16 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,8 °C

Спорт
2 Апр  2019 862

Илҳом Мўминжонов 50 миллион сўм жаримага тортилди ҳамда 5 йилга футболдан четлатилди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг 2019 йил 20 февралдаги  02/2019 сонли  йиғилиш қарорига асосан, ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармасига Наманганнинг “Навбаҳор-Лочинлари” ПФК клуби собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг келишилган ўйинларга алоқадорлиги юзасидан ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бориш юклатилганди.

 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармаси томонидан Илҳом Мўминжоновнинг фаолиятига қонуний баҳо бериш мақсадида у билан бирга фаолият олиб борган футболчилар ва расмий шахслар суҳбатга чақирилди ҳамда улар билан суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган маълумотлар натижасида йиғилган бир қатор  ҳужжат-далиллар кўриб чиқиш учун ЎФА Этика қўмитасига тақдим қилинди.

ЎФА Этика қўмитаси тақдим қилинган ҳужжат ва даллиларни ўрганиб чиқиб, 1 апрель куни ЎФА биносида якуний йиғилишини ўтказди, деб хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.

Йиғилишда “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг собиқ бош мураббийси Мўминжонов Илҳом 2017 йил мавсумида  келишилган ўйинларни ташкил қилиш, жумладан, ўйин натижасига таъсир қилиш мақсадида “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг бир қатор футболчиларини ўйинни сотишга ундагани учун 50 миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилди ҳамда 5 йил муддатга футболдаги ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.

Шунингдек, “Сурхон” ПФК техник директори  Шарипов Шерзод қўмитага ва ЎФАнинг расмий вакилларига ёлғон кўрсатма берганлиги учун, “Сурхон” ПФК жамоаси сардори Жабборов Дилшод Мўминжонов Илҳомга келишилган ўйинларни ташкил қилишга ёрдам берганлиги ва футболчиларни ўйинни сотишга ундагани, шунингдек, қўмитанинг ёзма ва оғзаки сўровларига эътибор бермай узрли сабабсиз қўмита йиғилишларига келмаганлиги учун 2019 йил футбол мавсуми охирига қадар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.

Йиғилишда футбол соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, мураббийлар ва футболчилар ким бўлишидан қатъи назар келгусида бундай ҳолатларни содир этадиган бўлса, белгиланган тартибда жазога тортилиши маълум қилинди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech