20 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,7 °C

Мамлакатимизда
24 Мар  2019 540

Эгасиз жўнатилган жўнатмаларнинг эгаси топилди

Фуқаролар томонидан гўёки шахсий фойдаланиш деган ниқоб остида аслида эса тижорат мақсади учун кўзланган товарларни қонунга хилоф равишда почта жўнатмаларида божхона чегаралари орқали олиб ўтиш ҳолатлари учраб турибди.

Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ана шундай уринишлардан бирини фош қилишди, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси.

Туркиядан юборилган 14 та почта жўнатмаларини қарангки, уларда номи қайд қилинган шахслар ҳадеганда, олиб кетишга келаверишмайди. Мазкур жўнатмалардаги маълумотларни таҳлил қилиш давомида божхоначилар айрим шубҳали жиҳатларга ҳам дуч келишди.

Маълум бўлишича, почта жўнатмаларида исми-шарифи қайд этилган 14 нафар шахслар аслида реал ҳаётда умуман йўқ бўлиб, сохта “ишбилармон”ларнинг “бадиий тўқимаси” эканлиги аниқланди.

Аслида мазкур почта жўнатмаларининг асл эгаси курьерлик фирмасининг вакили фуқаро Р.И. бўлиб чиқди. Шу тариқа у салкам 480 дона кийим-кечаклар ҳамда 6 минг метр узунликдаги 40 тўп матоларни шахсий фойдаланиш учун ниқоби остида олиб киришга уринган экан. Режаси амалга ошмаган Р.И. жўнатмалар ўзига тегишли эканлиги, божхона тўловидан қочиш мақсадида ушбу товарларни тўқима исми шарифлар билан божхона декларацияси асосида юборганлигини маълум қилди.

Мазкур товарларнинг умумий қиймати 68,4 миллион сўмдан ошар экан.

Яна бир шундай ҳолатда хориждан келган 12 та курьерлик жўнатмаларининг барчасида рация қурилмалари юборилганлиги божхоначиларнинг диққатини тортди. Хориждан юборилган 70 дона мазкур қурилмалар 12 нафар фуқаролар номига юборилган бўлиб, улар ўзаро суҳбат давомида жўнатмаларда юборилган бошқа товарлар ўзларига тегишли эканлигини тасдиқлаб, аммо рацияларни ким ва нима мақсадда юборганлигини билишмаслигини маълум қилишган.

Кўриниб турибди-ки, уларни қабул қилувчи аслида битта шахс бўлиб, божхона ходимларини чалғитиш мақсадида турли шахслардан фойдаланган. Шу тариқа қонунбузарлар почта жўнатмалари орқали қиймати 35 миллион сўмлик рацияларни олиб киришга уринишган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech