26 Январь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент -0,3 °C

Энергетика
9 Дек  2019 609

Электр ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш ягона ваколатли орган томонидан амалга оширилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига уланиш тартибини соддалаштириш ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ 2020 йил 1 январдан бошлаб истеъмолчиларга ўрнатилган электр ҳисоблагичларни метрология хизматлари қиёсловидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган этиб белгиланади. Қиёслов бўйича барча харажатларни эса электр таъминоти ташкилотлари ўз маблағлари ҳисобига қоплайди.

«Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш дирекцияси» МЧЖ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖининг филиалига айлантириш йўли билан қайта ташкил этилади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖ фаолиятини ташкил этиш учун уларнинг таркибидаги ташкилотлар томонидан ажратилаётган ажратмалар Солиқ кодексига мувофиқ солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган ҳисобга олиш асбобини қуйидаги ҳолларда қиёсловдан ўтказади:

- даврий қиёслашда;

- навбатдан ташқари қиёслашда;

- ўтказилганлигини тасдиқловчи пломбаси шикастланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда;

- эксперт қиёслашда.

Ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати ўн йилни ташкил қилади.

Ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати тугашидан камида бир ой олдин электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига хабарнома ёзма ёки электрон (электрон почта, мессенжер, смс ва бошқалар) кўринишда тақдим этилади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси томонидан қиёслашдан ўтказиш учун белгиланган режа асосида ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш учун электр таъминоти корхонаси томонидан ваколатли ходим юборилади.

Ваколатли ходим соат 8:00 дан 17:00 гача истеъмолчининг ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш ва ўрнатиш учун келиш ҳуқуқига эга.

Ҳисобга олиш асбоби ечиб олинганлиги ҳақида уч нусхада далолатнома тузилади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси электр таъминоти корхонасида ҳамда учинчи нусхаси метрология хизмати органига тақдим этилади.

Метрология хизмати органи томонидан ҳисобга олиш асбоби уч иш куни ичида қиёслашдан ўтказилади.

Ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, ҳисобга олиш ускунаси фойдаланишга яроқли деб топилади ва метрология хизмати томонидан ҳисобга олиш ускунасининг қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштирилади. Муҳокамалар 20 декабрга қадар давом этади.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech