20 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,6 °C

Маданият
17 Дек  2018 1611

Фавқулодда қобилият соҳиби

Худди келажакни олдиндан билгандай қанақа воқеалар муаммога айланишини, қандай ҳаракатлар ривожланишга олиб келишини биринчи бўлиб пайқарди... 

 

1928 йил 12 декабрь қирғиз жамоат арбоби, ёзувчи, драматург, кўплаб адабий мукофотлар соҳиби Чингиз Айтматов таваллуд топган кун. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисда»ги қарори доирасида бутун мамлакат бўйлаб ушбу унутилмас сана билан боғлиқ тадбирлар уюштирилмоқда.  

Ёзувчини 1957 йилда чоп этилган «Жамила» асари бутун дунёга танитди, машҳур қилди. Асар жамоатчиликни шу қадар лол қолдирдики, ўқувчилар оламини биргина сўзи билан ўзгартириб юбора оладиган муаллиф ҳақидаги миш-мишлар лаҳзада бутун дунёга тарқалди. Таъкидлаш жоизки, ўша йилнинг ўзида Луи Арагоннинг шарофати билан асар француз тилида мутолаа қилина бошланди. Шундан сўнг асар бирин-кетин жаҳоннинг турли тилларига таржима қилинди.

Чингиз Тореқулович ижодининг ихлосмандлари қаторида ўзбекистонликлар олдинги сафда. Муаллиф мураккаб нарсаларни ҳам оддий тилда баён қила оларди ва ўқувчи худди эски қадрдони билан суҳбатлашаётгандек бўларди. Мавзуларни танлаганда эса доим ўта муҳим, ҳаётий, глобал мавзуларга эътибор қаратарди. Худди келажакни олдиндан билгандай қандай воқеалар кўламдор муаммога айланишини, қандай ҳаракатлар ривожланишга олиб келишини биринчи бўлиб пайқарди. Айтматовнинг фавқулодда қобилият соҳиби бўлгани ҳам айнан шу билан изоҳланса, не ажаб. Унинг асарлари ҳанузгача долзарблигини йўқотмаган.

- Кўз ўнгимизда тарих юзага келяпти, деб дадил айтиш мумкин: халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари тубдан янги поғонага кўтарилмоқда, - дейди шоир, хизмат кўрсатган маданият арбоби, Халқаро жамоатчилик академияси академиги, Қирғизистон Ёзувчилар миллий уюшмаси раиси ўринбосари Тинчтикбек Нурмамбетов. - Чингиз Тореқулович бу йўналишда улкан ишларни амалга оширди. Бутун умрини Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги маданий ва ижтимоий алоқаларни йўлга қўйишга бағишлади. Лекин ижодий мероси бизни янада яқинлаштиришини, ҳатто, адибнинг ўзи ҳам тасаввур қилмаган бўлса керак. Ўзбекистонда ёзувчининг 90 йиллик таваллуди қанчалик кенг нишонланаётгани гувоҳи бўлиб, халқларимиз бир-бирига қанчалик яқин экани, юртингизда Чингиз Айтматов нақадар юксак эъзозланишини англаб етдик.

Пойтахтимиздаги Ч. Айтматов номи қўйилган кўчада ёзувчи шарафига Айтматов барельефининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Чеҳрасида файзли табассум, қўлида китоб, елкасига костюм ташланган. Барельеф ижодкорлари тенгсиз, буюк образ яратишга интилмаган, шунчаки, барчага ўша ҳаётий, хотиржам ва ғайратли Чингиз Тореқуловични ҳадя этган.  

- Бу жуда муҳим лаҳза ва яратилган барельеф - бизнинг Чингиз Айтматовга нисбатан чуқур ва жиддий муносабатимизни, ҳурматимизни билдиради, - дейди шоир, таржимон, адабиётшунос, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Николай Ильин. - Ушбу санъат асарида нафақат ёзувчининг ташқи кўриниши, балки унинг улкан руҳи ва тафаккури ўз аксини топган. Бунда жаҳон адабиёти майдонига чиққан осиёлик буюк муаллифга бўлган муносабатимиз, меҳримиз, ҳурмат-эҳтиромимиз мужассам. Унинг ижодида буюк маданиятлар бирлашиб кетган. Унинг барельефи эса, шунчаки уни эслайдиган жой эмас, балки келгусида ихлосмандлари тўпланадиган ва хотира кечалари, театр томошалари ҳамда мутолаалар ўтказиладиган масканга айланиши, шубҳасиз.

Скиперлар – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид,  Миллатлараро муносабатлар ва бошқа мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси раҳбари Рустам Қурбонов, ёзувчи ҳамда шоирлар, Қирғизистон делегацияси аъзолари ва бошқалар, давлатимиз раҳбари қарори ижроси доирасида мамлакатимизда йил давомида Чингиз Айтматов хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказиб турилганини эътироф этишди. «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» китоби ва адибнинг бадиий асарлари тўплами чоп этилди, спектакллар қўйилди, доимий экспозициялар очилди. Энг асосийси, кўплаб ёш авлод вакиллари ўзлари учун Чингиз Айтматов ижодини кашф этди.

Олдинда ҳали Чингиз Тореқуловичнинг ижодини оммалаштиришга қаратилган кўплаб тадбирлар кутмоқда. Президентимизнинг қарори жараённи бошлаб берди ва у энди тўхтамаслиги керак.

Сабина Алимова.

Рашид Галиев олган сурат.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech