14 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +2,9 °C

Хавфсизлик
15 Окт  2019 341

ИИВ интернетдаги шикоят хатига муносабат билдирди

2019 йилнинг 12 октябрь куни интернет тармоғига жойлаштирилган “Ҳеч ким авария бўлай деб йўлга чиқмайди” сарлавҳали шикоят хати ўрганиб чиқилди, деб хабар беради ИИВ матбуот хизмати.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра, жорий йилнинг 8 сентябрь куни соат 14:30ларда шикоят муаллифи С.Юлдашев бошқарувидаги “Эпика” русумли автотранспорт воситаси Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Амир Темур кўчаси ҳамда “Шаҳрисабз-Қарши 4Р79” йўлларининг кесишган чорраҳасида светафорнинг қизил чироғига тўхтаб турган “Ласетти” русумли автомашинанинг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.

Ҳайдовчилар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 137-моддасида кўрсатилган талабни бузган ҳолда воқеа содир этилган жойдан кетиб қолишган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳодиса жойга юборилган йўл-патруль хизмати ходимлари қоидабузарларни тумандаги “Ўз” қишлоғи ҳудудида жойлашган автотаъмирлаш устахонасида бўлганликларини ҳамда юқорида кўрсатилган иккита автотранспорт воситаси техник шикастланган ҳолатда эканлигини аниқлаган.

Шундан сўнг ички ишлар органлари ходимлари томонидан тегишли тартибда текширув ишлари амалга оширилган. Ўз навбатида С.Юлдашев ўз хизмат бурчини бажараётган ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақоратлаб, жамиятда юриш-туриш қоидаларига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этган. С.Юлдашевнинг “мастлик ҳолати”да бўлганлиги Яккабоғ тумани наркология диспансерининг хулосаси билан тасдиқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Натижалари ўрнатилган тартибда йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиларига етказилади.

Айтиб ўтиш жоизки, Йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда ҳодиса содир этилган жойни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, уларни ҳақорат қилиш каби ҳаракатлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради, дейилади хабарда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech