08 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,6 °C

Кейинги авлод
16 Дек  2018 2382

Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик дарсларида ўқувчиларга нималар ўргатилмоқда

Ватанга бўлган муҳаббатни болаликдан сингдириб бориш лозимлиги ҳеч кимга сир эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги қарори билан тасдиқланган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси бу вазифани ҳал этишга хизмат қилади.

Мамлакатимизнинг тобора ривожланиб бориши кўп жиҳатдан ёш ўғил-қизларимизнинг мустақил ҳаётга қандай билимлар, дунёқараш ва маънавий қадриятлар билан йўл олишига боғлиқ. Уларни муносиб, жасур, мақсадга интилувчан ва ўз ҳаётий позициясига эга этиб ўстиришда ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси муҳим роль ўйнайди.

Ўқув йилининг бошиданоқ Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги 41-сонли, Ховос туманидаги 1-сонли, Гулистон туманидаги 27-сонли ва Гулистон шаҳридаги 16-сонли тўртта умумтаълим мактабларининг еттинчи синфларига ҳарбий иш ва чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўтила бошланди. Амалий ва назарий машғулотларда ўғил болаларга армия сафида хизматда асқотадиган кўникмалар, қизларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ўргатилмоқда.

Ҳудудда жойлашган ҳарбий қисмлар вакиллари ушбу муассасаларга тез-тез меҳмонга ташриф буюриб туришади. 41-сонли мактабда ўтган учрашув ҳам мазмунли ўтди. Ҳарбий қисм командирининг Маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Матхиддин Раҳимов раҳбарлигидаги Миллий гвардиянинг иккита бўлинмаси жуда кўп турдаги жанговар экспонатлар билан ташриф буюришди.

- Коллеж ва мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ўтказдик, - дейди М.Раҳимов. – Ўқувчилар учун вилоят марказида жойлашган қисмимизга экскурсия уюштиришни режалаштиряпмиз. Негаки, аскарларнинг кундалик ҳаёти ҳар бир ўқувчи ўғил бола учун қизиқ. Бу каби намунали машғулотлар сўзсиз, ҳарбий хизматга қизиқиш уйғотади, таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик даражасини оширишга ҳамда ёшларда ёт ғояларга нисбатан кучли иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу ўсиб келаётган ёш авлодга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамдир.

Гвардиячилар ўқувчиларга ўқув-жанговор экспонатларни: сапёрлар ва замонавий жангчининг қурол-аслаҳалари, гранаталар, тутун шашкалари, дурбин, тунги кўриш мосламаси, алоқа воситалари ва жойнинг заҳарланганини қандай аниқлаш усулини намойиш этдилар. Шундан сўнг ўқувчилар яккаолишувларда жанговор усулларни моҳирлик билан қўллаш, ҳимоя кийимидаги сапёрлар иши, фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби билан яқиндан танишдилар.

- Мустақилликка эришганимиздан сўнг мамлакатимизда жисмонан бақувват, маънавий бой ва интеллектуал салоҳияти юқори ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди мактаб директори Лолахон Бегимова. – Бу йил ота-оналарнинг ташаббуси билан мактабимизда ҳарбий йўналишдаги синфни очдик. Уларга мактабда ўқитиладиган фанлардан ташқари, мантиқ, сафда юриш тайёргарлиги ва жисмоний тарбия дарслари ўтилади. Бир нарсани унутмаслик лозим, тарбия, аввало, оилада берилади, сўнг мактаб, коллеж, олий таълим муассасалари ва ҳарбий хизматда давом этади.

Тўлқин Аҳмадалиев.

«Правда Востока»нинг ўз мухбири.

Сирдарё вилояти

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech