жаҳли чиқади, албатта, аммо ўзимга лом-мим дейишмайди. Буни англасам ҳам, ўзимни сезмаганга оламан. «Жўжани кузда санаймиз! Мен оптимист бўлишим керак!» деб қўяман ўзимга ўзим.

Айтишларича, ғирт дангаса эмишман! Бунақасини етти иқлимдан ҳам қидириб топиб бўлмасмиш! Етти иқлимни бошига урадими, шундоқ қўшнимизникига чиқсин, кўради ҳақиқий дангасаларни. Қўшнимизнинг Бўлтак, Шойзоқ ва Тоғай исмли ўғилларини ғирт дангаса ва бекорчи деса бўлади. Туғишганларнинг кўзи эса фақат мени кўради, тавба!

Аммо ихтиро қилишни яхши кўрсам нима қилай? Сен яратган ихтиродан одамларнинг оғири енгил бўлса, чинакам бахт эмасми? Шундай дейман-да, яна ихтироларимга шўнғийман...

 Мундоқ ўйлаб кўрилса, ихтирочиларга ҳамиша қийин бўлган экан-да?! Энди тушундим негалигини. Сал бўшанглик қилсангиз, сиз яратган ихтиро яқин туғишганлар орасида талон-торож бўп кетиши ҳам ҳеч гап эмас экан. Гапимга ишонаверинг! Бунда бир нарса барибир тушунарсиз: улар нимагадир сиз не-не машаққатлар билан яратган нарсангизга дарров эга чиқмоқчи бўлади. Инсон омилими? Қайдам?! Негадир ҳаммаси ўз фойдасини кўзлайди. Агар фойдангиз тегса хўп-хўп, борди-ю, нафингиз тегмаса, уларнинг кўзига балодек кўринишингиз аниқ. Тавба, тер тўккан, машаққат чеккан киму эга чиқмоқчи бўлган ким?

Анча пайтдан бери бир ихтиро устида ишлаётгандим. Ниҳоят, ўхшади!.. Бирам хурсандман-эй! «Бўларкану, яшавор-эй! Иш дегани бунақа бўпти-да!» дейман ўзимга-ўзим. Жуда катта ихтирога қўл уриш ва уддалаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, тўғрими?

— Тенглаш, ўвв Тенглаш! Уйдамисан? Яна қоғозга кўмилиб ўтирган бўлсанг керак? Ундан кўра пиёзингни суғорсанг бўлмайдими, қара, қақраб кетибди. Тенглаш дейман!

Тўра амаким экан. Жуда қизиқ одам-да! Гапни ўйлаб ҳам ўтирмай, панқиллатиб «отади». Шу одати туфайли нуқул одамлар билан жанжаллашиб юради. Кўп марта уялиб ҳам қолган. Аммо сира тузалмайди.

— Ассалому алайкум, амаки! Келинг! — дедим ичкаридан чиқа туриб.

— Ҳа, ишёқмас! — алик ҳам олмасдан амаким, — яна қоғоз титкилаяпсанми? Ундан кўра, бирорта фойдаси тегадиган иш қилсанг бўлмайдими? Қачон қарама бир пуллик фойдаси йўқ ишларни қилиб юрасан. Ҳа, айтганча, сизларникида теша кўргандай бўлувдим, шуни сўраб чиққандим.

— Ана, михда илиниб турибди.

— Ҳмм, бўпти, намунча пишган калладай тиржаяяпсан?

— Суюнчи беринг амаки, ишим ўхшади, ҳа ўхшади! Зўр бир ихтиро қилдим! — дедим қувончим ичимга сиғмай, — портация аппаратини!

— Унинг нима дегани? Бирор каромат кўрсатадими?

— Кўрсатганда қандай! Эҳ-ҳе!.. Бу бир жойдан иккинчи жойга зумда элтадиган матоҳ.

— Самолётга ўхшайдиганми?

— Йўқ, ундан ҳам зўри! — дедим илҳомланиб. Негадир ихтироим мазмуни ҳақида амакимга сўзлаб бергим келарди. Биламан, барибир тушунмайди. Аммо ўзим негадир «сайраш»дан тўхтолмай қолдим.

— Мана қаранг, дейлик кимдир Парижда ишлайди. Тугмачани босасиз-да, дарвоза эшигини очиб ташқарига чиқасиз ва бир-икки сония ичида тўппа-тўғри Париждаги ишингиз эшигидан кириб турибсиз-да! Қайтишда яна тугмачани босасиз ва тўппа-тўғри дарвозангиз эшигидан ҳовлингизга кириб келяпсиз-да! Зўра-а?!

— Тавба шунақасиям бўларканми? «Любой» жойга «бир... икки» деганча олиб бориб қўяди дейсанми?

— Ҳа-да! Яна сув текинга, — дедим бундан ҳам тўлқинланиб. Хуллас, унга ихтирони исталган соҳада ишлатиш мумкинлигини ва барча қулайликлари ҳақида анча гапирдим. Амаким гарчи ҳеч нимани тушунмаётган бўлса-да, бош ирғаб сабр билан мени охиригача эшитди. Шу жойда «...тушунмаётган бўлса-да...» иборасини сал нотўғрироқ ишлатдим, шекилли. Ундан олдинги «...яна сув текинга» деган иборани эшитган амаким бир қалқиб қўйди. Текин деса, ўзини томдан ташлайди амаким. Даромад келаверса-ю, ўзи умуман чиқим қилмаса.

— Агар шу портасса аппаратингди ишлатса, хориждаги икки ўғлим ҳам уйдан қатнаб ишласа бўлайкан-да?

— Портасса аппарат эмас, портация аппарати! Бўлмасам-чи, бўлганда қандай. Фақат озгина чала иши қолди, қоғозларини тартибга келтирсам бўлди. Аммо аппаратнинг тажриба нусхаси ишлаяпти.

— Менга қара, энди гап  бундай! Ана шу аппаратингдан менга олтита ясаб берасан. Сизларга қанчалик меҳнатим, меҳрим сингганини биласан-а? Ўзим емасам ҳам сизларга илинганман, гап тамом, олтита ясаб берасан!

— Биринчидан, олтитани нима қиласиз? Иккинчидан, бу жуда қиммат турадиган аппарат бўлади.

— Биттаси менга, иккинчиси, янгангга — бозор-ўчарга бориб-келиши учун, учинчиси, Самарқандда ўқийдиган кенжамиз Нортойга, тўртинчиси, Каттақўрғонда ўқийдиган қизим Мунирага, қолган иккитаси хорижга ишлагани кетган икки ўғлимга-да! Нега қиммат турадиган аппарат, дейсан? Одам дегани амакисига ҳам пулга сотадими, уял-э! Раҳматли отанг жуда қўли очиқ одам эди. Ҳеч бўлмаса сен, отангга ўхшасанг қайтарди...

Унга тушунтиришга роса уриндим, қани фойдаси бўлса. «Текинга олтита дедимми, олтита ясаб берасан!» деб туриб олди. Охирида мен:

— Бўпти, кўрамиз. Аммо олдиндан ваъда бермайман. Синовлардан яхши ўтса, ўйлаб кўраман. Фақат илтимос, бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этиб оғиз очманг. Иш  ҳали охиригача етгани йўқ, — дедим.

Кейин бирданига амакимга «ёрилганимга» пушаймон қила бошладим. Аммо буниси ҳолва экан.

— Ўлибманми, бировга гапириб?! — деди амаким ва тешани олганча чиқиб кетди...

Орадан ярим соат ўтмай, савдо билан шуғулланадиган опам кириб келди. Кун иссиқ, терлаб-пишиб кетган. Саломлашдик, кейин опам мақсадга кўчди.

— Эшитишимча, бир аппарат ясаганмишсан? Шу аппаратингдан менгям олтита ясаб берасан. Бектўпи, Абу-Сахий ва Ипподромдан товар олиб келамиз, деб йўлда эзилиб кетдик-ку, поччанг билан. Аввало, йўл азоби — гўр азоби, кейин йўлкира ҳам роса чақиб ташлади. Агар ясаб берсанг, битта импортний кўйлак биздан, — деди.

Тушундим, Тўра амаким ҳеч кимга «чурқ» этмаган...

Сал эътироз билдиргандим, опам бизга кўп яхшилик қилганини пеш қилиб, йиғлай бошлади. Қани тушунтира олсам. Нима яхшилик қилганини эса ҳеч эслолмасам, денг. Катта ўғлимнинг контракти учун озроқ қарз сўраганимда «Вой, сал эртароқ айтсанг бўлмасмиди, бор пулимга товар олиб келиб қўйгандим-а!» деганими?

Хуллас, менга текинга олтита аппарат ясаб беришимни тайинлай-тайинлай уйига кетди. Аслида актриса бўлиши керак эди опам. Уввос солиб йиғлаб турган жойида бирдан шарақлаб кулиб юборишни унча-мунча актёр ҳам эплолмаса керак. Тўғри, мен ҳам «ваъда бермайман, олдин синовдан ўтсин-чи?!» дея мужмал жавоб қайтардим. Аммо опам бунга кўнармиди.

Эсон тракторчиникида бугун тўй. Кийиниб, уйдан чиқаётганимда телефоним жиринглади. Самарқандда турадиган укам экан. Олдин жуда қуюқ сўрашди. Кейин мақсадга кўчиб, шаҳарда анча йилдан бери ижарада туришидан нолиб қолди.

— Ака биласиз, қишлоқда данғиллама уйим бор. Аммо Самарқандда ижарада яшаймиз. Топганимизнинг каттагина қисмини чақиб кетяпти. Анави аппаратингиздан бизгаям олтита ясаб берсангиз, укангиздаям қолиб кетмас. Жигарингизман ахир! Жигар жигарга қайишади. Кейин оилавий бўлиб, ишга, ўқишга, болалар боғчасига қишлоқдаги уйимиздан қатнармидик. Сизга уй олишимга ёрдам беринг, деяётганим йўқ-ку?! Олтитагина темир қутичанинг нимаси сизга «жалко»...

Оббо!

Шу гапларни уйига янгаси билан меҳмонга борганимизда қовоғини очмаган укам айтаяптими? Чойхонага, улфатларининг ёнига боришга сал кечикканидан тўмтайиб олганди ўшанда. Жаҳлим чиқди, албатта, лекин билдирмадим.

Аммо бир нарсани тушундим. Туғишганларимнинг бари бу гапдан аллақачон хабардор. Бир ота-онадан уч ўғил, тўрт қиз дунёга келганмиз... Кутайлик-чи?

Кутганимдай қолган уч синглим ва охирида кенжа укам ҳам уйимизга келди. Уларга ҳам олтитадан портал аппарати керак экан. Тавба, ҳаммаси бизга кўп яхшилик қилишганмиш, нуқул бизга меҳрибонлик кўрсатишармиш. Бекорларнинг бештасини айтибди. Бир сафар лотереяга пул ютганимда «...озроқ қарз бериб туринг, қўлимизга пул тушиши билан қайтарамиз», деб бор пулимни бўлишиб олиб кетишганди. Ўзимга ҳаммомда кийиб юрадиган шиппак ҳам ололмаганман. Орадан уч йил ўтиб, қиз чиқараётганимда пулга зориқиб қолдим. Сингилларимдан пулни қайтаришни сўраганимда роса уввос солиб йиғлаб беришганди. Укам «бераман ўша пулингизни! Еб кетаётганим йўқ-ку?! Опамларга пулни қайтар, деб зуғум қилибсиз. Бошқадан кутсам ҳам сиздан кутмагандим бу ишни!» деб роса хафа бўлганди.

Жаҳлим эса чиққандан чиқиб бормоқда. Бу ҳам етмагандек, кечқурун хотин «мумтоз ашула»сини бошлади. Эсимга келмаганини қаранг, бизгаям олтита портал аппарати керак экан. Катта ўғлимнинг гапи билан айтсак «энг навароченний»сидан...

Ҳали портал аппаратининг биттаси камида эллик-етмиш миллион туришини ҳеч қайсисига айтганим йўқ. Бир ҳисоби тўғри қилибман. Ўзимнинг туғишганларим майлику-я, ана шу ихтиро сабаб яқин ва бизга ниҳоятда меҳрибон қариндошларимиз жуда-жуда кўплигини ҳам билиб олдим. Тавба, қаердан чиқди булар. Ҳатто, яқинда томорқа суғоришда навбат талашиб, сен-менга бориб қолган қўшнимиз ҳам атрофимда пилдирай бошлаган. Унгаям камида олтита керак бўлса керак.

Миямга бир фикр келиб қолди. Барча туғишганларни туғилган куним баҳона уйга таклиф қилдим. Уларга ихтиронинг қулайликлари ҳақида яна тўлқинланиб гапирдим ва охирида:

— Дастлабки, хомаки ҳисоб-китобимга қараганда битта шундай аппарат камида эллик-етмиш миллионга тушаркан. Эллик миллиондан бўлгандаям олтитаси уч юз миллион бўларкан, — дедим. Бу гапни эшитиб, ҳар қайсисининг афт-ангори ўзгарди, ранги ўчди. Шунақа ўқрайиб қарашдики, менга. — Агар ҳар бирингиз олтитадан аппарат пулини йиғиб берсангиз, балки олтитадан портал аппаратига эга бўларсизлар... Мен ҳам синов-пиновга бериб ўтирмасдим! Маза қилиб ишлатаверардинглар.

Уй ичи узоқ вақт жим-жит бўлиб қолди. Ҳатто, ҳеч қачон чакаги тинмайдиган ўртанча синглим ҳам мум тишлаб олган.

— Шунча пулни қаердан топамиз сенга? — биринчи бўлиб тилга кирди Тўра амаким. — Энди ҳеч кимнинг қурби етмайдиган пулни сўраш учун ҳаммамизни тўпладингми? Сал уялсанг бўларди. Нима, устимиздан куляпсанми? Битта матоҳинг учта машинанинг пули бўлса, унда менга сира кераги йўқ. Бўпти, мен борай, тегирмончиникига буғдой олиб боришим керак эди.

— Тўхтанг, амаки, бир дақиқа! Агар шунча пул тополмасам, кашфиётим бу ёруғ дунёни кўрмайди ва кейин барча қоғозларимни ҳовли ўртасига чиқариб ёқишимга тўғри келади — дедим.

Шундан сўнг барчаси мендан ўпкалай бошлади. Ишонишган эмиш! Айримлари ҳатто, қудаларига ҳам катта кетиб қўйганмиш. Ҳойнаҳой, уларга олтитадан ваъда беришган бўлса керак? Мени олим эмас, балки овсарга чиқаришди.

Индамай эшитдим.

Барча қоғозларни ичкаридан олиб чиқиб ҳовли ўртасига тоғора ташладим-да, ишланмаларимни ғижимлаб ёқа бошладим. Бирортаси пинагини бузгани йўқ. Ёпирай, бунчалик тошбағирлик қаердан? Ҳаммаси жигар-жигар, сенга меҳрибонмиз дейишаётганди-ку?! О, туғишганларим-а?!

Фақат хотиним бир чеккада товуш чиқармай йиғларди. Олти йиллик қаттиқ машаққатимни фақат угина билади. Ихтироим эса дунё юзини кўриш у ёқда турсин, ҳатто, қариндошлару туғишганлар доирасидан ҳам чиқа олмади-я?! Уни ўлдиришди!..

Ҳамма кетди. Айвондаги чорпояда хотин иккимиз ўтирибмиз. Турмуш ўртоғим ҳиқ-ҳиқ йиғлаяпти.

— Чизмаларингизни бекор ёқдингиз-да, дадаси! Эсиз, шунча йиллик қаттиқ машаққатларингиз! Ҳаммасини увол қилдингиз-а?! Мана, олдин олим-олим деганлар энди бундан наф кўрмаслигини билгач, овсарга чиқаришди-қўйишди. Меҳнатингизга ичим ачияпти, дадаси, меҳнатингизга. Нега ундай қилдингиз?!

— Ҳиқиллама-е, овсар дейишгани билан овсар бўлиб қолмайман-ку?! Айтаверишмайдими? Ё сен ҳам мени овсарга чиқардингми? Ким айтди сенга чизмаларини ёқди, деб? Аммо энди уни такомиллаштираман ва биттасини дарвозахонамизга ўрнатиб қўяман. Кимки менинг ихтироимдан шахсий манфаати йўлида фойдаланмоқчи бўлиб уйимизга қадам ранжида қилса, эшигимиздан ичкарига қадам қўяди-ю, ўзининг уйига кириб қолаверади, қалай, зўрми?..

Хотиним бир муддат ҳиқиллаб турди-да, гап етиб боргач (унга сал кечроқ етиб боради ўзи), шартта тўхтади... ишшайди...

— Бўлди бу ёғига кулма! Жуда хунук куласан... кулма дедим!.. Шунақами?.. Ҳозир чизмаларимни олиб чиқаман!..

Хотиним шартта икки қўли билан оғзини ёпди...

(давоми бор)

Нурпўлат НУРҚУЛОВ.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech