19 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,8 °C

Фикр
22 Янв  2019 6519

Доктор, навбатсиз кирсам майлими ёки болани қандай эмлатганим ҳақида

Эрталаб гўдакни эмлатгани поликлиникага шошамиз. Ҳали соат саккиз бўлмасдан, навбат анча катталашиб кетибди. Аммо эмлатмаса ҳам бўлмайди-да! Шундай экан сабр билан навбатимиз келишини кутишдан ўзга чорамиз йўқ. Бунинг битта «лекин»и ҳам бор: терапевт қабулига бола кўтарган оналардан ташқари, аксирганда ёки йўталганда ҳаммавақт ҳам оғзини бекитавермайдиган бемор мижозлар ҳам ёзилган. Очиғи, кўнгилсиз муҳит. Безор бўлган болакайлар чинқиришга тушади, оналар уларни кўндиролмай асабийлашади, ёши улуғ кишилар чуқур-чуқур хўрсинади... Бир-бир баҳс-тортишувлар ҳам бўп қолади, навбатсиз кирмоқчи бўлганлар ҳамиша топилади. Хўш, бундай вазиятнинг оқибатлари қандай?

Болакай эмлашдан уч кун олдин ҳамда кейин касал кишилардан узоқроқ сақлаш кераклиги ҳақида узоқ ва тўхтовсиз гапириш мумкин. Улар факт ва далиллар билан мустаҳкамланмаса, унчалик ишончли бўлмайди ҳам. Ҳозир ҳам шунинг ҳаракатидамиз. Эмлаш куни бунақа одам кўп навбатлар нимага олиб келишини ҳаётий мисолда тушунтирмоқчиман. Болам уч ойлик бўлганда режали эмлашга келдик. Йўталаётган ва аксираётган мижозлардан узоқроқ турганим барибир ёрдам бермади. Хуллас, гўдакни эмлатгач, уйга равона бўлдим. Биринчи куниёқ гўдакнинг иссиғи 38 даражага чиқиб кетди. Аммо бу кутилганди, ортиқча ваҳима қилмай, иссиғини тушириш чораларини қилдик.

Эртаси куни вазият такрорланиб, гўдак кечагидан ҳам кучлироқ иситмалади. Шифокор айтган: «Эмлагандан сўнг уч кун давомида иссиғи чиқиши мумкин» деб, яна иссиғини туширдик. Учинчи куни болакайнинг иссиғи 39 даражадан ҳам ошиб кетди. Мажбур бўлиб «Тез ёрдам» чақирдик ва уни эмлатганимизни айтдик. Мутахассис ҳам шунақа бўлиб туришини ва иситмани туширишда давом этишни айтди. Бироқ тўртинчи куни гўдак ҳар сафаргидан ҳам кучлироқ «ёна бошлади». Терапевтга югурдик, у ҳарорат ўлчагичнинг 40 етиб қолганини кўриб, боланинг баданига спирт суртди, антибиотиклар ёзиб берди.

Муқобил вариант сифатида хусусий клиникага йўл олдик. Давлат поликлиникаларидан фарқли ўлароқ, уларда керакли мутахассис, яъни терапевт эмас, педиатр шифокорлар бор. Ҳақиқат биз ўйлаганимиздан ҳам кўра яқинроқ бўлиб чиқди. Эмлаш куни болакай касал беморлардан вирус юқтирган экан. Хайриятки, оқибати хайрли бўлди. Тиришиш, қалтироқ тутиши содир бўлмади. Аммо кўпгина ҳолларда гўдакнинг иссиғи 39 дан ошса, уларда тиришиш, қалтироқ, кўзларининг ола-була бўлиши кузатилади. Оналарга бундай вазиятда қандай йўл тутишни эса ҳеч ким ўргатмайди.

Қолган эмлашларни эса вакцинация марказларида олишга қарор қилдик. Бу ерда болакайлар иммун тизимини қандай кучайтиришлари ҳақида сўзласак. Аввало, жуда катта навбат йўқ. Педиатр гўдакни синчиклаб текширади. Кейин боланинг иссиғини ўлчайди, давлат поликлиникаларида бундай қилишмайди. Негаки, улар ихтиёрида симобли ҳарорат ўлчагичлар бор. Агар ҳар бир мижознинг ҳарорати текшириб кўрилса, бунга анча вақт кетади. Педиатр болакай томоғини бир марта фойдаланиладиган шпатель билан кўради, аммо яна ўша давлат поликлиникасида ҳам шундай деб бўлмайди. Вакцинани киритишдан, эмлашдан олдин тиббий ҳамшира, албатта, у билан ота-онани таништиради.

Поликлиникага бир марта мурожаат қилганимиз камлик қилди чамаси, натижани мустаҳкамлаш учун яна бир марта боришга қарор қилдик. КПКга режадан ташқари эмлашаётган экан. Уни оилавий поликлиникада олишга қарор қилдик. Яна ўша навбатлар, яна гўдаклар ёши катта касал мижозлар орасида... Аммо бу сафар омадимиз келди. Ёноқдаги қизарган шубҳали доғ учун эмлашни кейинроққа суришди. Лекин навбатда туриб қолганимиз ўз сўзини айтди барибир. Яна иситмалаш, ҳарорат ўлчагич кўрсаткичи 39 даражага етай деб қолган. Агар ўша куни бола эмланганида нималар бўлишини ҳатто, тасаввур қилиш қийин. Албатта, бунда Вакцинация марказлари жуда яхши муқобил. У ерда катта навбатларни кўрмайсиз, бироқ буни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермаса нима қилиш керак? Бунда қандай ҳолат юзага келади? Айрим оналар боласини эмлатишдан бутунлай бош тортади, шифокорлар эса бонг ура бошлайди. Бунга ким айбдор ёки нима қилиш керак?

Баъзи оналар бу саволларга қуйидагича жавоб берди:

Эльвира С. (бир ёшли Артёмнинг онаси):

- Исталган она эмлашнинг жуда зарур эканини яхши тушунади, деб ўйлайман. Ахир, айнан оммавий эмлашлар сабаб, бундан 50 йиллар муқаддам жуда кам сонлиларгина омон қолган касалликларга ота-оналар дуч келишмайди. Бунга ҳаммаси инобатга олиниб, ёндашилишини истардик, яъни эмланадиган гўдак ёнида касал мижоз пайдо бўлиши олди олинган ҳолда.

Марина К. (уч ёшли Каринанинг онаси):

Оиламизда эмлаш керакми-йўқми, деган савол умуман бўлмаган. Биз сўзсиз, эмлаш тарафдоримиз. Бунда мураккаб ҳолатлар жуда кўп. Катта ва чўзилиб кетган навбатда туришга ҳамманинг ҳам тоқати етавермайди. Менга эмлаш куни ота-оналардан ҳам шифокорларга оғир бўладигандек туюлади. Ахир, уларнинг бир вақтда эмланадиган гўдак ва ёши катта касалларни ҳам кўрикдан ўтказишлари керак бўлади.  Одамлар кўп, касалликлари ҳам турлича, масалан, ОРВИдан шикоят қилиб келган ёши катта мижоздан эмлашдан олдин синчиклаб текширилиши керак бўлган гўдакка эътибор қаратиш оғирлигини яхши тушунаман. Эҳтимол, амалиётга педиатрларни қайтариш керакдир.

Тўғри, эмлаш куни гўдакни максимал даражада ҳимоялашни таъминлаш масаласига бирданига жавоб бериш қийин. Негаки, вирусни нафақат поликлиникада навбат кутиб, балки кўчада ҳам юқтириб олиш мумкин. Педиатрларни поликлиникаларга қайтариш эса ўйлаб кўрса бўладиган масала. Чунки эшик ортида катта навбат ҳосил бўлганда, тиббий кўрикнинг сифатли бўлишига умид қилишгина мумкин, холос.

Оксана Малосабирова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech