19 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +36,6 °C

Мамлакатимизда
19 Июн  2019 571

Хотин-қизлар қўмитасига келган аёлларнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ воқеа юзасидан Миллий гвардия баёнот берди

Миллий гвардия Хотин-қизлар қўмитасига шикоят қилиб келган аёлларнинг Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан ҳибсга олинганлиги тўғрисидаги хабарга расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, 20 май куни соат тахминан 08:45 ларда фуқаролар Ташматова  Гулбаҳор Давранбековна, Хаитова Малика Абдураимжоновна, Акбарова Муҳаббат Ғаниевна, Каримбекова Гулбаҳор Рустамбековна ва Эргашева Хурсаной Холбоевналар Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар Қўмитаси биноси қаршисида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган махсус йўналишда тўпланиб, давлат раҳбарининг мазкур йўналишдан ҳаракатланишини билган ҳолда, махсус йўналишда ҳаракатланаётган кортеж йўлига чиқиб мурожаат қилмоқчи бўлганлар.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ушбу фуқароларга мазкур йўналиш бўйлаб тўпланиб туриш ва давлат раҳбарига бундай тарзда мурожаат қилиш мумкин эмаслигини, ўзларини қизиқтираётган саволлари билан тегишли тартибда мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириб, махсус йўналишдан четроқда туриш кераклигини айтганларида, юқорида исмлари қайд этилган фуқаролар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини ҳақорат қилиб, шовқин-сурон кўтаришиб, қонун доирасидаги талабларни бажаришдан бош тортиб, қаршилик кўрсатганларига қарамасдан махсус йўналиш учун жавобгар бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари белгиланган тартибни таъминлаганлар.

Юқорида номлари зикр этилган фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича суриштирувни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари ўтказган. Ўзларини “жабрланувчи” қилиб кўрсатаётган фуқароларга нисбатан Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув материаллари асосида Суд органи қонуний баҳо бериб, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари судларга берилган ваколатларга эга эмас.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоёзувлар ҳамда постларда акс этаётган асоссиз маълумотларга ишониб, давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига путур етказувчи, мажбуран юзага келаётган хатти-ҳаракатларингиз эса маълум бир кўринишдаги жавобгарликка олиб келади, дейилади баёнотда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech